Мақолалар

ЧИРОЙЛИ ИСМ  ҚЎЙИШ

Чоп этилди May 26, 2019 ЧИРОЙЛИ ИСМ  ҚЎЙИШda fikr bildirishni o'chirish

Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тари­хида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақди­ри­га ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.

عن أبي الدرداء قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إنكم تدعون يوم القيامة بأسماءكم وأسماء أباءكم فأحسنوا أسماءكم

Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Бас, (шундоқ экан) исмларингизни гўзаллаштиринг!»

Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Лекин кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзаҳда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилади:

عن ابن عمر أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إن أحب أسماءكم إلى الله عبدالله و عبد الرحمن

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”», дедилар.

Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар инсон Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.

Бошқа бир ҳадисда бундай келган:

عن أبي وهب الجشمي قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم تسموا بأسماء الأنبياء, وأحب الأسماء إلى الله عبد الله و عبد الرحمن وأصدقها حارث وهمام وأقبحها حرب و مرة

Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”дир,  энг садоқатлиси “Ҳорис” ва “Ҳаммам”дир, энг ёмони “Ҳарб” (уруш) ва “Мурра” (аччиқ)дир».

Ўғил болаларга пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абулқосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.

Шу ўринда Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида бўлиб ўтган ажойиб воқеани эсга олиб ўтиш фойдадан холи эмас.

Умар ибн Ҳаттоб ҳузурларига бир киши келиб, ўғлини оқ қилганини айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини чақиртириб, отаси оқ қилганини билдиргач, отасининг ҳақларига риоя қилмагани учун унга танбеҳ бердилар. Шунда у йигит: «Эй мўминлар амири, отанинг устида боланинг ҳақлари йўқми?» деди. «Бор», деб жавоб қилдилар ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу). «Улар қайсилар?» деди йигит. «Ота боласига яхши она топиши, чиройли исм қўйиши ва Қуръонни ўргатишидир», деди ҳазрат Умар. «Бўлмаса, отам ҳеч нарса қилгани йўқ экан-да. Онам бир мажусий қўлида қора ишчи бўлиб ишлаяпти. Исмим Хунфусо (гўнг титадиган қўнғиз маъносини англатади). Қуръоннинг эса бирон ҳарфини билмайман, отам ўргатмади», деди йигит.

Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг отасига: «Олдимга келиб ўғлингни оқ қилмоқчи бўлдинг, ваҳоланки, у сени оқ қилиши керак экан-ку! У гуноҳ қилишидан олдин сен гуноҳ қилибсан», дедилар.

Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси”  китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм