Мақолалар

Бола бошидан…

Чоп этилди May 21, 2019 Бола бошидан…da fikr bildirishni o'chirish

Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади.

Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Буюк ватандошимиз шайхурраис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет)».

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Тарбия бир неча томондан олиб борилади. Болалар ақлан ривожланиши учун унга турли китоб­лар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзланади ёки ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.

Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қиссаларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достонларидан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бериш, сўзлаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳраманд бўлади.

Ўғил-қизларининг зеҳни ўсишини, ақл-ид­рокли, фикрловчи бўлиб улғайишини истаган ота-оналар уларга кичиклигидан турли ибратли ҳикояларни, улуғларимизнинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақидаги ривоятларни, ҳайвонлар ҳақидаги яхшиликка, чиройли ахлоқ ва одобга чорловчи эртакларни сўзлаб беришса, улар маънавиятини юксалтиришда катта тарбиявий иш қилган бўлишади. Қуйида мисрлик олим Абдуллоҳ Абдул Мутиънинг «Исломда тарбия» китобидан бир неча шингил эртакларни келтириб ўтишни лозим кўрдик.

Хўроз ва тулки. Ҳикоя қилишларича, бир хуш­овоз хўроз бўлган экан. Одатда у сайр қилар, қиш­лоқдаги кичкина уйча олдида қанотларини ёйганича офтобда тобланар экан. Туннинг маълум пайтларида вақти-вақти билан қичқириб қўяр экан.

Бир куни унинг ёнидан айёр тулки ўтиб қолибди ва унга: «Бугун жуда чиройли бўлиб кетибсан, хўрозвой, патларинг топ-тоза, тожинг ялтираб турибди, сеникидан ёқимлироқ овозни ҳеч қачон эшитмаганман, лекин сенинг овозинг қачонлардир эшитганим отанг товушидан бутунлай бош­қача экан», дебди. (Бу тулки ўйлаб топган ҳийла эди). Шунда хўроз тулкига: «Э йўқ, менинг овозим ҳам отамники каби жозибадор», дебди. У шундай дегач, қанотларини қаттиқ қоқиб, кўзларини юмиб қичқиришга ҳозирланганида, тулки уни шартта тутиб олибди.

Қўлга тушган хўроз қандай қилиб тулки чангалидан қутулиш йўлини ўйлай бошлабди. Тулки унинг бўйнидан тишлаб турганида, хўроз бундай дебди: «Бу хўроз фақат менга тегишли, уни ҳеч ким билан баҳам кўрмайман», деб баланд овозда ҳаммага эълон қилиб чиқ!» Тулки жағини очиши билан хўроз ерга тушибди ва кўз очиб-юмгунча дарахтга учиб чиқиб, тулкидан қутулибди. Тулки қилиб қўйган ишидан афсусланибди ва: «Сукут қилиши керак бўлган пайтда гапирган оғизни Аллоҳ кечирсин!» дебди. Шунда хўроз: «Очиқ бўлиши керак пайтда юмилган кўзни ҳам Аллоҳ кечирсин», дебди.

Қуён ва тошбақа. Жуда қадим замонларда бир-бирларига қўшни бўлиб қуён ва тошбақа яшашган экан. Бир куни тошбақа қуёнга бундай дебди: «Мени доим секин юришда айблайсан, сен эса чопағонсан. Бугун мен сени пойга ўйнашга чақираман». Қуён эса мағрурланиб: «Хо-хо-хо, мендай чопқир қуён аранг-аранг ўрмалаб юрадиган тошбақа билан пойга ўйнарканми? Бу ҳақиқатан кулгили гап!» дебди.

Бироқ қуён тошбақани бир шарманда қилиш учун олдиндаги тепаликкача унинг билан пойга чопишга рози бўлибди. Улар мусобақани бошлашибди.

Қуён ўзининг чопқирлигини яхши билганидан мусобақада ғолиб бўлишига қаттиқ ишонганидан, талтайиб-керилиб пойгага киришибди. Шунинг учун йўл-йўлакай ўйноқлаб, беда ва сабзи учраса, улардан еб, анча вақтини йўқотибди. Тошбақа эса жиддийлигини сақлаб, белгиланган маррага етмагунича йўлида собитқадамлик билан давом этаверибди. Қуён тошбақанинг қаерда келаётганини кўриш учун атрофига алангласа, у аллақачон тепаликка етиб борган экан. Энди қуён тошбақага етиб олишга кечикканини англабди.

Шундай қилиб, тошбақа ўзининг сабр-матонати ва тиришқоқлиги туфайли пойгада ютиб чиқибди. Қуён бўлса, чопағонлиги ва эпчиллигига ишониб мағрурлангани, вақтида ҳаракат қилмагани учун ютқазиб қўйибди.

Сичқон ва ёғ. Сичқон ошхонага кириб, қоп- қоқсиз шиша идиш тўла ёғ топиб олди. У думини шиша ичига солиб-чиқариб, ялади. Тўйгунича бу ишини бир неча марта такрорлади. Кейинги кечаларда ҳам бу одати билан қорнини тўйдириб юрди. Ниҳоят, бир куни идишдаги ёғ камайиб тагига тушиб қолганидан, унга сичқоннинг думи етмади. Шунда у оғзини тўлдириб сув олиб келди ва идиш тўлиб, ундаги ёғ тепага кўтарилгунича (чунки ёғ сувдан енгил) сув қуяверди. Шу йўл билан у идишдаги ҳамма ёғни ялаб, унда сувнинг ўзини қолдирди.

Бундай ибратли эртак, ривоятлар болаларнинг ақлини ўстиради, яхшиликка, эзгуликка чақиради, ёмонликлардан узоқда бўлишга ундайди, улар фикри ва онгини ривожлантиради. Болалар бирор ёмон қилиқ қилишса, енгил танбеҳ, тушунтириш воситасида бунинг ёмонлигини билдириш лозим.

Бола кичиклигида унинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган, онги, зеҳни, ақли, одобини шакллантириш билан шуғулланишга вақт тополмаган ёки бунга ҳафсала қилмаган ота-она фарзанди улғайгач, аччиқ надомат ҳосилини теради. Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб, шу ёшда мен қандай фикрлаган ва қандай иш тутган бўлур эдим деб, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритиб кўришса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замонлар орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб боради. Бу ҳақда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): «Фарзандларингизни ўзларининг даврига мослаб тарбияланглар», деганлар. Чунки кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши ёки аксинча, кеча қадри бўлмаган нимадир бугун энг қимматли нарсага айланиши  мумкин.

Шу омиллар эътиборга олинмаса, «ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, биз ўз давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжига чиқаверади.

Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олиб, уларга тақлид қилиб, ҳаётий тажриба орттира боради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангиз-у, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангиз-у, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучдир. Ўзингиз ёлғон гапирувчи ёки алдоқчи экансиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.

«Қасосли дунё, қайтар дунё» деган гаплар бор. Ўзингиз ота-онангизга ёки бошқа яқинларингизга қандай муомала-муносабат қилган бўлсангиз, буни фарзандларингиздан албатта кўрасиз. Ўз нав­батида, фарзандингиз сизга қандай беодоблик қилган ёки алам ўтказган бўлса, у ҳам фарзандидан шуни албатта топади. Бу нарса занжир ҳалқалари каби даврлар оша бир-бирига боғланиб кетаверади. Келажакда фарзандингиз ҳам сиз каби «авлодлар тўқнашуви» азобини тортиб юрмасин десангиз, ана шу салбий занжир ҳалқаларини узиб ташлашингизга тўғри келади.

Бу борадаги ажойиб ривоятларни ҳам кўп эшитгансиз: «Бир йигит отасининг соқолидан тутамлаб ураётганига маҳалла-кўй шоҳид бўлиб, қаттиқ изтиробга тушибди, “Инсон фарзанди отасини ҳам урадими?” деб қайғу чекибди. Шунда кўпни кўрган бир отахон: “Бунга ажабланмасангиз ҳам бўлади, ҳозир хўрлик кўраётган киши ёшлигида отасининг соқолидан тортиб худди ҳозиргидай урган эди. Мана энди ўзига қайтди”», деган экан.

Яна бир ҳикоят: узоқ умр кўриб, фарзандларига малоли келиб қолган отани ўғил хотинининг маслаҳати билан шаҳар ташқарисига ташлаб келиш учун йўлга чиқибди. Чарчаб, бир дарахт соясида дам олишга тўхтаганида, отаси негадир жилмайиб қўйибди. Ўғли бунинг сабабини сўраса, «бундан кўп йиллар муқаддам мен ҳам отамни адирга ташлаб келиш учун йўлга чиққанимда худди шу ерда тўхтаб, дам олган эдим», деб жавоб қилган экан.

Шу ўринда бир воқеани эслашга тўғри келди. Яқинда республика телеканалларидан бирида отасининг ароқхўрлигидан безиб, уни қариялар уйига ташлаб келган бир ўзбек йигитини муҳокама қилишди. Аввалига ҳамма йигитнинг қилмишини маъқуллаб, ичкиликка ружу қўйган отани танқид қилишни бошлаб юборди. Бир отахоннинг: «Ҳой биродарлар, нима деяпсизлар, динимизда фарзанд отанинг қилмишини кўпчилик муҳокамасига ташлаши у ёқда турсин, ҳатто унга овозини баландлатиб гапиришдан қайтарилган-ку, мусулмон киши отаси ҳатто мушрик бўлсаям, унга шафқат кўрсатишга буюрилган-ку!» деб эътироз билдирганидан кейингина вазият ўзгарди.

Замондош олимларимиздан бири ёзганидай, «барча нарса асли билан боғланган ҳолда мус­таҳкам бўлади, аслидан узилган ҳар бир нарса хорлик ва харобликка маҳкум. Кишининг асли ота-онасидир. Чунки унинг ўсиб-улғайиб, камолга етиши уларга боғлиқ. Ота-онасидан узилган бирор кимсанинг толеи бахти ҳеч қачон баланд бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ота-онасидан ёки уларнинг биридан узилган, ажралган кимса “оқ” деб аталади. Ота-онадан узилиш уларни ранжитишдир. Уларнинг қалбига озор етказган, норози қилган ўғил ёки қиз “оқ”дир ва қаттиқ гуноҳкордир».

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм