Мақолалар

Меҳр уйи

Чоп этилди May 24, 2019 Меҳр уйиda fikr bildirishni o'chirish

Меҳрнинг на ранги, на шакли, на вазни бор. Лекин кенглиги уммонча. Бу – менинг тасаввурим.

Унинг ҳам уйи бор, бу – қалб. Меҳр кўрсатиш, яхшилик қилиш, назаримда, ибодатга ўхшайди. Айниқса, сенга яхшилик раво кўрмаган одамга меҳр-муҳаббат билан жавоб қайтариш – катта жасорат. Ғаним сенга тош отаётганини кўриб сен қўлингга гул ушлашинг,  тили билан дилингни тиғлаганни дуо қилишинг, сени йиғлатган одамга табассум ҳадя этишинг, ҳақоратласа сукут сақлашинг – қалбингда меҳр дунёси барқарорлигидан далолат. Ғамларни кулгу билан аритиш, машаққатларга сабр этиш ҳам меҳрли инсоннинг  хислатидир.

Меҳр – бебаҳо, лекин у бозорда сотилмайди. У қалблардан қалбларга улашилади. Меҳр – қалбни қалбга боғлаб турадиган илоҳий туйғу. У шунчалар осон намоён бўладики – бир илиқ нигоҳ, табассум, самимий эътибор кифоя. Меҳр мисоли кўчат: уни бир дилдан пайвандлаб, бошқа дилга ўтқазса бўлади. Меҳр дарахти яшнаб турган қалбдаги офтоб қалбларни забт этади.

Меҳрни умрингизга зийнат этмоқчи бўлсангиз, кибр, ҳасад, нафратни унутиб, эзгулик ва поклик йўлини тутинг.

Дилфуза УСМОНОВА,

Тошкент вилояти Бўка тумани