Мақолалар

Бир аёл фожеаси: “Совурилган йилларим”

Чоп этилди Dekabr 26, 2018 No Comments

Эндигина 6 ёшга тўлган қизалоқ эдим. Элас-элас хотирлайман: онам билан отам қаттиқ-қуруқ сўзлашарди. Отам: “Яхшигина пул топиб келаман, йўлимни тўсма, илтимос”, дер эди. Онам бўлса “Кетманг”, дея ёлворарди. Бироқ отам онамнинг илтижолари-ю таваллоларига қулоқ солмасдан кетди. Орадан кунлар ўтди, отам уйга қайтиб келмади. Ҳамма уни қидира бошлади. Ўн кундан сўнг уйимизга полициячилар келди. Ўрмондан топилган бир жасад ҳақида гапирдилар. Мен ҳатто ўша кезларда жасаднинг нима эканини ҳам билмас эдим, онамга, бувимга, бобомга, полициячиларга ҳайрон бўлиб боқар эдим.  Биз отамнинг оналари билан бирга яшар эдик. Топилган жасад отамнинг майити экан. Бир неча кундан сўнг ашёларимизни тўплаб онамнинг ота-онасиникига кўчиб кетдик. Ўша кунлар мен учун жуда ҳам оғир бўлди. 1999 йилнинг май ойида отамдан айрилиб қолдик. Уч ой ўтганидан сўнг зилзила бўлди ва менинг руҳиятимга ёмон таъсир қилди. Зилзилани биринчи марта кўришим эди, жуда қаттиқ қўрқдим. Орадан қанчадир вақт ўтиб онам ишга кирди, мен ҳам мактабга чиқдим.

Бувимнинг уйида тоғамлар билан бирга етти киши яшар эдик. Уйда доимо жанжал бўлар ва хотиржамлик йўқ эди. Сўнгра онам ишхонасидаги раҳбарига турмушга чиқди, кўп вақтдан бери гаплашиб юришар экан. У одам хотинидан яқинда ажрашибди. Мени янги хонадон ва янги ҳаёт кутаётган эди. Ўгай отам сухтаси совуқ ва кўримсиз одам эди. Менга нималар қилишим айтилган эди. Аммо хато-камчиликларимга кўз юмди, тез-тез сафарга чиқар эдик. Ўгай отамнинг моддий аҳволи янада яхшиланди, онам билан биргалашиб ҳаракат қилиб ишларини йириклаштирдилар. 2007 йилги инқирозга қадар ҳаммаси яхши эди…

Ўгай отамнинг фабрикаси банкрот бўлди, баъзи машиналаримиз ва уйларимиз гаровга қўйилди. Бир зумда ҳаммаси тескари кетди ва ўша йили укам дунёга келди. Ўгай отам шу қадар бадбин кимсага айланган эдики, ёнида туришни ҳам истамас эдим, хонамга кириб олардим-да дарсларимни қилиб, шу билан ўзимни чалғитиб ўтирар эдим. Бир дўстим бор эди, ора-орада у билан кўришиб дардлашиб турардим. Ҳар иш бир маромда секин-аста давом этиб келаётган чоқда дўстим қамоқхонага тушиб қолди. Ҳар кеча йиғлай-йиғлай хат ёзар эдим унга.

Бир куни уйқум қочди. Онам катта хонада телевизор кўриб ўтирган эди. Мен ҳам орқа тарафидаги диванга узаниб телевизорга қараб ухлаб қолибман. Лабимда бир жирканчли илиқликни ҳис этдим, бирдан ҳайратга тушдим, қўллари билан кўксимдан босиб, лабини лабимга босиб олган ифлос ўгай отам эди… Ўрнимдан отилиб турдим. Хонамга кириб тонггача йиғладим. “Мен буни онамга қандай қилиб айтаман, менга ишонадими?” дея тонгга қадар ўйланиб йиғладим ва эрталаб унга айтдим. Онам даҳшатга тушди, бошидан қайноқ сув қўйилгандек бўлди, Кечқурун ўгай отамдан сўради, мен хонамда уларнинг гапига қулоқ солиб турган эдим. У бақириб инкор этди. Онам гўё унга ишонгандек кўрсатди ўзини. Эртаси куни ўтириб муаммога бир ечим изладик, тополмадик. Борадиган жойим бўлмагани учун гуноҳкор бўлиб қолавердим. Қўрққанимдан ҳар кеча ёстиғимнинг остига пичоқ қўйиб ётар эдим.

Бир йилдан сўнг ўтирган уйимиз қарзларни тўлаш учун сотувга қўйилди. Биз эса ижарага чиқдик. Ўшанда укам икки ярим ёшда, мен эса лицейнинг 3-курсида ўқир эдим. Ўқишга борар эдим. Қўлимизда фақат кичкина дўконча қолган эди. Дарсдан чиқиб дўконга келаман. Онам дўконни менга топшириб овқат пишириш учун уйга кетади. Кунларимиз шу зайлда кечарди. Дўстим эса ҳали ҳам турмада ўтирганди.

Бир оқшом аммам мени уйига чақирди. Уникида қолиш учун рухсат сўрамоқчи бўлиб ўгай отамнинг олдига бордим ва яна тажовузга учрадим. Керакли нарсаларимни олдим-да, эшикни очиб чиқиб кетдим. Онамга эртасига унга қўнғироқ қилишимни айтдим. Эртаси куни қўнғироқ қилиб бўлган воқеани гапириб бердим. Онам ўгай отамга айтибди ва у уйни тарк этибди. Мен уйга келдим. Онам бир ёнда, укам бир ёнда йиғлар эдилар.

У онамга: “Ё қизинг, ё мен”, деб шарт қўйибди. Мен отасиз ўсдим, укам ҳам етим ўсмасин дея бувимникига кетдим. У ерда ҳам муттасил миннат эшитдим, сўнгра бир неча кунни отамнинг онасиникада, бир неча ҳафта амманикида қолдим. Тўрвахалтам қўлимда эшикма-эшик сандироқлаб юрдим. Тўртинчи курсда ўқиётганимда онамнинг онасиникида яшаётган эдим, бобом харжлик берса, бирор нарса олиб ердим, бўлмаса, оч кетиб-оч келар эдим. Ҳаётим чидаб бўлмас даража келди, муттасил миннату дакки эшитардим, оч-наҳор юрардим. Менинг бошимдан нималар ўтганини ҳеч ким билмас эди, ҳамма мени айбдор деб ҳисоблар эди. Бу орада дўстим қамоқдан чиқди. Биз яна кўришиб турар эдик. Мажбур бўлганимдан ўқишимни ҳам ташлаб, дўстим билан қочиб кетдим. Саккиз йил бўлди. Турмушнинг яхши-ёмон кунларини бирга ўтказдик. Иккита фарзандим туғилди.

Ўзимга ўзим сўз бердим: қанчалик оғир кунларни яшасам ҳам, бошим очиқ қолсам ҳам болаларимни асло бировга муҳтож этмайман.

Муаллиф: Гултан АЖДАР

Таржимон: Қизманой ҲАЙИТОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan