Мақолалар

АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДА

Чоп этилди May 22, 2019 АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (қаддасаллоҳу сирраҳу)[1]

Уларнинг йўли тариқатда ҳужжатдур ва барча фирқаларда мақбулдур. Улар сидқу сафо ва Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шариати ва суннатига тобеъликда доимий бўлганлар. Бидъат ва ҳаводан қочиш ҳамда унга қаршилик қилишга жидду жаҳд қилганлар. Ўзларинг пок равиш (йўл)ларини ғайр (бегона)лардан пинҳон тутганлар. Қалб зикри сабоғини Ҳазрат Хожа Хизр (алайҳиссалом)дан олиб, у билан доимий машғул бўлганлар. Хожа Хизр уларни фарзандликка қабул қилдилар ва “Ҳовузға кир, сувга шўнғи ва қалбинг билан لا إله إلا الله محمد رسول الله «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»ни айт», деган эди. Улар шундай қилиб, бу вазифани олди. Вазифага машғул бўлиб, кушойишлар топдилар. Ҳол аввалидан то ҳолнинг охиригача барча одамлар наздида мақбул ва мақтовга сазовор бўлдилар.

Шундан сўнг шайхларнинг шайхи, олим ва орифи раббоний Хожа Имом Яъқуб Юсуфи Ҳамадоний (Аллоҳ таоло сирларини муқаддас қилсин) Бухорога келдилар. Хожа Абдулхолиқ уларнинг суҳбатларини топдилар ва уларда қалб зикри эгасилигини билдилар. Бухорода эканликларида суҳбатларида бўлдилар.

Айтишларича, Хожа Хизр уларнинг сабоқ пирлари, Хожа Юсуф эса суҳбат ва хирқа пири эди. Хожа Юсуфдан сўнг Хожа Абдулхолиқ риёзатга машғул бўлдилар ва ўз ҳолларини пинҳон тутар эди. Валоятлари шу даражага етдики, намоз вақтида Каъбага бориб қайтардилар. Шом вилоятида уларнинг муридлари кўп эди. У ерда хонақоҳ ва хосхоналар пайдо бўлди.

Ашуро кунларидан бирида кўпчилик одамлар Хожанинг ҳузурида ўтирган эди. Улар маърифатдан сўз айтар эди. Ногаҳон зоҳид суратида, елкада хирқаси, қўлтиғида жойнамози билан бир йигит кириб келди ва бир четга ўтир­ди. Хожа унга қараб қўйдилар. Бироздан сўнг йи­гит ўр­нидан туриб: «Ҳазрат Рисолат (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): اتقوا فراسة المؤمن فإنه ينظر بنور الله яъни: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар, эҳтиёт бўлинглар, чунки у улуғ ва азиз бўлган Аллоҳ таоло нури билан боқади” деганлар, бу ҳадиснинг сири нимада?», деб сўради. Хожа (Аллоҳ таоло раҳмат қилсин) дедилар: “Бу ҳадиснинг сири шуки, зуннорингни кесгайсан ва имон келтиргайсан!”. Йигит: «Наъувзу биллаҳ[2], менда қандай қилиб зуннор бўлсин!», деди.

Хожа Абдулхолиқ ходимига ишора қилди. Ходим ўрнидан туриб, йигитнинг хирқасини ечди. Хирқа остида зуннор кўринди. Йигит ўша онда зуннорини кесди ва имон келтирди. Ҳазрат Хожа шунда: «Эй дўстлар, келинглар, биз ҳам мана шу янги имон келтирган йигит каби зуннорларимизни қирқамиз ва имон келтирамиз, у агар зоҳирий зуннорни қирққан бўлса, биз ботиний зуннорни қирқайликки, бу манманликдан иборатдур, у кечирилди, биз ҳам кечирилайлик!», дедилар. Ёронларда ажиб ҳолат пайдо бўлди, барчаси Хожанинг оёғига йиқилдилар ва янгидан тавба қилдилар.

Бир куни дарвишлардан бири Хожанинг ҳузурида: «Агар Худойи таоло менга дўзах билан жаннатнинг бирини танлаш ихтиёрини берса, мен дўзахни танлаган бўлур эдим, негаки, мен умрим давомида нафснинг хоҳишига кирмаганман, бу пайтда жаннатни танлаш нафснинг муроди, дўзах эса Ҳақ таолонинг муроди бўлур эди», деди. Хожа Абдулхолиқ унинг сўзини рад қилдилар ва унга дедилар: «Бандада нима ихтиёр, қаерга бор деса, ўша ерга борамиз, қаерда тур деса, ўша ерда турамиз, бандалик шудир, сен айтган нарса эмас!»

Дарвиш улар (Абдулхолиқ Ғиждувоний)дан: «Бу йўлда юрувчиларга шайтон ҳокимлик қила оладими?” деб сўради. Хожа унга: “Агар бу йўлда юрувчи нафсини тўлиқ ўлдиролмаган бўлса, ҳар вақт ғазаб отига минса, шайтон унга ҳоким бўлади. Аммо бу йўлда юрувчи ўз нафсини тўлиқ ўлдирган бўлса, унда ғазаб эмас, ғайрат бўлади, ҳар ердаки ғайрат бўлса, у ердан шайтон қочади. Бундай сифат кимки, ўз юзини Ҳаққа бурган, Худойи азза ва жалланинг Китобини ўнг қўлда тутган, Расулнинг суннатини чап қўлда тутган ва бу икки йўл орасидаги равшан йўлдан юрган бўлса, ўшанга насиб қилади”, дейдилар.

Бир куни мусофир киши узоқ йўлдан Ҳазрат Хожа Абдулхолиқнинг ҳузурига келган эди. Ногоҳ бир чиройли йигит Хожанинг ҳузурларига кириб, дуо қилишларини сўради. Хожа дуо қилдилар ва йигит кўздан ғойиб бўлди. Мусофир: «Бу киши ким эди?» деб сўради. Хожа жавоб бердилар: «Бу бир фаришта бўлиб, мақоми тўртинчи осмонда экан. Бир айб туфайли мақомидан узоқлаштирилибди ва дунё осмонига келиб қолибди. У фаришталардан: «Нима қилсам Худойи таоло мени ўз мақомига қайтаради?» деб сўрабди. Фаришталар биз томон йўл кўрсатишибди. Келди, дуо талаб қилди, дуо қилдик, ижобат бўлди ва ўз мақомига қайтди.

Бир ҳожатталаб: «Эй Хожа, бизга ҳам дуо билан имонимизга мадад қилинг, шояд шайтоннинг домидан жонимизни соғ-саломат қутқазиб кетсак», деди. Хожа дедилар: «Ваъда борки, ҳар ким фарз намозларидан сўнг дуо қилса, ижобат бўлур, буни пайидан бўл ва бизни ҳам фарзларда дуойи хайр билан ёд қил, биз ҳам сени ёдга олурмуз, шояд шу аснода сен учун ҳам, мен учун ҳам ижобат зоҳир бўлса!»

 

[1] Жомий. “Нафаҳот ул-унс…”. Мазкур асар, 383–384-бетлар.

 

[2] Наъувзу биллаҳ – Аллоҳдан паноҳ тилаймиз

 

 

 

 

 

“Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”

(Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм