Мақолалар

Йўқотилган пул

Чоп этилди Dekabr 25, 2018 No Comments

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўткир зеҳн-заковат, фаҳм-фаросат, юксак фазилат эгаси бўлган. У зотнинг ўта аниқ ва теран фикрларидан кўплаб одамлар хабардор эди. Кунлардан бирида кечга яқин Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига бир киши келиб ўзининг шикоятини арз қилди:

– Пулларимни қаерга беркитиб қўйганимни унутиб қўйдим. Илтимос, менга пулларимни топишимда ёрдам беринг.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:

– Яхши, аслида бу иш билан шуғулланиш менинг вазифам бўлмаса-да, уруниб кўраман, – деб жавоб берди.

Сўнгра, Абу Ҳанифа бир муддат ўйлаб бундай деди:

– Уйингизга бориб Аллоҳнинг ибодати билан тонггача машғул бўлинг, ажаб эмас шунда Аллоҳнинг инояти ила пулларингизни қаерга қўйганингиз ёдингизга тушса.

Ҳалиги киши Абу Ҳанифа айтганларидек уйга бориб эндигина намоз ўқишни бошлаётганида бирдан пулини қаерга қўйгани ёдига тушди. Намозини тезда ўқиб, пулини олиш учун шошилди.

Эртаси куни яна Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига қувончи ва ташаккурини изҳор қилиш учун борди. Абу Ҳанифадан қандай қилиб намоз ўқишни бошлаганда пулини беркитган жой ёдига тушишлигини билгани ҳақида қизиқиб сўради. Шунда Абу Ҳанифа:

– Шайтон сизни то тонггача намозда қоим туришда кўришни истамайди, шу сабабли, намозни тезда тугатишингиз учун сизга пулингизнинг турган жойини эслатди, сиз эса намозни тарк этиб пул томон шошиб кетдингиз, деб жавоб берди.

Нега қўлимизда турган чексиз бойликни ташлаб ўткинчи бойлик сари ошиқамиз?

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan