Мақолалар

Ошуфта кўнгил

Чоп этилди May 26, 2019 Ошуфта кўнгилda fikr bildirishni o'chirish

(Бошланиши ўтган сонларда)

Шартга рози бўлган одам туну кун Иброҳим Адҳам билан бирга юрар, у зотнинг бир оғиз сўзига маҳтал эди. Бироқ Иброҳим Адҳам ҳеч бир юмушини унга қилдирмас, ўтин ташийверганидан елкалари қавариб кетса ҳам, уни ҳамроҳига бермасди.

Бир куни ҳамроҳи Иброҳим Адҳам тоғдан олиб тушган ўтинни бир четга тахлаётиб, деди:

– Нега оғир юкни бир ўзингиз кўтардингиз? Мени ёрдамга чақирмайсизми?

– Бу менинг ишим. Уни ўзим қилишим керак!

– Ахир ўзингизни қийнаб қўйдингиз! Қаранг, белингиз оғриб қолди.

– Банданинг ўз пешона тери билан ризқ топиши ҳам бир ибодат. Қиёматда тарозуда энг оғир келадиган амал, бу дунёда танага энг машаққатли бўлганидир.

– Шундайку-я… Барибир  ўтинчилик сизга ярашмайди. Бизларга устозлик қилсангиз бўларди. Қўйинг, ўзингизни қийнаманг! Биз хизматингизда бўлайлик.

Иброҳим Адҳам унинг сўнгги гапларини эшитмагандек, сўзида давом этди:

 Яна бир оз йиғиб қўйган ўтиним бор, қош қораймасидан олиб келай. Сен буларни сот!

– Устоз, рухсат беринг, ёрдам берай!

– Кеч қолмай, шу ерда кўришамиз!

Иброҳим Адҳамни тоғу тошларда ёлғиз кездирган туйғу бу илоҳий ишқ эди. Ул зот  кимсасиз жойларда ўтин йиғиш билан бирга ибодат ҳам қиларди. Аллоҳ таолонинг  ҳузурида ёлғиз туриб, тавба эшикларини қоқарди.

*****

Узоқ муддатли машаққатли сафардан сўнг шаҳзода отаси Иброҳим Адҳам яшаётган қишлоққа етиб келди, бозор оралаб ҳар бир одамдан падари бузруквори ҳақида суриштира бошлади. Сўрай-сўрай охири Иброҳим Адҳамга шогирдлик қилаётган маккалик кишининг ёнига келди.

– Ассалому алайкум. Маккаликсиз-а?

– Ҳа, шундай. Жуда чарчаган кўринасиз. Марҳамат, ўтиринг!

Икковлари йўл четидаги пастак курсиларга ўтиришгач, Иброҳим Адҳамнинг шогирди гап бошлади:

– Маккага биринчи бор келишингизми?

– Шу ернинг одами экансиз, билсангиз керак, Иброҳим Адҳам шу ерда экан?!

– Шундай. Нега сўраяпсиз?!

– У киши отам бўладилар.  У киши билан кўришиш учун Маккага келдим.

– Ростданми, ҳазиллашмаяпсизми?

– Нега ҳазиллашай. Йигирма йилдан бери ота соғинчи билан яшайман!

– Бу гапингиздан кейин у зотнинг ўғли эканингизга ишончим комил бўлди. Отангиз ҳам сиз ҳақингизда гапиргандилар. Ўғлимни жуда кичик ёшда ташлаб кетганман, дегандилар.

– Отамни танийсизми?

– Шундай муборак зотни танимай бўладими?

– Қаердалар, тезроқ кўришсам дегандим!

– Дарага ўтин теришга кетганди.

– Отам ўтинчилик қилаяптиларми?!

– Бир пайтлар султонлик қилган одамнинг ўтинчилик билан кун кечираётганига орият қилдингизми?

– Астағфируллоҳ! Султон бўлса ҳам, ҳаммол бўлса ҳам отам. У киши дунё султонлигини охират султонлигига алмашди.

– Офарин, Иброҳим Адҳамнинг ўғли эканлигингизни исбот этдингиз! Агар отангизни тезроқ кўрмоқчи бўлсангиз, дара томонга қараб юринг. Келадиган пайти ҳам бўлиб қолди.

– Раҳмат, раҳмат!

Шаҳзода шошганича дара йўлига кетди. Соғинган, неча йиллар кўришни орзу қилган отасини сой бўйида тошлар устида намоз ўқиётган ҳолда кўрди. Каттагина тошнинг ортига ўтиб, хушусини, хузусини кўрди. Отасининг ёнига бормай, ортига – Иброҳим Адҳамга шогирдлик қилаётган кишининг ёнига қайтди:

– Жуда тез қайтибсиз, отангизни топа олмадингизми?

– Топдим… сой бўйида намоз ўқиётган эканлар!

– Ёнларига бормадингизми?

– Йўқ.

– Нега?!

– Уялдим! Отам шундай нуроний, таслимиятли эдики, ўша онда у зотнинг ёнида айни таслимият билан намозда турмаганим учун ўзимдан уялдим. Мен шундай буюк зотнинг фарзанди бўлишга лойиқманми, деб ўйладим. Отамни узоқдан кўриш ҳам мен учун бахт. Бунда менга ёрдамчи бўлдингиз, барака топинг.

Шундай деб шаҳзода йўлга отланди. Киши унинг қўлидан тутиб, сўради:

– Ҳадемай қош қораяди, бу пайтда қаерга йўл олдингиз?

– Аввал масжидга бораман, соғ бўлинг!

*****

Иброҳим Адҳамга шогирдлик қилаётган киши у зотнинг дарадан масрур ҳолда қайтганини кўриб сўради:

– Бугун жуда хурсандсиз, устоз!

– Узоқ йиллар кўрмаган бир инсон билан учрашдим.

– Қаерда?

– Дарада. Эндигина намоз бошлагандим, тош ортида бир йигит мени кузатаётганини кўрдим. Худди ёнимга югуриб келиб, мени қучоқлайдигандек эди. Аммо негадир, тортиниб турарди. Бир оз менга қараб туриб, кейин у ердан узоқлашди. У йигит кимлигини биласанми…

– Ўғлингиз!..

Иброҳим Адҳам шогирдига ҳайрат ва қувонч билан боқди. У эса сўзида давом этди:

– Бир оз аввал шу ерда эди. Ҳамма гапдан хабарим бор. Жуда хафа эди… Кетди…

– Нега бу ерда кутмади экан?

– Ўғлингиз ҳозир масжидда, истасангиз олдига борайлик, устоз!

Иброҳим Адҳам шогирди билан бирга шошганича масжидга йўл олди. У ерга етиб боришганида, шаҳзода намоз ўқиётган эди. У зот ўғлига меҳр билан термулганича, унинг юзига фотиҳа тортишини кутди.

Ибодат якунлангач, кўз-кўзга тушди. Ота-ўғил бир-бирларининг истиқболига югурдилар. Узоқ йиллик айрилиқни орадан кўтаришни истагандек, анчагача қучоқлашиб туришди. Ўғлининг ота соғинчи билан тўла кўзларига қарагани сари Иброҳим Адҳамнинг унга бўлган муҳаббати ортиб борарди. Шу масъуд дамларда у зотнинг қулоқлари остида бир овоз янгради:

– Эй Иброҳим, ёлғиз Яратганни севаман, демаганмидинг?! Унинг дўстлигига ҳеч бир шерик қўшмоқчи эмасдинг… Бир қалбга икки муҳаббатни қандай сиғдирдинг?

Иброҳим Адҳам кўзларига ёш тўлган ҳолда қалбан даргоҳи илоҳийга юзланди:

– Эй Оламлар Раббиси! Ўғлимга бўлган муҳаббат мени Сенинг ишқингдан узоқлаштирса, ё менинг жонимни ол, ёки ўғлимнинг!

 (Давоми келгуси сонда)

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 8-сонидан