Дунё янгиликлари

Ислом – АҚШнинг йирик динларидан бири

Чоп этилди May 20, 2019 Ислом – АҚШнинг йирик динларидан бириda fikr bildirishni o'chirish

“Ягона худо амридаги миллат: Янги Америка тарихи” китоби муаллифи Питер Мансо Ислом Америка тарихининг бир қисми эканини илмий далиллар асосида таъкидларкан, жумладан, бундай дейди: “Мусулмонлар бу ерда Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан аввал ҳам бўлган, келганда ҳам бир неча киши бўлиб эмас, балки минглаб киши бўлиб келганлар”.

Бошқа манбаларда ҳам Америка қитъасига Колумбдан кўп йиллар бурун андалусиялик мусулмонлар келгани айтилган.

АҚШ давлати ташкил топмасиданоқ бу ўлкада мусулмонларнинг ҳаёт кечиргани ушбу давлат тарихига назар ташланганда ҳам кўзга аниқ чалинади. Масалан,  АҚШни мустақил республика сифатида тан олган илк давлат Марокаш Султонлиги эди (1777), 1805 йилнинг 9 декабрида президент Томас Жефферсон Оқ Уйда Тунис элчиси Саид Сулаймон шарафига ифтор уюштирган, 1861-1865 йиллардаги фуқаролар урушида қаҳрамонлик кўрсатган Петр Салим ҳам мусулмон бўлган.

АҚШда биринчи масжид ва исломий ташкилот 1913 йили Нью-Жерсида очилган. Масжидларни мусулмонлар ўз маблағлари ҳисобидан қурганлар.

АҚШнинг маҳаллий аҳолиси, айниқса, аёллар ва ёшлар орасида Исломга кирувчилар сони ортиб бораётгани ижобий ҳодиса, албатта. Шунинг билан бирга, бу давлатга кўчиб келган мусулмон муҳожирлар ҳисобига ҳам  мусулмонлар сони кўпайишда давом этмоқда. Жумладан, 2005 йили 96000га яқин мусулмон давлатларидан келганлар АҚШ фуқаролигини олган  бўлса, 2009 йили 115000 мусулмон Қўшма Штатлар фуқароси айланди. Айниқса, 11 сентябрь воқеасидан сўнг АҚШ аҳолиси Исломга янада кўпроқ қизиқа бошлади. Террорчиликнинг  Исломга алоқаси йўқлигини тушуниб етган минглаб америкаликлар мусулмон бўла бошладилар. Биргина 2005 йилнинг ўзида АҚШнинг 20000дан ортиқ фуқароси Исломга кирди. Бу рақам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Америка масжидлар сони 2011 йил 2106тага етган. Мусулмонлар Америка жамиятининг ажралмас бўлаги сифатида турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Улар бошқалардан тўқроқ ҳаёт кечирадилар. Жанубий Осиёдан келган муҳожирларнинг аксари яхши таълим олган ва саноатнинг даромадли соҳаларида меҳнат қиладилар. Шу боис даромади оддий америкаликларникидан анча кўп. Улар орасида врачлар, олимлар, муҳандислар ва тадбиркорлар бор.

Ўтган йили АҚШ конгрессига Миннесота ва Детройт штатларидан икки мусулмон аёл – келиб чиқиши сомалилик бўлган Илхон Умар ва ота-онаси Фаластинлик бўлган Рашид Толиб депутат этиб сайланди.

Ҳар йили рамазон ойида Оқ Уйда мусулмонлар учун катта ифторлик ўтказилиб, унда мамлакат президенти ҳам иштирок этади. 2010 йилнинг 25 сентябрь ва 15 октябрида Оқ Уйдаги Америка президентлари қасамёд қиладиган яшил майдонда жума намози адо этилди.

Бу йилги рамазонда ҳам 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп муқаддас Оқ Уйда ифторлик берди.

Трамп ўзидан олдинги президентлардан фарқли ўлароқ ифторга мусулмон уламоларини эмас, балки мусулмон давлатлар элчиларини таклиф этган.

Трамп ўз нутқида  АҚШда қарийб 3,5 миллион мусулмонлар яшашини, Ислом учинчи йирик дин эканини, Шимолий Америкада мусулмонларнинг тарихи 15-асрга бориб тақалишини айтиб ўтди.

Шунингдек, у қуйидаги маълумотларга ҳам тўхталди:

АҚШ мустақиллигини тан олган биринчи давлат ҳам мусулмон – Марокаш султонлиги бўлган (1777);

АҚШдаги биринчи масжид 1915 йил Бидфордда очилган;

2010 йил Қўшма Штатлар бўйлаб 2106 масжид фаолият юритган;

Масжидлар сони бўйича Нью-Йорк биринчи ўринда (257) ва бошқалар.

Туркистон – Америка ассоциацияси маълумотига кўра, АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг аксари 40-йилларнинг охири ва 50-йилларда Европадан,1960 йилдан бошлаб Туркиядан, 1979 йилдан Афғонистондан кўчиб борганлар.  1992 йилдан бошлаб  Грин Кард асосида ҳар йили минглаб ўзбек оилалар АҚШда яшаб, ишлаш учун кўчмоқда.

АҚШдаги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга 2 май куни жўнаб кетган эди. У Нью-Жерси штатининг Довер шаҳрида таровеҳ намозини адо этиб, диний-маърифий суҳбатлар ўтказмоқда.

Кеча, 19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.

Уммон орти мамлакатида Ўзбекистон делегацияси АҚШ давлат департаменти вакиллари билан учрашув ўтказиш ва халқаро диний эркинликлар масалалари бўйича мутахассислар билан мулоқотлар ташкил этишни режалаштирган. Шунингдек, ушбу мамлакатдаги дин пешволари билан мулоқотлар уюштириб, ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувлар муҳокама қилинади.

Ташриф давомида соҳа мутахассислари, экспертлар ва дин пешволари иштирокида “Маърифат ва диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади.

Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги йирик жоме масжидда жума намозини адо этиши кўзда тутилган.

Ана шу воқеалар Ўзбекистон ва Америка жамияти ўртасидаги дўстона муносабатлар янада равнақ топиб, диний бағрикенглик  тамойили бунда муҳим ўрин тутаётганига яққол мисолдир. Зотан, Биз – барчамиз Одам ато фарзандларимиз, Шайх Саъдий таъбири билан айтганда, жами олам бир аъзодир.

Муфтий ҳазратларининг ташрифи кўнгилдагидек ўтишини, Уммон ортидаги маконлардаги қалблари илму ирфонга, нуру ҳидоятга ташна мўмин-мусулмонлар билан иймонлашиб  соғ-омон қайтишини тилаб қоламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ