Дунё янгиликлари

Пластик маҳсулотларни тақиқлаш механизми ишлаб чиқилмоқда

Чоп этилди May 24, 2019 Пластик маҳсулотларни тақиқлаш механизми ишлаб чиқилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

Ҳар йили Буюк Британияда миллиардлаб пластик ичимлик найчалари ишлатилади, деб ёзади New Scientist журнали. Уларнинг, асосан, денгизга ташланиши оқибатида сув ўсимликларига зарар етказилмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида ҳукумат 2020 йил апрелдан айнан пластик ичимлик найчаларидан фойдаланишни бутунлай тақиқлади. Шунингдек, пластик қулоқ тозалагичлар ҳам ишлатилишдан тўхтатилади.

Гарчи тақиқ тўғрисидаги таклифлар бир неча йиллардан бери билдириб келинса-да, у жорий йилдан бошлаб ҳаммани жиддий ўйлантира бошлади.

Кўпчилик кафе, бар ва ресторанлар аллақачон ўзларига мос бошқа чораларни излашмоқда. Масалан, уларнинг кўпчилиги қоғоз найчаларни сотиб ола бошлашган. Маълумотларга қараганда, Британиянинг йиллик пластик найчалар истеъмоли 4,7 миллиард, қулоқ тозалагичлардан фойдаланиши эса 1,8 миллиард донани ташкил қилади. Шу туфайли уларнинг бутунлай тақиқланиши айрим тоифа одамларига қийинчилик туғдириши мумкин. Бу борада ҳукумат тиббий муаммоси бор баъзи фуқароларга эркинлик бериши мумкин.

Лекин умумий жамоатчилик қарордан норози эмас. Синов ишлари ўтган йили октябрьдан бошланган бўлса, шундан буён жамоатчиликнинг катта қисми бунга хайрихоҳ эканлигини билдирган.

— Бу буюмлар гарчи бир неча сониягина ишлатилса-да, юз йиллар давомида ҳам йўқ бўлиб кетмайди. Бир лаҳзалик қулайлигимиз учун биз денгиз оламининг қанча йиллар давомида зарарланишига йўл қўйиб беряпмиз — дейди мутахассислардан бири Михаил Гове.

Гарчи юқоридаги маҳсулотларнинг тақиқланиши табиат муҳофазаси учун қилинаётган муҳим иш бўлса-да, ҳали мамлакатда бошқа бир марта ишлатиладиган турли буюмлар, масалан, ичимлик контейнерлари, кофе идишларига нисбатан маълум миқдорда солиқ белгиланмаган. Бироқ агар Буюк Британия Евроиттифоқ аъзолигини сақлаб қоладиган бўлса, 2021 йилдан бошлаб Европа Парламенти қоидаларига асосланиб бир марталик пластик санчқи, қошиқ ва пичоқларга ҳам тақиқ қўйишни режалаштирган. Ҳукумат вакилларига кўра, буларнинг барчаси атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун керакли чора-тадбирлардир.