Мақолалар

Биз мусулмонмизми?

Чоп этилди Dekabr 25, 2018 No Comments

Сизлардан бу кечада бир савол сўрайман, албатта, бу саволдан ғазаб қилмаслигингиз ва таажжубланмаслигингизни умид қиламан. Бу савол “биз мусулмонмизми?”.

Сизлар айтасизлар: “Ҳа албатта, бунга бирор шак борми?”

Мен бу саволимдан бироз тафаккур қилишингизни сўрайман. Агар ҳукумат: “Ҳар бир ходимга, миқдори минг риёл бўлган мукофот берилсин!” дея айтса, албатта, ҳар бир ходим мукофот олиш учун қўлини чўзади. Лекин, ҳукумат ходимлар сонини чегаралаган бўлиб, қуйидаги шартларни қўйган бўлса, “Олий маълумотли, ўн йилдан ортиқ вазифасида ишлаган бўлсин”. Ҳар бир ходим ўзига назар солиб: “Бу сифатлар менда борми ёки йўқми?” дея, савол беради.

Аллоҳга қасамки, мўминларни сифатини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилиб айтди: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини (иймон нурини) зиёда қилгувчи ва Раббиларига таваккал қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси 2-оят). Менга бу оятдаги баъзи калималарни сизларга илмий томонлама ёритиб беришга ижозат берасиз. Араб тилидаги “إنما” калимаси чегаралаш маъносида келади. Оятдаги маъно: “Ким юқоридаги айтилган сифатлар билан сифатланган бўлса, шу мўмин кишининг сифатидир” деганидир.

Келинглар биродарлар ўзимизни имтиҳон қиламиз: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи…..”, (Аллоҳнинг исмини эшитган чоғда, Унинг улуғлиги ва азобининг қаттиқлигидан қўрқадиган, изтироб чекадиган қалб) деганидир. Олдимизда қачон Аллоҳнинг исми зикр қилинса, қалбимизда қўрқинчни ҳис қиляпмизми ёки ашула эшитгандай эшитиб, бирор фикрсиз ёки қўрқинчсиз эшитиб “Аллоҳ” демоқдамизми?. Кўпинча, биз Аллоҳнинг исмини бир гуноҳ устида бўлганимизда зикр қиламиз.

Аллоҳ Қуръонда мўминларни: “…Оятлари тиловат этилса, иймонларини (иймон нурини) зиёда қилгувчи…”, биз Аллоҳнинг оятларини эшитиб, иймонимиз (нури) зиёда бўладиган кишилардан бўлмоқдамизми ёки кўпчилигимиз Қуръон оятларини “шуни эшитиш, қилиш керар экан” деган эътиқодда эшитмоқдамизми?

Аллоҳ мўминларни яна сифатлаб айтади: “…Раббиларига таваккал қилгувчилардир…”, биз Аллоҳга таваккал қилгувчилардан бўлмоқдамизми?

Агар хар бир ходим, ўзининг маошини вазифа доирасида тақсимлаб олсалар-у, бир ходимнинг маошини бермай унга: “Сени Аллоҳ учун тарк қилдик (Аллоҳ сенга бошқа жойдан ризқ беради)” дейишса, у нима дейди? У: “Ҳамма ходим маошини олди. Мени эса, Аллоҳга ташладилар” дея, ҳеч вақосиз қолишига рози бўлади деб ўйлайсизми?.

Биз, Иброҳим (алайҳиссалом) билан сафар қилган Онамиз Ҳожар ва фарзандлари Исмоил (алайҳиссалом)ни эслайлик!. Иброҳим (алайҳиссалом) онамизни узоқ шаҳардан мана шу водий, (Макка)га келтирдилар. Тасаввур қилинглар, унда Каъба, масжид, уйлар, кўчалар, дарахтлар, қудуқлар ва бирор жон бўлмаган фақирона диёр эди. Тасаввур қилинглар, агар бизлардан бирортамизга: “Ёш хотини ва суюкли фарзандини мана шу водийга ташлаб келиш” юклатилса, бу ишни бирортамиз қиламизми!?.

Ҳа азизлар, Иброҳим (алайҳиссалом) шундай қилдилар. Ҳожар онамиз жазавага тушдилар, қўрқдилар ва айтдилар: “Бизни бу ерда кимга ташлаб кетяпсиз?”. Иброҳим (алайҳиссалом): “Аллоҳга” дедилар. Ҳожар онамиз: “Ундай бўлса мен розиман” дедилар.

Азизлар, Биз юқорида келтирилган ўрнимиздан қаёқдамиз?. Биз Раббиларига таваккал қилган кишилардан бўляпмизми?.

Биз таваккал нима эканлигини биламизми? Йўқ! Таваккал, кейинги келган сўфийлар айтганлари каби эмас! Улар (Кейин келган сўфийлар): “Таваккал қилгувчи-бирон ишсиз ўтирадиган, ризққа интизор бўладиган, сафарда дўстсиз ва озуқасиз юрадиган кимса” деб даъво қиладилар. Йўқ азизлар, таваккал сабабларни тарк қилишлик билан бўлмайди!.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу улар (кейин келган сўфийлар)дан кўра динни яхши билувчи, улардан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизларни бирортангиз ризқ талабида: “Эй Аллоҳ менга ризқ бер” деб ўтирмасин!. Чунки, осмондан олтин ёки кумуш ёғмайди, лекин Аллоҳ баъзи инсонларни баъзи инсонлар сабабли ризқлантиради”.

Аллоҳ таоло бу оламга қонунларни жорий қилди ва У Зотнинг қонунларини бирор кимса ҳали-ҳануз ўзгартира олмаганини кўриб турибсан (фақатгина, Аллоҳ Ўзининг қонунини ўзгартиришга Қодир Зотдир). Агар деҳқон ерга ишлов бермай, буғдойни сепса-ю, ўйлаганидек ҳосил ололмаса ва ҳеч нарса қилмасдан “Аллоҳга таваккал қилган эдим” деган бўлса, батаҳқиқ, у Аллоҳнинг қонунига хилоф иш қилибди ва таваккални ҳақиқатини тушунмабди. Талаба йилнинг ҳаммасини ўйин-кулгу билан ўтказади, дарс қилмайди. Қачон имтиҳон келса, имтиҳондан йиқилади ва: “Мен Аллоҳга таваккал қилган эдим”, дея даъво қилади. Аёл киши кир кийимларни тозалашни ирода қилса-ю, барча кир кийимларни ҳаммомга тўплаб қўйса ва аввалги икки тоифа каби “Аллоҳга таваккал қилдим” дея айтса, албатта, кир кийимларни ўзи тозаланиб ёки ювилиб қолмайди. Хулоса қилайлик, нега биз сабабларни тарк қилган ҳолатда таваккални даъво қиляпмиз?. Таваккал қандай бўлади?.

Эй биродар, Аллоҳ ҳар бир нарсага сабабни жорий қилиб қўйди. Шу сабаб, бизларга сабабларни лозим тутишимизни вожиб қилди. Албатта, биргина сабабни ўзигагина суянишимиз тўғри бўлмайди. Чунки, сабабни ўзигина ҳосил бермайди. Кўпинча, деҳқон ерга ўғит беради, уруғ экади ва қўлидан келадиган ҳар бир ишни қилади. Тўсатдан офат келади, ҳосилига ҳашорат тушади ва барча ҳолат бўлиши мумкин.

Ота ўзининг фарзандини даволай олмайди. Лекин, уни яхши табибга олиб боради. Унга қиммат дориларни олиб беради. Аллоҳ тақдир қилиб унинг ажали етган бўлса, унга ҳеч нарса ёрдам бермайди ва вафот этади. Гоҳида мен сизларга бир неча маротаба айтган нарсам бўлади. Бир шифохонада икки касал бор. Иккаласининг касали, шифокори ва давоси биттадир. Лекин бири вафот этади, иккинчиси шифо топиб кетади.

Икки биродар тижорат дўконини очади. Уларнинг ҳар бирида мол ва зукколик бор. Лекин уларнинг бирлари бойиб кетади, иккинчиси эса ишчи бўлган холда қолиб кетади.

Сабабни лозим тутиш вожибдир. Лекин, сабабни ўзигина кифоя қилмайди. Аллоҳ сабабни ортидаги Зотдир. Аллоҳ таоло ҳосилни саломат қилувчи, касалга шифо берувчи, талабага нажот берувчи Зотдир!. Мусулмонга ўзи қодир бўладиган ишларни барчасини қилиши вожиб бўлади. Қодир бўлмайдиган ишларини Аллоҳга ташлаб қўйиши ва шу ишини Аллоҳдан нажотини талаб қилиши, бу таваккалдир!.

Ҳамма сабабларни қилиб ундан (сабаблардан) Аллоҳнинг амрига бўйсунишни қасд қилса, унинг сабаблар ила қилган амали ибодат бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам касални даволашга амр қилиб айтадилар: “Эй Абдуллоҳ, даволанинглар! Чунки Аллоҳ таоло бир дардни давоси ила нозил қилди”.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга таваккални нима эканлигини Аъробийнинг ҳадисида таълимини бердилар: “Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, туясини боғламасдан у Зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб чиққанидан сўнг, туясини топа олмади. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: Туянгни боғла, сўнг таваккал қил! дедилар.

Баъзи сўфийлар (кейин келган сўфийлар) ўтириб ризқни талаб қилишларига, “қушнинг ризқи” ҳақидаги ҳадисни ўзларига далил қилиб олишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий ихлос ила таваккал қилганингизда эди, оч кетиб тўқ ҳолатда қайтадиган қушни ризқлантиргани каби сизларни ризқлантирар эди. Қуш ҳам ўз маконида ризқ кутиб ўтирмайди, балки, ризқ топиш учун ҳаракат қилади……

 

Шайх Али Тантовийнинг “Нур ва Ҳидоя” асаридан
Элёрбек Эркинбек таржимаси

Манба: azon.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan