Мақолалар

Унинг олдида ўтирардилар, у эса кўрмасди

Чоп этилди May 17, 2019 Унинг олдида ўтирардилар, у эса кўрмасдиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг қизлари Асмо (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади:

«Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)!” (Масад сураси, 1-оят) ояти нозил бўлганда, ғилай Умму Жамил қўлида тош кўтариб бақир-чақир қилиб кириб келди ва: “Ёмонлиги учун юз ўгирдик, динидан ғазабландик ва амрларига осий бўлдик”, деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ерда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан бирга ўтиргандилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “У келганида сизни кўриб қолишидан қўрқдим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У мени ҳаргиз кўра олмасди”, деб қуйидаги оятни ўқидилар: (Эй Муҳаммад!) Cиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз Сиз билан охиратга ишонмайдиганлар ўртасига кўринмас парда тортиб қўюрмиз” (Исро сураси, 45-оят).

У келиб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрмасдан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларида тўхтади ва “Эй Абу Бакр! Эшитишимча, дўстинг мени ҳажв қилибди”, деди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Бу Уйнинг Раббисига қасам, сени ҳажв қилмади”, дедилар[1]. У қайтаркан: “Қурайш билади, мен уларнинг саййидининг қизиман”, деб борарди»[2].

[1] Яъни, бу Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзлари эмас, Аллоҳнинг сўзлари. Бу сенга хажв ҳам эмас. Бу жиддий гап.

[2] Имом Абу Яъло ривояти.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм