Мақолалар

Жаноб Скайлер, саидазимларни нега сўкасиз?!

Чоп этилди May 22, 2019 Жаноб Скайлер, саидазимларни нега сўкасиз?!da fikr bildirishni o'chirish

 

 

“O`zbekiston” нашриёти хайрли ишга қўл урди – XIX асрнинг нодир тарихий манбаларидан бири, америкалик тадқиқотчи, дипломат ва сайёҳ Южин Скайлернинг 1876 йилда Лондонда нашр этилган “Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” асарини тарихчи олим, доцент Зокиржон Саидбобоев таржимасида чоп этди.

Мутаржимнинг айтишича, икки жилддан иборат мазкур китобни докторлик диссертацияси юзасидан манбалар билан танишиш жараёнида Лондон кутубхонасидан топган. “Кейин маълум бўлдики, мазкур нашрдан бир нусха Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг “Нодир қўлёзмалар” фондида сақланаётган экан”, деб ёзади тадқиқотчи.

Китобга сўзбоши ёзган профессор Дилором Алимова “Туркистон” асари ўлканинг Россия империяси истилосидан кейинги ҳаёти ҳақидаги ажойиб манба бўлиб, Арминий Вамберининг машҳур “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китобидан қолишмаслигини, аммо бу китоб негадир шу вақтга қадар на рус, на ўзбек тилига таржима қилинганини қайд этади.

Таажжуб, бир асрдан зиёдроқ чанг босиб ётган бу асарни нега казо-казо олимларимиз кўрмади? Балки кўриб-кўрмасликка олишгандир? Ёки бундай манбалар калити йўқолган сирли сандиқми?! Хўш, номи ва асари шўролар томонидан ҳам ғоят сир тутилган шахс ким бўлган?!

З.Саидбобоевнинг ёзишича, Южин Скайлер 19 ёшида АҚШдаги Йел университетини, сўнг Колумбия университетининг Ҳуқуқ мактабини битирган. Журналистикага қизиқиб, “The Nation” журнали билан ҳамкорлик қилган. Рус тилини қунт билан ўрганиб, 1867 йилда рус ёзувчиси И.С.Тургеневнинг “Оталар ва болалар” романини инглиз тилига таржима қилади ва нашр эттиради. 1864 йилда АҚШ Давлат департаментига ишга қабул қилинади ва 1867 йилда АҚШнинг Москвадаги консули сифатида иш бошлайди. Меҳр қўйган адиби И. Тургенев билан учрашади, Лев Толстой билан Ясная Полянада бир неча кун суҳбат қуради, ёзувчининг “Казаклар” қиссасини инглизчага ағдаради. Донгдор адиб ҳамкасби Иван Тургеневга хат йўллаб, “Скайлер менга жўнатган “Казаклар”нинг инглизчаси, назаримда, жуда яхши чиққан” дея юқори баҳо беради.

Журналист, таржимон, олим ва дипломат Южин Скайлер Туркистонга 1873 йилда – Россия империяси Ўрта Осиёда ҳарбий ҳаракатлар – Бухоро амирлигининг бир қисми эгалланиб, Хива хонлигига қарши фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган, Қўқон хонлигида низолар кучайган бир паллада келади. Туркистон тарихи, табиати, диний ва миллий қадриятларидан анча-мунча бохабар инглиз сайёҳи юртимизнинг ўнлаб шаҳар ва кентларини гоҳ яёв, гоҳ отда, гоҳ аравада кезади, амир ва хонлар билан учрашади, ўлканинг истило туфайли барбод бўлган ҳаётини ўз кўзи билан кўради. У аллақачон дунёдан узилган, жаҳолат илм-маърифатни енгган, зулм адолат пайини кесган, уч байроқ кўтариб бир-бирини қирпичоқ қилиб юрган Ўрта Осиёни ва уни забт этишни илмий экспедициялардан бошлаган, ҳарбий-техникавий салоҳиятини ошириб бораётган чор истилочилари хатти-ҳаракатини гоҳ ҳаяжон, гоҳ хотиржамлик билан кузатади.

Таржимон изоҳида ёзилишича, “Ю.Скайлер Ўрта Осиёга саёҳати натижалари ҳақида АҚШ Миллий География жамиятига ҳисобот ҳамда Давлат департаментига махфий маъруза жўнатади. 1876 йилнинг декабрида ана шу махфий маъруза Америка матбуот нашрларидан бирида, сўнгра русча таржимаси Петербург газеталарида чоп этилганидан Ю.Скайлер қаттиқ эсанкираб қолади. У ўз маърузасида генерал К.П.Кауфманни маҳаллий аҳолига нисбатан шафқатсизликда айблаган эди. Бунга жавобан рус журналистларидан бири ўз газетасида генералга нисбатан адолатсиз айблов қўйгандан кўра, ўз ватандошларининг Шимолий Америка ҳиндуларига нисбатан муносабатига диққат қаратишни маслаҳат беради”.

Скайлер Ўрта Осиёда мусиқа ва рақснинг бениҳоя қадрланишидан ҳайратга тушади. “Сартлар қўшиқ айтишни хуш кўришиб, қоронғу тушиб, бозордаги дўконларнинг деярли бариси ёпилганига қарамай, бир оҳангдаги қўшиқни икки тор жўрлигида ёхуд бирор шеърни ярим жўрликда соатлаб биргаликда ўтириб тинглашарди”.

Ўзбек оилаларида меҳмон бўлган сайёҳ “Сартлар сўққабошликни ёмон кўришади ва келин-куёвнинг оиласи бир-бирига мавқеи тенг бўлишига катта аҳамият беришади”, дейди. Ўша вақтларда қизлар асосан 11-15 ёш орасида турмушга узатилганини кўрган сайёҳ Ўрта Осиёда “ривожланиш шу даражада тезки, йигирма беш-ўттиз ёшли аёллар аллақачон қари ва кўримсиз бўлиб қолади” дейди. Яна бир эътиборга молик маълумот. Скайлернинг ёзишича, Тошкентда ёш йигитга қизни фақатгина хотинликка олишга қатъий қарорга келгандан сўнггина чодрасиз кўрсатишади. Шунчаки қизиқиш ёки эрмак учун кўришга рухсат берилмайди. Мусулмоннинг ғайридин билан никоҳи қатъий тақиқланган. Шунингдек, яқин қондошлик бўйича ҳам никоҳлар ман этилган.

Ўзбекларни табиатан миришкор деб атаган Скайлер қадим боғларимизни кўриб лол қолади: “Ҳеч қаерда мева бунчалик кўп эмас ва айтишларича, баъзилари бошқа ерларда бу ердагидан тузук эмас. Ўйлашимча, бу ернинг ширин ўриклари бошқа ҳеч қаерда топилмайди”.

Южин Скайлер мансуб давлат ва сиёсатнинг рус истилочиларига муносабати маълум, аммо тасвирланаётган объект – Туркистон ҳаёти нафақат у, балки Европа ва Америка учун ҳам сирли бир олам эди. Шу боис, Скайлер илк сайёҳ сифатида бу номаълум, мутлақо ўзига хос мамлакатнинг даштдаги гиёҳи, кўл ва булоғи, мусулмонча тартиб-қоидалар, уйга солинган нақш, дастурхондаги мева, эр-аёлнинг либоси – ҳар бир унсурнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилади ва бор ҳолича холис тасвирлайди. Бирор бир ҳукмдор олдида ҳисобдор бўлмагани учун у ҳақдаги кўрган билганлари ва эшитганларини бўяб-бежамасдан ҳикоя қилади. Лалмикор халқ билан суҳбатда бўлган сайёҳ бу ерларда қурғоқчилик халқ бошига катта бало келтиришини, биргина 1770 йил Бухородаги қаҳатчилик, 1810-1811 йиллардаги очарчилик ҳақида гапириб, одамлар ўз фарзандларини, опа сингилу оналарини сотишганини, кексаларни ўз ҳолига ташлаб қўйишгани ёки ўлдиришганини айтиб, 1835, 1869-1870 йиллардаги каби очарчилик бу ерларда ғайриоддий ҳолат саналмайди, дейди.

Тадқиқотчи Бухоро амири Насруллони қонхўр, ундан кейин тахтга ўтирган ўғли Музаффарни одамови, семиз ва дангаса, ахлоқсиз деб айтади. 1870 йилда Шаҳрисабз қўлдан кетгандан кейин Китоб ва Шаҳрисабз беклари – Жўрабек ва Бобобек Қўқонга қочади. Қўқон хони Худоёрхон эски аламини олиш учун қулай фурсат келганидан мамнун бўлиб, ҳар икковини чор маъмурларига тутиб беради. Скайлернинг ёзишича, Жўрабек русларнинг Ўрта Осиёни эгаллаб, унинг эгасига айланганига амин бўлган, келгусида улар кўмагида яна ҳокимиятга келишига умидвор эди.

Инглиз дипломати Россия марҳаматидан умидвор кўплаб адолатсиз, қўрқоқ, аммо йигирматалаб хотин олиб умри кайф-сафода ўтган беклар билан ҳамсуҳбат бўлади. Солиқ сиёсати изчил ишлаб чиқилмагани учун солиқчиларнинг таъмагир ва порахўрлигини кўради.

Южин Скайлер Қўқонда солиқ юкини кўтара олмай абгор бўлган ва хонга қарши қўзғолган халқ ҳаётини тасвирлайди. Асарда ёзилишича, Қўқон хонлигида солиқлар шу даражада эдики, ҳовуз бўйида яшовчилар зулук, ким бозорда сут, қаймоқ сотса ҳар бир косаси учун, кимда-ким ўт-ўлан, қамиш ва бута ғамлаган бўлса, кўча ва бозорда маймун, айиқ, эчки ўйнатиб томоша кўрсатса солиқ тўлайди. Хоннинг қизиқчилари бозор оралаб томоша кўрсатиб пул йиғади ва бу маблағ хоннинг ошхонасига сарф қилинади. Бундан ташқари, масжидга тайинланган имом хонга ўн танга, сўфи беш танга бериши шарт. Акс ҳолда, ишламайди.

Китобда куракда турмайдиган иқтисодий сиёсат юргизган, генерал Кауфман қўлловига ҳар лаҳза кўз тикиб турадиган Худоёрхон ҳақида шундай дейилган:“Хон ҳар ёзда номигагина саёҳат ва назорат деб, аслида турли беклардан йирик миқдордаги пулни совға тарзида олиш учун бекликларга саёҳат қиларди”.

Худоёрхоннинг қўқонликларни ёвдан ҳимоя қилиши шарт бўлган армияси қуйидагича тасвирланади: “Қўқоннинг 12 000 кишилик қўшини бўлиб, анча суст, интизоми яхши йўлга қўйилмаган. Бир хил кийинган ва қуролланган иккита одамни зўрға учратдим, холос. Баъзиларида калтак, сойли ёки пилта милтиқ бўлса, баъзиларида учи айлана жезли, бўғимларига тақиб олган маҳаллий сўйилдан бўлак ҳеч вақо йўқ”.

Асарнинг Тошкент билан боғлиқ боби ҳам ўқувчини мутаассир қилади.

Скайлер серсув Тошкентга эга чиққан чор расмийлари шаҳарнинг рус қисми учун янги канал қуришга енг шимариб киришганини, бу ўта нозик ва мураккаб иш маҳаллий аҳолидан суғориш санъатини ўрганмаган рус муҳандисига топширилгани сабабли, гарчи зовур қазилиб, дамба кўтарилганию, анча пул совурилганига қарамай бир томчи ҳам сув оқмагани ва лойиҳадан воз кечилганини зикр этади. Сўнг шаҳардаги баобрў зотлар ҳақида тўхталиб, “Тошкентда иккита савдогар бўлиб, ҳам руслар, ҳам маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга” дер экан, “Улардан бири Шарофий деган татар бўлиб, рус аскарлигидан қочиб, бу ерда қарийб қирқ йилдан бери истиқомат қиларди. У хон ва унинг саройига яқин одамларга кўп қарз берганидан унинг олдида кўпчилик қарздордир”, дея ёзади. Иккинчи йирик савдогарни шундай таништиради: “Бошқа бири Саидазим ўткир ва фитначи одам бўлиб, асли тошкентлик, Оренбург ва Троицкда савдо-сотиқ мақсадида бўлганида рус тилини ўрганиб олган. Тошкент эгалланганида у Троицкда эди. Қайтганида сарт ва татарларнинг таржимонлари руслар орасида шаҳар аҳли ва улар ўртасидаги воситачи сифатида обрўси баландлигини билиб, у дарҳол ўзини рус расмийлари орасига урди. Ўшандан бери ҳар ёқлама ҳурмат-эҳтиром, хушомад ва ҳатто совға-саломлар воситасида улар билан қулай имкониятлар эвазига битимлар тузган. Аслида сартларнинг уни кўрарга кўзи йўқ ва агар руслар Тошкентни қачондир ташлаб кетгудек бўлса, халқнинг энг биринчи қиладиган иши уни ўлдириши бўлишини аҳолидан бир неча бор эшитдим”. (Таъкид бизники – О.Т.)

Асар муаллифи Саидазимбой руслар Хивани забт этгани шарафига “катта байрам қилиб, томошаю ўйинлар бергани билан ўзининг дини ва одоб-ахлоқини таҳқирлади” дейди.

Зийрак ўқувчи бу сатрларни ўқир экан, инглиз тарихчисининг дарғазаб қиёфасини яққол кўради.

Жаноб Скайлер, сиз саидазимларга бекор таъна қилгансиз!

Билмайсиз-да, уларнинг уруғи тошга ёйилган эканми, XX асрни чирмовуқдай эгаллади: 20-30-, 50-йилларда ва 80-йилларда ҳам уларнинг касби юртфурушлик бўлди. Бугун ҳам унда-бунда кўриниб қолади. Фақат эгнида нархи бир мошинга тенг костюм-шим, бўйнида бир бузоқли сигирнинг пулига баробар бўйинбоғ…

Ана шунақа!

Муҳтарам ўқувчи, кўнглингизда “Южин Скайлер илғаган бош-кети йўқ бетартиб бошқарув ва халқнинг аянчли турмушини ўзимизнинг муаррихлар кўрмаганми? Жимжимадор, баландпарвоз услубларда қасидаю тарих битган, амир ва хонларни соҳибқирон, искандару соний дея мадҳ этгувчи солномачилар ҳам май ва ҳарамга ғарқми эди?” деган талай саволлар туғилиши табиий. Шуни унутмангки, масту мустағриқ давралардан ўзини тийганлари ҳам ризқни у ёки бу соҳиби салтанат қўлида деб билгани учун ҳукмдорга ҳамду сано ўқиш билан овора бўлиб, уларнинг бошқа бир хонлик ҳудудида қоғоз-қалам кўтариб юриши Азроилнинг этагини тутиш билан баробар эди. Южин Скайлер эса Туркистоннинг яккаю ягона хўжайинига айланган чор маъмурлари ва уларнинг чизган чизиғидан чиқолмайдиган қўғирчоқ хонлару амир ҳадиксирайдиган давлатнинг расмий вакили. Шунинг учун унга аксарият масалада рухсатнома бор, юриш-туриши дахлсиз, тегишли маълумот ва рақамларни олиши, кўнгли тусаган жойда бўлиши мумкин.

Тошкентнинг хом ғиштдан тикланган, томи лойсувоқ уйлари баҳорда ёввойи лола, ковул ва бошқа турфа гуллар билан қопланиб, жуда гўзал ва ажойиб тус олишидан ҳайратланган сайёҳ шаҳарда “мол гўшти тақчил ва ёмон, қўй гўшти эса мўл-кўл, арзон ва мазали” деб ёзади. Скайлер Тошкентда қўй гўшти асосий гўшт ҳисобланишини, от гўшти тарихий китобларда татарларнинг махсус егулиги сифатида қайд этилганини, тошкентликлар от гўшти емаслигини қайд этади. Тошкент халқи кўк чой ичишини, ошдан сўнг сув ичишни зарур деб билишини, қора чой худди ёғоч кана каби руслар келгунча маълум эмаслигини таъкидлайди.

Тошкентни кезган Южин Скайлер чор маъмурлари бу ерга турли мақсадда – кимдир қарз олган одамларидан қочиб, кимдир юқори маош илинжида, яна бошқаси пенсияга чиқиш учун қисқа муддат зарур бўлган иш стажига эга бўлиш, бошқаси тезда бойиб кетиш умидида, хуллас, барчаси Санкт-Петербургча ўй-фикр билан келганини ёзади: “Тошкентдаги рус жамияти ўлка ҳақида маълумотларга эга бўлиш тугул, ҳатто унга умуман қизиқмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Мени шунчалик узоқдан, улар учун ҳаммаси кўнгилсиз саналган бу мамлакат билан қизиқиб, уни кўришга келганимни кўпчилик тушуниши ғоят мушкул эди”.

Скайлер “Бутун Тошкентда маҳаллий халқ ҳақида қизиққан инсон Молия вазирлигининг вакили жаноб П. эди” дер экан, самимий бу инсоннинг исм-шарифини негадир тўлиқ келтирмайди. Унинг айтишича, жаноб П. туркий тилни жуда яхши ўзлаштирган, меҳмондўст. Уйига таниқли маҳаллий халқ вакиллари тез-тез келиб туради, “рафиқаси ҳам маҳаллий аҳоли орасида катта ҳурмат қозонган”.

Либерализм мусулмон жамиятига ҳар доим ҳам муваффақият келтиравермаслигини китобни ўқиш асносида англаш мумкин. Ўрта Осиё халқлари турмуш тарзига ёт бўлган (босқинчилар учун кони фойда) эркинлик миллий ва диний қадриятлар илдизига болта урган. Бу жуда нозик жараённи кузатган хорижлик муаррих илгари Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида раис деб аталувчи расмийлар аҳолининг масжидларга боришини назорат қилиб, керак бўлса, иш жойи, дўкон ва бозорлардан олиб келишган бўлса, кейинги пайтларда Ўрта Осиё халқлари диний ҳаётига аста-секин ўрмалаб кириб келаётган либерализм ёмон оқибатларга олиб келаётганини ёзади. “Руслар Тошкентни босиб олганларидан сўнг раис идорасини бекор қилганидан бери динга амал қилишда анча сустлик кузатилмоқда. Қозиларнинг айтишича, бурунги намозхонларнинг ярмиси ҳам кунлик ибодатга чиқмай қўйиб, кўплари, айниқса, иш билан ўта машғул одамлар намоз ўқиш у ёқда турсин, кун давомида ҳатто таҳорат олиш ҳақида ҳам ўйлашмайди”.

Э, воҳ! Юзлаб масжид ва мадраса, шариатга қурилган илм ва ҳаёт шунчаки зоҳирий амаллармиди? Бу халқнинг бошида раис турса “Аллоҳ!” дейдию, раис йўқ жойда куфр кетадими? Бундай риёкорлик истило билан бирга келдими ё аввалдан унинг уруғи униб чиққанмиди?

Бу саволларга ҳамма ҳар хил жавоб беради. Ҳар бир жавобда каттами-кичик ҳақиқат бор. Лекин, менимча, раият ва юрт сўраганларнинг мунофиқлиги мағлубиятга олиб келди.

Южин Скайлернинг “Туркистон” асари биз учун изтироб китоби. Муаллиф уни, эҳтимол, АҚШ Давлат департаменти буюртмасига кўра битгандир. Аммо, назаримда, америкалик тарихчи “Мана, ота-боболарингиз ҳаёти. Ўқинг, хулоса чиқаринг” деётгандай. Нафсиламрини айтганда, бундай китоблар бир ўқишда кўнгилни зимистон қилади. Лекин…

Тарих – аччиқ бодомга ўхшайдими, дейман-да. Мағзию ёғи бадхўр, лекин кўп дардга шифо.

Гап “аччиқ бодом”га эҳтиёжмандликда!..

 

Олим ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

ЎзА