Мақолалар

ИСТИХОРА ОДАМЗОДНИНГ БАХТИ ЭКАНИ

Чоп этилди May 25, 2019 ИСТИХОРА ОДАМЗОДНИНГ БАХТИ ЭКАНИda fikr bildirishni o'chirish

Саъд ибн Абу Ваққос ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Одам боласининг бахти – Раббисидан истихора қилиш (Аллоҳдан марҳамат сўраб, унга ўз ишларида хайрлисини танлаб беришни умид қилиши), Одам боласининг саодати – Аллоҳнинг белгилаган тақдирига рози бўлиши”.

Ҳар ишда Аллоҳдан истихора (хайрлисини танлаб беришни) сўраш, банданинг ўз қисматини Раббисига топширишидир. Зеро, У бандасининг тақдирини уни яратишдан олдин белгилаб қўйган. Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)га: «Сен ҳам хоҳлайсан ва мен ҳам хоҳлайман, барибир мен истаганим бўлади», деган. Баъзи аҳли салафлардан «Раббингни қандай деб биласан?» деб сўралди. Дедилар: «Ҳар ишда азм-қарор қилишни тарк этаман». Одамзод ўйлайди, чора-тадбирларини кўради, азм-қарорга келади, аммо Аллоҳ таолонинг тадбири буларнинг барчасини бекор қилади, у ўйлаган, қарор қилган нарсаларини барбод қилади. Ақл эгалари ўз хоҳиш-иродалари Аллоҳнинг иродаси олдида беҳуда бўлишини англаб, ўз иродалари ва фикр-ўйларини тарк этиб, барча ишларини Аллоҳга топширадилар ҳамда Аллоҳнинг тадбирлари ва ҳукмларини мушоҳада қилиб, натижасини кутиб ўтирадилар. Агар улар бир масалага тўқнаш келсалар «Аллоҳим, бизга Ўзинг хайрлисини танлаб бер», дейдилар, мана шу банданинг бахт-саодатидир. Аллоҳ таоло танлаб, ихтиёр этган нарсасига банда рози бўлади, гарчи бу нарса унга мувофиқ келиш-­келмаслигидан қатъи назар. Бошқа бир банда эса истихорани тарк этди, агар у ўйлаган ишларига Аллоҳнинг тадбири ва тақдири мос келмаса, ғазаби қайнади, си­қилди, бесабр бўлди, нафаси қайтди, лекин ундан нарига ўта олмади, нафсида хўрлиги келди.

Истихоранинг қандай адо этилиши Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисдан маълум бўлади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни ўргатганлари каби, ҳар бир ишда истихора қилишни ўргатар эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Сизлардан қай бирингизни бир иш ташвишга солса, фарз бўлмаган икки ракат намоз ўқисин, сўнгра ушбу дуони ўқисин: “Аллоҳим! Мен Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан куч-қудрат сўрайман. Сенинг улуғ фазлинг ҳурматидан сўрайман. Сен ҳар нарсага қодирсан, мен эса қодир эмасман. Сен билгувчисан, мен эса билмайман. Сен ғайб синоатларини билгувчисан. Аллоҳим, агар мана шу ишим диним, ҳаётим ва оқибатим (охиратим) учун хайрли бўлса, мени унга қодир қил ва уни менга осон қил. Сўнгра менга ундан барака бер. Агар мана шу ишим диним, ҳаётим ва оқибатим (охиратим) учун хайрсиз бўлса, уни мендан, мени ундан йироқ қил. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни насиб эт ва мени бу яхшилик билан рози эт”. Шу дуони ўқиб бўлгандан сўнг ҳожатини айтади”».

Айтилдики: банда бу дунёда унга белгиланган манфаатли ишларга рози бўлади, аммо унга белгиланган маъсият ишларга қандай рози бўлсин. Унга жавоб берилдики, бу нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлади. Аллоҳ сенга илм, ақл, ҳидоят берди, сен Унинг тақдирига рози бўл, тақдирингдан нолима, ўзингнинг ёмон нафсингдан ўпкала.

 

 

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Наўриётдан харид нархи 30000 сўм