Мақолалар

Закот – молиявий ибодат

Чоп этилди May 23, 2019 Закот – молиявий ибодатda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ азза ва жалланинг инсониятга, ҳаётларида бевосита татбиқ этиб, икки дунё саодатига эришишлари учун нозил қилган барча шариатида молиявий ибодат – садақа бериш фарз қилинган. Жамиятнинг мол-мулк эгалари бўлмиш бойлари, унинг кам таъ­минланган аъзоларига моддий ёрдам кўрсатишлари диний вази­фалари ҳисобланган. Аллоҳ таоло охир замон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни закот деб ном­лади. Албатта, закотда ҳам бошқа ибодатларда бўлганидек маъна­вий, руҳий ҳикматлар бор.

Бандаларни яратиб, уларга барча неъматларни ато қилган фа­қат Аллоҳнинг Ўзи, демак, молу дунёни берган ҳам у Зотдир. Шун­ай экан, банда Аллоҳнинг мол-дунё билан боғлиқ имтиҳонидан ўтиши керак. Аллоҳ таолонинг амрини молдан устун қўйиб, закот берадими ёки мол-дунёсига қул бўлиб, уни, муҳаббатини Раббисидан устун қўядими?

Аллоҳ азза ва жалла ана шундай имтиҳони билан сирот кўпригидан ўтадиганни йиқиладигандан ажратиб олади.

Закот ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзасидан олдин фарз қилинган. Закотнинг қатъий фарзлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан собитдир. Ким мўмин бўлатуриб, намоз ўқиб, закотнинг фарзлигига рози бўлмаса, диндан чиққан ҳисобланади. Пайғамбар (алайҳиссалом) вафотларидан кейин закот беришдан бош тортган қабилалар билан биринчи бўлиб халифа Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бошлиқ барча саҳобалар қаттиқ курашган.

“Закот”нинг луғавий маъноси ўсмоқ, кўпаймоқ, покламоқ, деган маъноларни англатса, шаръий маъноси: махсус важҳда, кўринишда, белгиланган мол-мулкдан маълум миқдорини чиқариб, кимга дир бериладиган нарсанинг исми закот дейилади. Бугунги куннинг истилоҳи билан айтадиган бўлсак, закот – жамият аъзо­ларига, яъни мўминларга юклатилган молиявий мажбуриятдир.

Қуръони каримда “закот” сўзи ўттиз мартадан ортиқ зикр қилинган бўлса, шулардан йигирма еттитасида намоз бирга келган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) суннатларида ҳам закотга катта эътибор берилган.

 «Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қи­лувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз)» (Бақара, 43).

 «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) йўлдир» (Баййина, 5).

Юқоридаги ҳар икки ояти каримада закот сўзи улуғ ибодат – намоз сўзига қўшилиб келмоқда.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида закот намоздан ке­йинги ўринда келтирилган. Бу закотнинг шартлиги намоз мажбуриятидан кам эмаслигига далилдир. Демак, намоз қанчалик фарз бўлса, закот ҳам шунчалик фарз.

 «Молмулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва то­залашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эши­тувчи ва билувчидир» (Тавба, 103).

Закотнинг молу мулкка боғлиқ ҳикматлари:

Закоти берилган мулк – бойлик (камбағаллар ҳақидан) пок­ланади ва баракали бўлишига – кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади.

Закот берувчининг ўзига тааллуқли ҳикматлари эса: энг аввал Аллоҳ таоло ҳузурида саховатли, итоатли мўмин банда деб мақ­талади, хулқи сахийлик фазилати билан зийнатланади. Нафс бахиллигидан тозаланади. Гуноҳларига каффорат бўлади. Камбағаллар ичида ҳурмати ошади. Қиёмат кунида эса, бошига соябон бўлиб, юқори даражаларга эришади.

Закотнинг рукни ихлос, яъни молнинг закотини бераётган мў­миннинг қалбида, бу молиявий ибодати фақат Аллоҳ розилиги учун, деган ўй-фикр бўлиши керак. Закотдаги ихлос шундай бў­лади, бу ихлосни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ихлос Аллоҳ таоло билан банданинг ўртасидаги сирдир. Мўмин киши қиладиган барча ибодатларининг илдизи ана шу сирдан суғорилган бўлиши лозим.

Айниқса, закот ибодатида, у молиявий-моддий ашёлар билан бажариладиган ибодат бўлгани учун шайтон осонгина қалб сирини, яъни ихлосни ўмариб, ўрнига шахсий манфаатлардан иборат ўй-фикрларни жойлаб қўйиши мумкин. Натижада эса, миқдори қанча кўп закот берилган бўлса-да, закот берувчига унинг заррача савоби ҳам, закот ҳикматлари ҳам бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун закот берувчи бой кишилар бунга йўл қўймасликлари керак, бунга эътибор беришлари шарт.

Закот, унинг фазли ва ажри ҳақида, кўплаб ҳадиси шарифлар муътамад китобларда келтирилган, масалан:

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)ни (9-ҳижрий йил охирида) Яманга (амир қилиб) юбораётганларида: “Сен (эй Муоз!) аҳли китоблар жамоасига боряпсан. (Борганингдан сўнг) уларни “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”ни тасдиқ этишга чақир. Улар сенга итоат этиб, буни тасдиқ этишгач, Аллоҳ уларнинг зиммасига ҳар кеча-кундуз беш вақт намозни фарз қилганини уларга билдир, бас, улар бунга (ҳам) итоат этишса, Аллоҳ уларнинг зиммасига бой кишилардан олиниб, муҳтожларга тарқатиладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдир. Агар улар итоат этишса, бас, сен уларнинг қимматбаҳо молларини олма, (сен, эй Муоз, уларнинг ичида қози бўлиб юрар экансан) бировга зулм қилиб унинг қарғишига қолишдан сақлан, чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳнинг ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳурматларига, севгиларига сазовор бўла олган мадиналик маш­ҳур саҳоба. Пайғамбар (алайҳиссалом) у кишини Яман аҳлига ўз­ларидан элчи, яъни Ислом арконларини ўргатадиган муаллим, ўр­таларида ҳукм чиқарадиган қози этиб юбордилар. Улуғ Пайғам­бар (алайҳиссалом) олийгоҳида таълим олиб, олим бўлиб етишган Муоз Яманга жўнашидан олдин яна бир бор Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳикматларидан баҳраманд бўлди. Бунда Муоз (розияллоҳу анҳу) яманликларга Аллоҳнинг фарзларини бирданига юкламасдан, таълим самарасини оширадиган усулда, навбатма-навбат, секин-аста, шошилмасдан даъват қилиши баён қилинган эди. Илм-фан ривожланган бугунги кунда таълим тизимида кенг қўлланиладиган ушбу самарали анъанани ўн тўрт аср олдин инсониятга ҳар соҳада намуна бўла олган зот Муҳаммад (алайҳиссалом) қўллаган эдилар.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандалари учун ҳозирлаб қўй­ган жаннатлари ичида энг аълоси Фирдавс номли жаннат бўлиб, у ҳақда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сиз (эй мўминлар), Аллоҳ­дан жаннатул Фирдавсни сўранг, чунки у жаннатларнинг энг аълосидир”, деганлар.

Фирдавсга меросхўр бўладиган мўмин­лар, қайси амаллари эвазига меросхўр бўлиб, унда абадий қолишла­ри Муъминун сурасида батафсил баён қилинган:

 «Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидир» (Муъминун, 11).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминлар нажот топишини очиқ-ойдин ваъда бермоқда. Ҳали нажотга эришмаган мўминларнинг ўтган замон феълида ҳақиқатан нажот топдилар, дейилиши уларнинг қуйидагиларга амал қилсалар, охиратда нажот топишлари аниқ­лигини билдиради.

  1. «Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир» (Муъминун, 2). Намозни хушу билан ўқимайдиган, қалбида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин ва тезда ўзини ўнглаб олсин.
  2. «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилардир» (Муъ­минун, 3). Беҳуда сўз, беҳуда иш, тафаккур, ҳис-туйғу, умуман, бар­ча беҳуда нарса учун мўмин кишининг қалбида жой йўқдир. Унинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амри­ни тафаккур этиш билан банд бўлади.
  3. «Улар закотни адо қилувчилардир» (Муъминун, 4). Мў­минлар ўз шахслари, ибодатлари ва қалбларинигина эмас, мол-мулкларини ҳам поклаб юради. Мазкур амал молдан закот чиқа­риб, ҳақдорга бериш билан бўлади. Зеро, “закот” сўзи ҳам поклаш маъносини билдиради. Яратган Хожасига молиявий ибодат қи­лади. Ана шундагина нажотга эришишнинг шартларидан бири­га амал қилган бўлади. Молидан ҳақдорларга закот чиқариб берма­ган одам бу мартабани умид қилмаса ҳам бўлади.

Демак, Пайғамбар (алайҳиссалом)дек зотнинг ишқлари туш­ган Фирдавс жаннатига эга бўлиб, унда абадул-абад қоладиган мўмин­лар бошқа солиҳ амаллар қатори, қодир бўлишса, молла­ри­нинг за­котини ҳам ўз ҳақдорларига берган бўлишлари лозим. Ал­бат­та, Ислом рукнларининг ҳар бири, жумладан, закот ҳам, уни их­лос ила адо этувчи бандани Раббисига яқин қилади.

Ояти карима ва ҳадиси шарифларда закотларини берган бой­ларга ажру азимлар ва яхши ваъдалар берилиши билан бирга, унга қодир бўлатуриб, бу илоҳий мажбурият гарданига тушишига ярайдиган ҳолатда бўлатуриб, ундан бош тортган, бермаган мў­минларга қаттиқ ваъидлар ҳам айтилган, ҳалокатли оқибатдан огоҳлантирилган, худди шу маънодаги тарихий воқеалар ҳикояси ҳам баён қилинган, токи бошқалар ибрат олсин, насиҳатлансин!..

Ушбу мазмундаги оятлардан бирида Аллоҳ таоло бундай дей­ди:

 «Эй имон келтирганлар! (Аҳли китоблар ичидаги) руҳоний ва роҳибларнинг кўпи одамларнинг молларини ноҳақлик би­лан ейди ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсади. Олтин ва ку­мушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йў­лида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида хуш­ха­бар беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизи­тилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқа­лари куйдирил­ган ку­ни: Бу ўзларингиз учун сақлаган хази­нангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз! (дейилади)» (Тавба, 34–35).

Ояти каримада “канз”ни муфассирлар: – жамлайдилар, йиға­дилар, деб таржима қилган.

Аллоҳ йўлида сарфламайдилардан мурод, закотни бер­мас­ликларидир.

Бу фикрга “Сунани Абу Довуд”даги ушбу ҳадиси шариф далил бўлади:

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мазкур ояти карима нозил бўлгач, бу мўминларга оғир келди, саҳоба­лар ташвишга тушди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Мен бунга аниқлик киритаман”, деб, Пайғамбар (алайҳиссалом)га бориб: “Ё Расулуллоҳ! Бу оят саҳобаларингизга оғир бўлди?!” деди. Пай­ғамбар (алайҳиссалом) Умарга: “Аллоҳ таоло закотни (закоти бе­рилган) мол-мулкдан қолганини поклаш учун фарз қилди. (Яъни тилло-кумуш ва бошқа мол-мулкнинг закоти берилса бўлди, улар­ни кўпайтиришда сизга гуноҳ йўқ)”, дедилар.

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бу жавобларидан Умар (рози­яллоҳу анҳу) хурсанд бўлди, ҳатто, такбир айтиб юборди. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Сенга киши қўлга ки­ритадиган нарсалари ичида энг хайрлисидан хабар берайми?” деб, “Унга қараганда хурсанд қиладиган, иш буюрилса, итоат қи­ладиган, эри йўқлигида (унинг молинию шаънини) муҳофаза қи­ладиган солиҳа аёлдир”, дедилар» (Абу Довуд).

Чунки саҳобалардан ҳам давлатманд, тиллою кумушлар жам­ғарган бой кишилар бўлган.

Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Олтину кумуш жам­лайдиган кишилар, деб бошланган ояти карима нозил бўл­гач, биз Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бир сафарда эдик. Саҳо­ба­лар­нинг баъзиси: “Олтин, кумуш ҳақида гап шу бўлса, бизга қай­си мол яхшироқ экан, қай бири манфаатлироқ экан. Билгани­миз­да эди, ўшани маҳкамроқ ушлар эдик”, деди.

Пайғамбар (алайҳиссалом) уларга жавоб бериб: “Сизларга энг яхши мол – Аллоҳни зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб ва диё­нат ишларига ёрдам берадиган солиҳа, мўмина аёл!” дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа).

Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган мазкур ҳадиси ша­рифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсон умри мо­байнида эга бўладиган нарсалар ичида энг афзалини, саодатуд-дорайнга элтадиганини қисқа ва лўнда қилиб баён қилдилар. Те­ран фикрлаб кўрган соф имонли мўмин, дунё имтиҳонларидан йи­қилмай ўтишида, охиратда нажотга эришишида ана шу уч нарса киши ҳаётида не чоғли зарур эканини ҳис қилади. Буни ҳар бир мўмин Аллоҳдан кўпроқ сўраши лозим. Аллоҳ кимга бу уч нарсани насиб этган бўлса, албатта, уларнинг қадрига етиши керак бўлади.

Мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ривоят қи­лади: «Мен тоза тилло тақинчоқ тақардим. Бу ҳақда: “Ё Расулул­лоҳ, шу ҳам конми?” деб сўрадим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Нисобга етгач, унинг закоти берилса, бас, у кон эмас”, деди­лар». (Абу Довуд, Ҳоким ва Байҳақий).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғам­бар (алайҳиссалом): “Закоти адо этилган мол-дунё хазина эмас”, дедилар» (Имом Табароний ва Байҳақий).

Шу маънони таъкидловчи яна бир ҳадисда бундай дейилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ким олтин-кумуш йиғса ва уларнинг закотини адо этмаса, қиёмат куни ўтдан тамға қилинади ва ёнбошига, пешо­насига ҳамда орқасига босилади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Аллоҳ бир бандага мол-дунё берса, у банда молининг закотини бермаса, қиёмат куни шу моли заҳри ўткирлигидан боши ялтираб кетган, кўзининг устида иккита қора нуқтаси бор қўрқинчли илонга айлантирилади. Илон унга ўралиб уни бўға бошлайди. Кейин оғзининг икки чеккасидан тишлаб: “Мен сенинг мол-давлатингман, мен сенинг закотини бермага­нинг олтин ва кумушларингман”, дейди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳадисларини тугатишлари ҳамон ушбу оятни ўқидилар:

 «Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисоблама­син­лар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қил­ган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйи­лади. Осмонлар ва Ернинг мероси Аллоҳга (қолур). Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» (Оли Имрон, 180) (Имом Бухорий).

Динимиз таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол-дунё унга Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган омонатдир. Ўзининг меҳ­нати, донолиги билан эришган бўлса ҳам бу меники, пешона терим, ҳеч ким хўжайин эмас, деб ўйламасин. Ўзи ҳам, молу дунёси ҳам Аллоҳ таоло­ники, Аллоҳ хўжайин, шунинг учун молини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфлаши, энг аввал закотини бериши, Ра­ма­зонда фитр садақа ва бошқа ихтиёрий инфоқ-эҳсонлар қилиб туриши керак. Ана шунда нафс бахиллигидан сақланиб қолади. Ким: “Домлалар айтаверади, ота-боболаримиз: “Ема-ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг, мен кафил! Бировга бериш тугул емай-ич­май йиғавер, бой бўласан, деб бежизга айтишмаган” деган “доно” фикрга ёпишиб олган бўлса ва сарф қилишдан қочиб тўп­ласа, у бахиллик қилган бўлади. Бу бахиллик ўз эгасини дўзахга олиб боради. Бахиллик ўзига яхши бўлиб кўринади. Сиртдан қараганда, бахиллик молни муҳофаза қилади.

Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишдан асрайди, лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, ўлиб кетгач, шундоқ қолади, қолганда ҳам бахиллик билан тўплагани учун ўзига бало-офат бўлиб қолади. Аллоҳ таоло уни бахиллик билан тўплаб қўйган мол-мулкининг ўзи билан жазоламайди, жазо кўриниши юқоридаги ҳадисда айтилди. Ким бу фоний ва бевафо дунёда бир нарсани қаттиқ яхши кўриб уни Аллоҳ ва Расулидан, унинг итоатидан юқори қўйса, яъни ўша­ни деб, Аллоҳ таолога бўйсунишдан қолса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни худди шу севган нарсаси билан жазолайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбари­миз (алайҳиссалом): “Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир, бахил киши Аллоҳ­дан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир. Ўзи жоҳилу, бироқ сахий киши Аллоҳга севиклироқдир, обид бўл­са-­да, бахил бўлган кишидан кўра”, дедилар» (Имом Термизий).

Аллоҳ таоло бандаларининг ботинини ва зоҳирини яхши би­ладиган Зотдир. Бахилнинг бахилона тушунчасини ҳам, ишла­ри­ни ҳам, сахийнинг ҳам барча амалларини ҳисоблаб борадиган Зот­дир. Ҳеч кимнинг ҳеч нарсаси У Зотдан махфий қолмас.

Закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллар­дан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пул­лар­дан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кунда­лик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, машина, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.

Кимда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, у кишига закот фарз бўлади:

Биринчидан, моли нисобга етган бўлиши керак. Нисоб: мол-мулкнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати томонидан ҳар йили Рамазонда тайин қилинадиган маълум миқдорга етиши. Фатво ҳайъатидагилар закот нисобини шариатга мувофиқ ҳанафий мазҳаби асосида белгилаб, эълон қилади.

Диний идора ходимлари ҳар йилги закот нисобини 20 мисқол тилло нисобига кўра ҳисоблаб, эълон қилади. 20 мисқол тилло ҳозирги кунда 85 гр тиллога тенг дейилади. Демак, тиллонинг нисоби 85 гр бўлиб, шунча тиллоси бор одамга закот фарз бў­ла­ди. Ёки 85 гр тиллонинг қийматига тенг маблағи, маҳсулоти бор одам­га унинг закоти фарз бўлади.

Кумушнинг ҳам нисоби бўлиб, илгари 200 дирҳам бўлган. Ҳо­зир ҳисоб бўйича 200 дирҳам кумуш 595 гр га тенг.

Демак, кимнинг тиллоси нисобга етиб, бир йил тўлса ёки шун­га қиймати тенг молга бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақ­дорга чиқариб беради. Моли­дан закотини ажратаётганда шу­ни ният қилади.

Иккинчидан, нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.

Учинчидан, ана шу нисобга етган, бир йил тўлган мол (ёки пули) эгасининг қўлида, ихтиёрида, тасарруфида турган бўлиши лозим. Йўқотилган, бировдан ололмаётган молидан ҳам закот берилмайди.

Тўртинчидан, закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмай­ди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди.

Закот олишга ҳақдорлар ким? Кимларга закот берса бўлади?

Буни Аллоҳ таоло белгилаб қўйган:

 «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлидагилар ҳамда йўловчиларга (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зот­дир» (Тавба, 60).

Ушбу ояти каримада закот бериладиган саккиз тоифа баён қи­линди.

  1. Фақирлар – нисобга етмайдиган нарсаси бор киши.
  2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши.
  3. Садақа йиғувчи – атрофлардан закотларни йиғиб, кучини, вақтини шунга сарф қиладиган кишилар. Шу хизматларига яраша йиғилган закотдан маълум миқдорда уларга бериш мумкин.
  4. Қалбларини Исломга мойил қилиш – баъзи қабила бош­лиқларига закотдан улуш бериш. Пайғамбар (алайҳиссалом) вақтларида, ул зот худди шундай қилганлар.
  5. Бўйинларини қулликдан озод қилиш. Мукотаб қулни озод бўлиши учун берилади. Мукотаб: хўжайини билан маълум миқдордаги маблағни тўлаш эвазига озод бўладиган қул.
  6. Қарздор киши. Гарданида катта қарзи бор, тўлашга маб­ла­ғи йўқ киши.
  7. Аллоҳ йўлидаги мўмин. Бунга Аллоҳ учун, унинг йўлида юрганлар киради.
  8. Йўловчи мусофирларга. Ўзга юртда юрган мусофир киради. Ўз юртида кўпгина маблағи бўлса ҳам.

Мана шу юқоридаги саккиз тоифа ҳақдорлардан бирига ёки бир нечтасига хоҳлаганча закот берса бўлади. Улардан бошқа жойга закот берилмайди, акс ҳолда, у закот ҳисобланмайди. Закот ибодатини адо этувчи, шунингдек, қўшимча хайр-садақа берувчи мўминларга Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ваъда қилади:

 «Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара, 274).

Ояти каримадаги кечаю кундуз сўзидан мурод, ҳар қандай вақт­да, имкон бўлган пайтда қилиш кўзда тутилган, пинҳона ва ошкора сўзидан мурод, хайру эҳсон, баъзан яширин тарзда ва баъ­зан (иложсиз) ошкора тарзда қилинадигани бор. Никоҳ, ақиқа ва бош­қа шунга ўхшаш тўй зиёфатлари кўпчилик иштирокида, эълон қилиб ўтказилади. Шунингдек, Ислом арконларидан бўлмиш закотни ҳам бошқаларга ибрат мақсадида ошкора берган афзал дейилган. Ихтиёрий хайр-садақалар эса яширин, махфий қилингани афзал, шу даражадаки, ўнг қўл берганни чап қўл билмасин.

Ушбу ояти карима, ундаги ваъда закот берувчига ҳам, ихтиёрий хайру эҳсон қилувчига ҳам тегишли, шу шартлар биланки, ҳар қандай хайру садақа Аллоҳ йўлида холис бўлсин, ҳалол мол ва ҳалол йўл билан топилган молдан бўлсин ҳамда муносиб ўринга бўлсин. Эҳсон қилувчида заррача ҳам риё, фахр бўлмасин, қил­ган эҳсони ортидан миннат ва азият етказмасин, чунки миннат ва таъна ёки риё қилинган эҳсоннинг савобини йўққа чиқаради. Бу ҳақ­да Қуръонда очиқ-ойдин маълум қилинган:

 «Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб бе­радиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб) сипсиллиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай!» (Бақара, 264)

Аллоҳга ва охиратга ишонмаган кишининг қиладиган яхши ишларига, инфоқ-эҳсонларига бировлар кўрсин, мақтасин деб об­рў орттиришга ўхшаш, ҳар хил дунёвий мақсадлар сабаб бўлиши табиий. Ахир улар Аллоҳга ва охиратга ишонмаганларидан кейин қиладиган ҳар қандай эзгу ишлари Аллоҳ йўлида эмас, балки ўз­ла­рининг шахсий манфаатлари йўлида бўлади. Шундай экан, ояти каримада айтилганидек, улар қиёматда ҳеч қандай савоб олол­майди.

Аллоҳга ва охиратга ишонган мўминларнинг ичларидан ана шулардек қилган яхшиликлари, берган закоту инфоқ-эҳсонлари эвазига ҳеч қандай дунёвий мукофот олиш насиб этмайдиганлари ҳам бўлади. Чунки улар ўша эзгу амаллари ортидан, масалан, за­котларини берганларидан кейин миннат, таъна қилган бўлади. Ана шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун Аллоҳ таоло бизларни огоҳ қилди. Миннат қилмасликка ва озор бермасликка буюрди. Мўминдан содир бўладиган закот ва шунга ўхшаш барча солиҳ амал­лари Аллоҳ розилиги учун бўлишига, агар шундай бўлса, унга бериладиган ажр-савоби қуйидагича бўлишини баён қилади:

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайди, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Аллоҳ йўлида молларни инфоқ-эҳсон қилишнинг фойдаси уш­бу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда хайр-эҳсон қилган, закот берган кишининг молу дунёси к­майганга ўхшайди. Аслида эса, худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир дона донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб кўпайганидек, Аллоҳ йўлида сарфланган мол ҳам бир неча баро­бар кўпайиб кетади. Аллоҳнинг ўзи уни кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мақсад, Аллоҳ таолонинг йў­лида сарф қи­линган биргина нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир.

Кейинги ояти каримада Аллоҳ йўлида мол сарфлашнинг одоби, шарти ҳақида сўз кетади:

 «Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсала­рига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Раб­билари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хав­фу хатар йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар» (Бақара, 262).

Демак, бировларга қилган яхшилигимиз, берган садақа-закот­ларимиз учун бир неча зиёдаси билан ажр олишимизнинг шарти, ўша кишига миннат қилмаслигимиз, унга мутлақо озор бермаслигимиз, уни камситмаслигимиздир. Мақтов ҳам, миннат ҳам ёлғиз Аллоҳга хос бўлиб, ожиз банданинг миннати худди ҳасаддек яхши ишларини еб битиради, йўқ қилади. Шунинг учун миннат қилиш ўрнига қилган ҳар қандай яхшилигимизни унутишимиз лозим, айнан шу нарса қиёмат куни нажот топишимиз, Аллоҳ ваъда қил­ган етти юз баробар савоб олишимиз ва у куннинг хавф-хатарлари­дан омонда бўлишимиз аломатидир. Юқоридаги шартларга амал қилолмаган банда, яъни риё ва миннатдан холи садақа қилиш қўлидан келмаган кишининг яхши гапириши ёки кечиримли бўлиши ҳам садақа бўлади.

 «(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақа­дан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир» (Бақара , 263).

Ортидан озор келадиган садақанинг ҳеч кимга кераги йўқ.Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқ­дир. Чунки бир оғиз бўлса ҳам ширин сўз қалбга таскин беради, киши­ни руҳан кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади. Бас шундай экан, албатта, бу ишлар кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ.

Аллоҳ беҳожат ва ҳалим Зотдир, яъни У бой – бировнинг сада­қасига муҳтож эмас. У Ҳалимдир – бандалари ношукрлик қилсалар ҳам, уларнинг гуноҳини ўтиб, ризқларини бераверадиган Зотдир.

Мазкур оятлардан кўриниб турибди, агар бир солиҳ амалимиз учун холислик асосий мезон экан. Акс ҳолда, қилган амалимиз зое бўлар экан. Аллоҳ бирор бандасига омонликни зое қилишни истамайди. Магар бошқалар ўз ниятлари ва амаллари билан зое қилсалар ҳам.

 «…ва албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрмукофотини зое қилмас» (Оли Имрон, 171).

Закот ҳақидаги рисоламизга қуйидаги ҳадиси шариф билан якун ясаймиз.

Ҳасан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг”, дедилар» (Абу Довуд).

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”

(1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм