Мақолалар

Маърифат ва диний бағрикенглик

Чоп этилди May 18, 2019 Маърифат ва диний бағрикенгликda fikr bildirishni o'chirish

Динлар бир-бирига қарши эмас ва терроризмни фақат динга боғлаш нотўғри. Чунки барча динлар асосида инсонни улуғлаш, унга муносиб иззат-ҳурмат кўрсатиш ғоялари ётади.

Минг афсуски, сўнгги пайтларда террор тушунчасини Ислом дини билан ёнма-ён қўйиш, зўравонликни фақат исломга боғлаш тенденциялари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида, мусулмонларга нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш ва исломофобияни ёйишга олиб келиш билан бирга, динлараро адоват руҳини қўзғашга ҳам сабаб бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг март ойида Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида содир этилган теракт нафақат ушбу мамлакат учун, балки бутун дунёда жуда катта фожиага айланди. Фожиа таҳлиллари шуни кўрсатадики, ушбу терактни содир этган австралиялик Брентон Таррант миллатчилик, шовинизм, диний муросасизлик, экстремизм каби ғоялар билан “заҳарланган” бўлиб, айнан улар таъсирида у ёвуз ниятини шафқатсизларча амалга оширди ва бутун дунё аҳлини ларзага солди. У уюштирган жиноятини 2017 йилнинг апрелида Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти тарафдори содир этган “теракт учун қасос”, дея кўрсатди. Оқибатда бир куннинг ўзида 50 га яқин мусулмон ҳалок бўлди.

Мазкур мудҳиш ҳодиса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурган ташаббуси, яъни БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш борасидаги фикрлар нақадар долзарб эканлигини кўрсатмоқда.

Эътиборли жиҳати, 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида ушбу резолюция БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, қабул қилинди. Резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади.

Ҳужжатда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланиши, шунингдек, барча аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда Ўзбекистон тажрибаси ҳақида тўхталиб, сўнгги вақтларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, қатор ижобий натижалар кўзга ташланади.

Биринчидан, диндорларнинг муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши борасида уларга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган ишлар самарадорлиги ошди.

Хусусан, 1991 йилда 350 киши ҳаж ибодатини амалга оширган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 7350 нафарга етиб, дастлабки кўрсаткичдан 21 баробарга ортди. Умра сафари билан боғлиқ барча ташкилий чекловлар олиб ташланди.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида яшовчи насроний ва яҳудийлар ҳам ўзлари учун муқаддас бўлган қадамжоларни зиёрат қилишлари учун бир қатор қулайликлар яратилди. Ўтган давр мобайнида икки мингдан ортиқ диндорлар Россия, Греция ва Исроил давлатларида жойлашган ана шундай зиёрат масканларига сафар уюштиришди.

Иккинчидан, конфессиялараро мулоқот ўрнатиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари бўйича кенгаши аъзолари сони 9 дан 17 нафарга кенгайтирилиб, мамлакатимизда рўйхатдан ўтган барча конфессия вакилларини қамраб олди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кенгашнинг асосий вазифаси диний-ижтимоий масалалар борасида фикр алмашиш ва зарур тавсияларни Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этишдан иборат. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча дин вакиллари мулоҳазалари ҳукуматнинг эътибор марказидалигидан далолат беради.

Учинчидан, диний бағрикенгликка фақат маърифат билан эришилишини ҳисобга олиб, институционал асосларни мукаммаллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Фаолият юритиб турган ташкилотлар қаторига янги субъектлар қўшилди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди.

Вилоятларда калом, ҳадис, фиқх, ақида ва тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослаштирилган 5 илмий мактаб очилган.

Бундан кўзланган асосий мақсад Ислом динини чуқур ўрганиш ва унинг маърифатпарвар ғояларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Тўртинчидан, жамиятда экстремистик ғояларнинг таъсирини камайтириш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида турли профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. 2018 йилда 40 мингга яқин тадбирлар ташкил этилиб, унда 2,5 миллиондан ортиқ аҳоли қамраб олинди.

Ўтган давр мобайнида диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Мазкур шахсларнинг жиноят йўлига қайта кирмаслиги, соғлом ҳаёт кечириши масалаларига ва уларнинг ижтимоий мослашувига катта эътибор қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, айни пайтда дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган хунрезликларнинг асосий қисми маърифатсизлик ва инсонларни диний эътиқодлари асосида ажратиш ҳамда камситиш натижасида келиб чиқмоқда. Шу боис, мамлакатимизда диний бағрикенглик муҳитини кенг ёйиш ва Ислом динининг асл инсонпарвар ғояларини тушунтириш ишларига алоҳида урғу берилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари диний эътиқодидан қатъи назар, Ватан равнақи йўлида, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечириш мақсадида бир тан-бир жон бўлиб, елкама-елка меҳнат қилмоқдалар.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ислоҳотларининг илк амалий натижаларини фуқароларимиз ўз ҳаётида сезаётгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Зеро, маърифат ва диний бағрикенглик мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг энг муҳим асосидир.

Тимур Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 8-сонидан