Мақолалар

Сарф-харажатда тежамкор, ўртаҳол бўлиш

Чоп этилди May 24, 2019 Сарф-харажатда тежамкор, ўртаҳол бўлишda fikr bildirishni o'chirish

“Фақир” сўзи араб тилида умуртқа поғонасининг синиши маъносини англатади. Чунки фақирлик кишини худди умуртқаси синган одамдек, муҳтож қилиб қўяди. Бойликка киноя маъносида кўп ишлатиладиган “бели бақувват” ибораси ҳам шунга ишорадир.

Камбағаллик кишининг жасорат ва иродасига салбий таъсир қилади. Натижада у ўзининг молиявий вазифаларини адо этишдан қочишга уриниб қолади. Ҳатто у сахийлик сифатини ўзига тегишли эмас деб хо­тир­жам юради. Бора-бора бахил бўлиб, жамиятда ўз ўрнини йўқотиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўпинча дуоларида камбағалликдан асрашини Аллоҳ таолодан сўраганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ! Мен Сендан фақирлик, камлик ва хорликдан паноҳ сўрайман”, дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаёт доим ҳам бир хил эмас, инсон гоҳида йўқчилик кишанларидан ўзини халос қилишга куч тополмай қолади. Ана шундай ҳолида ҳам мўмин киши инсоний қадр-қимматини сақлаб, Аллоҳ таоло рози бўладиган йўл тежамкор, ўртача бўлиши лозим.

Яъни, зиммасидаги ҳақларни адо этишга бор кучи билан ҳаракат қилиши керак. Ўрни келганида, ўзидан кўра камбағал кишиларга саховат қилиб туриши ҳам шулар жумласидан. Зеро, саховат берилаётган нарсанинг ҳажми билан эмас, қилувчининг ҳиммати билан ўлчанади.

Камбағалликдан азият чеккан одам тежамкорликда ҳад­дан ошиб кетганидан кўпинча бахилликка ўтиб, бу сифат унинг табиатига ўрнашиб қолади. Натижада қўлига бойлик келса ҳам, уни сарфлашдан чўчийди. Шу боис киши фақир бўлганида ҳам сарф ва нафақада ўртача бўлишга буюрилган.

Мўмин банда ҳар бир ишда Аллоҳга таваккул қилиши, ризқни Раззоқ Зот Аллоҳ таолодан деб билиши ва ҳақ йўлда сарф қилинган мол-дунёнинг ўрнини тўлдириб беришига чин дилдан ишониши лозим. Ана шунда инсон қашшоқ бўлса ҳам, бахиллик қилмай, қалби хотиржам бўлади.

Ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, садақа сўрайди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир тўда қўйни унга садақа қиладилар. Ҳалиги одам имон келтириб, Исломни қабул қилади. Чунки у бундай саховат, фақирликдан қўрқмаслик пайғамбарларнинг хусусиятларидан эканини биларди.

Ислом мўътадиллик дини, ҳаддан ошиш ҳам, нуқсонга йўл қўйиш ҳам қораланади. Ҳатто фақирликда ҳам киши ўртаҳол йўл тутиши тавсия қилинмоқда.

Биз “бойлик” деб таржима қилган сўз матнда “алғина” беҳожатлик, муҳтож бўлмаслик маъносини англатувчи калиманинг ўзагидан олинган. Чунки бойлик кишини бошқаларга муҳтож бўлишдан, эҳтиёжмандликдан қутқарувчи омил ҳисобланади.

Аммо бойлик ҳам кўпинча кишининг ҳаддан ошишига олиб келади. Чунки бой молиявий сарф-харажатларда исрофга яқин кишидир. Озгина пул билан битадиган ишларга керагидан ортиқ пул харжлайди, ўринсиз сарф-харажат қилиш унинг учун оддий ҳолга айланади ва исрофга йўл қўяди. Аллоҳ исроф қилувчиларни яхши кўрмайди. Қуръони каримда:

“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Зеро, У Зот исроф қилувчиларни суймас”(Аъроф, 31).

“Албатта, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди” (Исро, 27) каби оятлар бандаларни исроф қилишдан қайтаради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида биз умматларини бундай огоҳлантирадилар:

Муғийра ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларда “қийлу қол” (деди-деди)ни, кўп савол беришни ва молни зое қилишни яхши кўрмас”, дедилар» (Имом Бухорий).

Бошқа ҳадисда эса: “Тежамкор киши муҳтож бўлмайди”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти). Бой одам, айниқса, ўзи учун оғринмай, қўлида бор мулкни сарфлагиси келади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ўгитлари орқали ўртаҳол бўлишни, сарф-харажатларда исроф қилмай, тежамкор бўлишни васият қилмоқдалар.

Бор мулкини беҳуда совуришга, ортиқча сарфлашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

(Бахиллик қилиб) қўлингни бўйнингга боғлаб ҳам олма, (исрофгарчилик қилиб) уни бутунлай ёйиб ҳам юборма! Акс ҳолда, маломатланган ва ҳасрат қилган ҳолда ўтириб қолурсан” (Исро, 29).

Демак, сарф-харажат қилишнинг уч жиҳати бор:

  1. Ортиқча камхаржлик. Бир йўла қўлни боғлаб, бировга бирор моддий манфаат етказишдан умуман ўзини олиб қочиш. Бу бахиллик ҳисобланади. Бундай одам молиявий вазифаларни, вожиб нафақаларни ҳам ўрнида адо қилмайди.
  2. Ортиқча сарфлаш. Яъни, бўлар-бўлмасга пулни совуриш, ноўрин сарф-харажат қилиш исроф бўлади.
  3. Ўртачалик. Яъни, зиқналик ҳам, исрофгарчилик ҳам қилмаслик, мўътадил йўл тутиш. Бошқача қилиб айтсак, ҳақдорларга бериш, молиявий вазифаларни тўкис бажариш, манфаатли ўринларга пул сарфлаб, шариат тақозосига кўра иш кўриш.

Ислом дини мана шу учинчи йўлни – ўртаҳол бўлишни буюради. Мўмин киши еб-ичишда, кийим-кечак кийишда, уй-жой қуришда, умуман, барча эҳтиёжла­ри­да ўрта йўл тутиши лозим. Шундa y Аллоҳнинг раҳ­ма­ти­га эришади. Қуръони каримда:

“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) нафақа қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67) дейилган.

Бир аъробий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб: «Араблар: “Охирги чегарани яхши кўриш – ҳаддан ошиш, ишларнинг яхшиси – ўртачаси”, дейишади. Шунинг Қуръонда асоси борми?” деб сўрайди. У зот: “Ҳа, бор”, деб қуйидаги оятларни ўқийдилар:

 «Улар дедилар: “Раббингдан биз учун дуо қилиб сўра, бизга у (сигир) нималигини баён қилсин!” (Мусо) деди: “(У) айтмоқдаки, у қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёшдаги си­гирдир. Бас, сизга буюрилган нарса (иш)ни қилингиз!”» (Бақара, 68).

(Бахиллик қилиб) қўлингни бўйнингга боғлаб ҳам ол­ма, (исрофгарчилик қилиб) уни бутунлай ёйиб ҳам юборма! Акс ҳол­да, маломатланган ва ҳасрат қилган ҳолда ўтириб қолур­сан” (Исро, 29).

(Эй Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар). Шуларнинг (жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни истанг!”(Исро, 110).

“Улар нафақа қилганларида исроф ҳам, хасис­лик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида мўътадилдир” (Фурқон, 67).

Жамиятдаги ҳар бир ноўрин сарф қайсидир зарур эҳтиёжнинг ҳақини поймол қилади. Шунинг учун бўлса керак, одатда, мол-дунёни беҳуда сарфлаган кишилар унинг ҳақиқий ўрни келганида бахиллик қилишади. Улар кундалик маишат, тўю ҳашам, кераксиз дабдабалар учун миллионлаб пул сарфлаган ҳолда дину диё­нат, илм-маърифат, халқнинг ке­ла­жаги, юртнинг ободлиги йўлида ўша харажатларнинг ўндан бирини, балки юздан бирини ҳам сарфлашга оғринишади. Буларнинг барчаси бойликда сарф-харажат қилишда ўртаҳол бўлмаганидан пайдо бўлади.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғиллари Абдуллоҳнинг олдига кирганида, унинг олдида гўшт бор эди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Бу нима?” дедилар. У: “Егим келган эди”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Қачон егинг келса, еяверасанми?! Кишининг исрофгарчилигига унинг иштаҳа қилган нарсасини еявериши кифоя қилади”, дедилар.

Агар биз бу борада ҳам набавий кўрсатмага, сарф-харажатда мўътадилликка амал қилсак, ўша беҳуда совурилаётган маблағларни ўринли жойларга сарфлайдиган бўлсак, янада кўпроқ ютуқларга, дунёда азизликка, охиратда эса Аллоҳ таолонинг розилигига, жаннатига мушарраф бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Усмонхон АЛИМОВНИНГ

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”

(2-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм