Мақолалар

Оталарни бир йўқлаб қўйинг!

Чоп этилди May 21, 2019 Оталарни бир йўқлаб қўйинг!da fikr bildirishni o'chirish

 

ҲИКОЯТ

 

Бир куни ота ўғлидан: “Ким кучли ўғлим, сенми, менми?” деб сўрабди. “Мен кучлиман-да, ота, сиз кексасиз, мен ёшман”, деб жавоб берибди ўғил. Жавобдан қониқмаган ота яна сўрабди: “Нима учун сен кучлисан?”. Ўғил: “Ахир, мен ўқиганман, ишлаяпман. Истаган юмушимни қилишга имкониятим ҳам, куч-қувватим ҳам етарли. Шунинг учун кучлиман-да”, деб жавоб қилибди. Бу сўзлардан ранжиган ота ўғлининг ёнидан узоқлашибди ва эшик остонасига етганда ортига қайрилиб яна сўрабди: “Ўғлим, сўнгги бор сўрайман: ким кучли? Сенми, менми?”, “Энди мен кучсизман, Сиз кучлисиз, ота” дебди ўғил. Ота унинг жавобидан ажабланиб, сабабини сўрабди: “Нега икки марта сўраганимда мен кучлиман дединг, учинчи бор сўрасам кучсизман, деяпсан, ўғлим”. Шунда ўғил: “Икки бор сўраганингизда Сиз ёнимда эдингиз ота, энди мендан узоқроқдасиз, шунинг учун кучсизман, ота”, деган экан.

 

ҲИКОЯТ ЗАМИРИДАГИ ҲАҚИҚАТ

Отам яқинда қишлоқдан келди. Ўзим ишдан, турмуш ташвишларидан ортиб, йўқлаб бормаганимга ҳам анча вақт бўлганди. Невараларини, мени кўргиси келганиданми ўзи келибди. Жуда соғинган. Ота-бола ўтган дамлар, бугун, келажак, тақдирлар, воқеалар ҳақида узоқ гурунлашдик. Шу пайтгача бирига қулоқ солиб, бирига амал қилмаган насиҳатлар яна айтилди. Муаззам тунни тонгга уладик.

Тинчликка, Яратганнинг бераётган неъматларига бот-бот шукрона айтди отам. Оддий одамлар ҳаёт ҳақиқатларини яхши англайдилар. Уларнинг гап-сўзларидаги самимийликни илғаб олиш учун жуда ақилли бўлиш шарт эмас. Бугунги ўзгаришлардан, кексаларга берилаётган эътибордан, шаҳарга тенг қиёфа касб этаётган қишлоқлардан, одамлар турмушидаги фаровонликдан гапирди.

Руҳим тетик, ишга кетар чоғ дуосини олдим. Ёнимда, хонадонимда табаррук инсон – отам мени дуо қилиб турганини юрак-юракдан ҳис қилдим. Ота-онамнинг борига, ёнимда эканига шукрона айтдим. Ота — қудрат экан, елкамдан тоғ ағдарилгандек, руҳим, жисмим тетик бўлди. Ахир мени хонадонимнинг тўрида бир фаришта дуо қилиб турибди.

 

ХОТИРА

…Кеч тушди дегунча, ака-ука кўчага чиқиб отамнинг йўлини пойлардик. Ўтган-кетганни кузатиб, оёқ товушларига қулоқ тутардик. Кўчада бирор зот қолмаса ҳам кўзларимиз йўлда бўларди.

Ит, мушуклар девор оша чопарди. Сойда қурбақаларининг “ашуласи”ю, чигирткаларнинг соатга ўхшаб чиққиллашлари авжга чиқарди. Вақт ўтар, кўзларни уйқу босарди. Ака-укалар совуқдан жунжикиб, бир-биримизга қунушиб ўтирардик.

Кута-кута тинкамиз қуриган бир пайт тун пардаси очилиб отам пайдо бўларди. Келишган, ҳайбатли, забардаст.

— Ие-ие, менинг боботойларим-ку! Бу ерда нима қиляпсизлар?.. Ҳали ҳам ухламадингларми?.. Қани юринглар-чи! дерди ўктам овозда, пешонасидаги терларини артиб.

Иккимимиз ҳам қувнаб кетардик. Айниқса, укам отамнинг бўйнига осилиб, саволларга кўмарди. Меҳр билан эркаларди уни.

Мана, ўттиз йилдан ошибди шунгаям.

Шуларни ўйлаб кўнглим ёришди. Ишга қандай етиб келганимни ҳам билмай қолибман.

 

КЕКСАЛАР ЭЪЗОЗДА

Мамлакатимизда отам каби кексалик гаштини сураётган 60 ёшдан ошган 3 миллион нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг орасида 80-90 ёшдан, ҳатто 100 ёшдан ошганлар қариялар бор. Шунингдек, юртимизда мингдан зиёд иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 70 минг нафарга яқин фронт ортида меҳнат қилган инсонлар яшашади. Ҳозирги кунда ўртача умр эркакларда 73,5 ёшни, аёлларда эса 75,8 ёшни ташкил қилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Японияда бир марта турли нуфузли ташкилотлар иштирокида хайрия акциялари ўтказиларкан. Унда саховатпеша ташкилотлар ўзларининг хайрия акциялари доирасида мамлакатда ёрдамга муҳтож кексаларга ҳомийлик ёрдамларини кўрсатаркан.

Шукрки, бизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари бир йилда бир марта эмас, деярли ҳар куни саховат, меҳр-оқибат, хайр-эҳсон каби азалий эзгу фазилатлардан баҳраманд бўладилар. Буни ҳар куни ҳар жойда кўрамиз, эшитамиз, биламиз.

 

ЎГИТ ТИНГЛАШ ЗАВҚИДАН БЕГОНАЛАР

Тўғри, юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Халқимизнинг азалий фазилатларининг, қон-қонимизга сингиб кетган эзгу тушунчалар турмушимизни безаб турибди. Шу боис маҳалламизда, қишлоғимизда, ўлкамизда ҳеч бир инсон меҳрдан, кўмакдан четда эмас. Бошига ташвиш тушган, ёрдамга муҳтож киши борки, эътиборсиз қолмайди. Қўлимиздан келган, имкониятимиз даражасида холис ёрдамимизни берамиз. Бу бизга азалдан сингдирилган ҳаётий аъмол, бурчдир.

Бироқ жамиятимизда мавжуд, кўз юмолмайдиган иллатлар ҳам йўқ эмас. Нотўғри қарашлар оқибатида кекса онасини ёки отасини ташлаб кетаётган беоқибат фарзандлар ҳам бор. Шукрки, қарияларимиз “Мурувват уйлари”да давлатимиз ҳомийлигида бекаму кўст, жамиятнинг тўлақонли аъзоси даражасида яшамоқда. Уларга берилаётган эътибор бир фарзанднинг ота-онасига кўрсатадиган ёрдамидан асло кам эмас. Уларга фақат бир нарса керак – ДИЙДОР.

Яна шундай оилалар ҳам учрайди: кексаси бору, аммо уларнинг қадри йўқ. Бундай хонадонларда ўғилнинг ўзи тугул фарзандлари ҳам кекса ота-онанинг дуосини олиш, ўгитларини тинглаш лаззатидан бегона. Тақдирнинг бешафқат ҳукми эса шундай: “Кун келиб экканингни ўрасан!”.

 

СЎНГГИ СЎЗ

Оталар ўзларини ҳам ҳеч ўйлайдими?.. Ё фақат фарзандларними?

Кеча укам қишлоқдан телефон қилиб қолди. “Отамнинг мазаси йўқ, дўхтирга бир кўрсатинг, анча вақтдан бери ётганди. Энди оёққа турганда Сизнинг олдингизга борди, даволаниб қайтса яхши бўларди”, деди…

Отам бу гапни нега менга айтмаганидан гина қилдим. Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Ишдан қайтиб отамга: “Бугун шифохонага олиб бораман, Сизни яхшилаб даволатаман”, дедим. “Йўқ, мен яхшиман. Саломатлигим кексалигимдан”, деди қатъий оҳангда. “Мени қаратгандан кўра, топганларингни ўзларингга сарф қилинглар. Невараларимни едириб-ичиринглар. Яхши тарбия қилинглар. Сизлар тинч-тотув, иноқ яшасанглар шу менинг саломатлигим”, деди.

Ўзимнинг эътиборсизлигимдан, отам учун қайғурмаганимга, вақтида ҳол-аҳвол сўрамаганимга ўкиндим.

“Эртага қишлоққа қайтаман, мол-ҳол нима бўлди. Экинларни экишимиз керак. Уканг ҳам ишда”, деди отам.

Оталар ҳеч ўзларини ўйламас экан. Фарзандим кийсин, фарзандим есин, фарзандим элга қўшилсин, деб умрини меҳнатда ўтказар экан.

Эъзоз, меҳр, муҳаббат… Бу тушунчалар ҳам етмаса керак оталарнинг қалб дунёсини очиб беришга.

Оталарни бир йўқлаб қўйинг!

Аслиддин СУЮНОВ, ЎзА