Мақолалар

Илмга интилиш барчанинг зиммасидаги буюк фарз

Чоп этилди Dekabr 24, 2018 No Comments

Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи” амри билан нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бешикдан қабргача илм изла, илмни Чин мамлакатидан бўлса ҳам ўрганинглар”, деб таълим берганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ таоло қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Муовия ибн Абу Сўфён розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишларида фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм ҳақида яна шундай деганлар: “Иймон бир тан бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси илмдир”.

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади” (Имом Термизий ривоят қилган).

Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деганлар: “Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу-зулматдан нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”.

Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм олишни, илм туфайли Ўзининг жамолини кўришни насиб қилсин, иншоаллоҳ.

 

Абдуғани РЎЗИЕВ,

«Хўжа Аҳмад Зиндафил»жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan