Мақолалар

САБРНИНГ САЙР ВА СУЛУКДАГИ ЎРНИ

Чоп этилди May 24, 2019 САБРНИНГ САЙР ВА СУЛУКДАГИ ЎРНИda fikr bildirishni o'chirish

Инсонлик шарафи, ўзига хослиги ва буюклиги – шаҳватларига мағлуб бўлганларнинг эмас, балки шаҳватларини шариат, имон ва ислом берган салобати диния йўлида Ҳақнинг ризосига уйғун бир шаклда қўллаб, ҳаётини азоб-уқубатлардан сақлашга сайъ ва ғайрат кўрсатган бахтиёр кишиларнинг ҳақидир. Янги туғилган чақалоқнинг ҳайвондан фарқи унчалик кўп эмас. У ҳам худди ҳайвонлар каби фақат шаҳвати (орзулари) билан яшайди. Унда ақл ҳали камолга етмаган. Йиғлаши, бақириб-чақириши, ҳаммаси шаҳватининг талабидир. Фақат лутфи илоҳий ила улғайиб, гуноҳ-савоб ёзиладиган ҳадга бориб ва ниҳоят балоғат даражасига етишгани заҳоти ақли етиб, яхши-ёмон, ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савобнинг фарқига борадиган нуқтага етгани учун унинг ўзига таклифоти илоҳий келади. Шу кундан эътиборан унга Аллоҳ таоло тарафидан ёрдамчи, ҳидоятчи икки фаришта берилади. Булардан бир тўғри йўлни кўрсатади, иккинчиси эса бу ишда унга ёрдам беради. Шу суратда ҳайвоний сифат билан малакий, руҳий, сифатлар янада очиқчасига шайтон аскарлари билан Аллоҳ таолонинг аскарлари  бўлган малаклар қаршилиги ўлароқ мужодала ва муҳораба бошланади. Бу ўринда инсон ана шу икки лашкарнинг қайсидир бирига ёрдам кўрсатадиган шароитда туради. Агар шайтон аскарларига ёрдам этса, шаҳватининг талабига мувофиқ фаолият юритса, бир даҳрий каби, бир ҳайвон каби, балки унда-да паст даражага кетса, асфолософилинга тушади. У азиз инсонликдан ҳеч бир насиба ололмасдан бу фоний дунёдан кўз юмади. Инсонлик жавҳарини беҳуда зое этгани сабабли азоб ва алам уйи бўлган жаҳаннамнинг йўлини ўз қўллари билан ростлаб оладики, қанчалик ачинсангиз оздир. Чунки сизнинг йўлингиз ифлосларнинг жойи бўлган жаҳаннам эмас, балки улуғларнинг ери бўлган жаннат ва жамолуллоҳ эди.

Агар бу мужодала ва муҳорабада ақлингизни бошингизга йиғиб, шаҳват асири бўлмасдан Ҳақнинг аскарларига ёрдамчи бўлиб, шайтонни мағлуб этсангиз, енгсангиз, Аллоҳ таоло унинг аскарларига ёрдамчи бўлганингиз боис сизга ҳамма вақт ва ҳар ерда ёрдам этажагини ваъда қилган.

Ана шу кўриб турганимиз, ихчамгина тана бутун коинотни ўз ичига қамраб олган туб моҳият, коинотнинг хулосасидир. Бу танадаги икки зид қувват бир-бири билан курашмоқда. Вужуд иқлимида, яъни танадаги қувватлардан қайси бири ғолиб бўлса, инсон ўшанинг ҳукми остида яшамоқ мажбуриятида қолади. Дунёдаги асирлик унчалик ёмон эмас. Аммо инсон нафснинг, шаҳватнинг, шайтоннинг асири бўлдими, уларнинг илк вазифалари одам боласини Аллоҳдан айирмоқ ва уни ёлғиз, ёрдамчисиз қолдириб, ўзлари истагани каби маҳв ва паришон этмоқдир. Уларнинг чангалига тушгандан сўнг инсоннинг ушлайдиган, суянадиган  жойи қолмайди. Инсонларга нафақат фойдали эмас, балки бутунлай зарарли бир жонивордан ҳам баттар бир ҳолга келади.

Энди сиз бир фикрчан инсон сифатида яхши тушуниб олинг, курашаётган икки аскардан қайси бирига ёрдам этмоғингиз лозимлигини билинг, бу дунёнинг ўткинчи нарсаларини охират неъматларига алмашманг. Фақат бу унчалик осон иш эмас. Мужодала ва муҳорабага ўрганмаган, хусусан, қўрқоқ ва манфаатпараст кимсалар бунга номуносибдир. Бу улғайган ёшидан эътиборан муҳораба ва мужодалаларни кўзга олган, жасур, қўрқмас ва битмас-туганмас бир сабрга эга кишиларнинг иши. Бу ҳам кифоя эмас. Инсон, аввало, душмани кимлигини билиб олмоғи лозим. Дунёдаги душманлар кўринади ва моддий яроқлар билан урушади, музаффар бўлсангиз, қандай яхши, агар мағлуб бўлсангиз ё асир олишади ёки шаҳид бўласиз, бунда шубҳасиз жаннатга етасиз. Лекин энг хавфли душман бўлган шайтон на кўринади, на уни тутиб бўлади. Шу жиҳатдан, унинг билан мужодала этмоқ маънавий ва руҳийдир.

Маънан ва руҳан қўллаб-қувватланмаган, бундай қўлланиш таъмин этилмаганларнинг бу муҳорабаларда муваффақиятга эришмоғи, зафар қозонмоғи ғоят мушкул. Кўряпмизки, дунёдаги муҳорабалар учун миллатлар кучлари нисбатида қандай ҳаракат қилаётир ва ҳозирланаётир. Аскарлик хизмати дея пулли, пулсиз бир неча таълим ва тарбия усулларини ўргатаркан, ҳарб ишига тайёрланаётган ёшларни йиллар давомида ҳурриятларидан маҳрум этадилар. Агар ҳарб осон иш бўлса эди, ҳар бир киши уйида ўз иши билан машғул бўлар, агар уруш бошланиб қолса қуролини олиб чопар эди. Чопар эди, аммо бунда вазият аллақачон қўлдан чиқиб кетган бўлади. Аскарлик хизмати қанчалик мажбурий ва лозим бўлса, лашкарбошилари ва ҳарбий ашёлар ҳам шундай, ҳеч камчиликсиз бўлмоғи зарур. Булардан бири бўлмаган тақдирда мағлубиятга учрашни кутишдан бошқа чора қолмаслиги маълум. Шунга ўхшаш, шайтон алайҳилаъна ва унинг хизматкорлари бўлган шаҳват ва нафсоният қаршисида сизни маънан қўллайдиган, муқтадир, шаҳват ва нафсларига ҳоким, илм ва ирфон соҳиби бўлган улуғ бир шахснинг ҳам ёрдамига муҳтож эканингизни унутманг ва унинг ҳимоясидан айрилмангки, шайтон сизни ёлғиз топиб, васвасага солмасин ва Ҳақдан айириб жаҳаннамга йўлламасин. Лашкарбошисиз муҳорабага чиқиш мумкин бўлмагани каби бу қутурган душманлар устидан устозсиз ғолиб келмоқ асло мумкин эмас десам, мени айблашга шошилманг. Сиз ҳар бир нарсани ўз ақлингиз билан чамалашга уринсангиз, шубҳасиз, алданиб қоласиз. Мезон Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг ўлчовидир. Биринчисини фарз, қолганини суннат дерлар. Сизнинг чамангиз ана шу икки ўлчовга мос келган тақдирдагина мақбул бўлади. Йўқса, зарарли эканини билмоғингиз керак. Сиз қанчалик сабрли бўла олсангиз, ўшанча бўлинг, илло, душманга отадиган қуролингиз, ўз қўшинингиз бўлмаган тақдирда сабрнинг нима фойдаси бор.

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм