Слайдер

Ислом илмий мероси ҳақида ташқаридан намуна қидиришимиз шарт эмас!

Чоп этилди May 24, 2019 Ислом илмий мероси ҳақида ташқаридан намуна қидиришимиз шарт эмас!da fikr bildirishni o'chirish

Қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тинчлик институти (АҚШ), Минтақавий мулоқот маркази билан ҳамкорликда халқаро семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва АҚШдан 60 дан зиёд экспертлар, исломшунос олим ва мутахассислар иштирок этди.

Халқаро семинарда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш, маърифий ислом ғояларини кенг ёйиш, радикал кучларнинг бузғунчи ғояларидан ёшларни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчиларга Ўзбекистонда ушбу соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган амалий ишлар, ташкил этилган янги илмий-тадқиқот марказлари ва диний ташкилотларнинг аждодларимиз меросини ўрганиш ва халқимизга етказишдаги аҳамияти, мамлакатимиз раҳбариятининг халқаро майдонда илгари сурган таклиф ва ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.

Қуйида халқаро семинар қатнашчиларининг Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга оид фикр-мулоҳазаларини келтирамиз:

 

Айнур Абдурасилкизи – Дин масалалари бўйича илмий-тадқиқот  ва таҳлил маркази директори (Қозоғистон):

– Мутахассис сифатида Ўзбекистонда сўнгги йилларда содир бўлган ўзгаришлар мени бефарқ қолдирмади. Бугунги анжуман бизнинг, бир-биримизга қанчалик керак эканлигимизни кўрсатиб берди. Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, Бухоро, Самарқанд ва Қўқоннинг ислом маърифатига оид бой мероси биз учун диний-маърифий асос бўлиб хизмат қилган. Қозоқлар ва ўзбеклар бир тану бир жон бўлган қардош халқлардир. Азалдан бу ер илм ўчоғи бўлиб келган. Биз ўрганаётган барча масалалар шу заминда мавжуд. Мен ҳам ўз юртимга қайтганим заҳоти Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан алоқаларни боғлашга ҳаракат қиламан. Чунки бу марказ минтақадаги маърифий марказларнинг юраги бўлишига ишонаман. Ислом илмий мероси ва тамаддуни ҳақида биз ташқаридан намуна, ўрнак қидиришимиз шарт эмас. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, Ўзбекистонда бу борада ҳамма имкониятлар мавжуд.

 

Зайирбек Эргашов – Қирғиз Республикасининг Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори: 

– Ўзбекистонда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган мазкур семинар бир-биримизнинг диний, маърифий қарашларимиз, илм-фан ва маданиятимиз ҳақида маълум хулосаларга келишимиз, барчамиз учун умумий бўлган йўналишларни белгилаб олишимиз учун жуда муҳим майдон вазифасини бажарди, деб ҳисоблайман. Ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиёда шаклланган ислом тамаддуни бутун дунё илм фани ва маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Собиқ шўролар даврида ислом қадриятлари ва мусулмон зиёлиларига нисбатан зуғум кўрсатилганини яхши биламиз. Шунга қарамай, айнан Тошкентда 1944 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси иш бошлаган, Бухорода Мир Араб мадрасаси қайта ташкил этилган. Айни шу заминда Марказий осиёлик диний етакчилар, зиёлилар ўз соҳалари бўйича чуқур таълим олдилар ва бутун минтақа бўйлаб хизмат қилдилар.

Биздаги диний соҳадаги барча мутахассислар Тошкент, Бухоро, Андижон ва Қўқонда таълим олган эди.

 

Расим Челидзе – дин масалалари бўйича эксперт,  PhD (Қозоғистон):

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлардан мамнунмиз. Ислом масалалари бўйича мутахассис сифатида Ўзбекистоннинг ислом маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаси нечоғлик улкан эканини яхши англайман. Бугун мусулмон дунёси ўрганаётган илмий-маърифий мерос, истайсизми, йўқми, Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини кўриб, ғурурландим. Ишонч билан айтаманки, ушбу марказ ислом уламолари илмий меросини ўрганиш бўйича дунёнинг энг нуфузли марказларидан бирига айланади. Бунинг учун Ўзбекистонда етарли тажриба ва илмий салоҳият мавжуд.

 

ЎзА