Мақолалар

Эътикоф – Қуръонда зикр қилинган ибодат

Чоп этилди May 25, 2019 Эътикоф – Қуръонда зикр қилинган ибодатda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабча «эътикоф» сўзи «лозим тутиш, туриб қолиш» маъноларини билдиради. Эътикоф – банданинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ва ибодат нияти билан масжидда бўлишидир. Эътикоф Қуръони карим ва Суннати набавийя ижмоъ билан собит бўлган.

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр этдик» (Бақара сураси, 125-оят).

Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир. Эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Эътикоф ўтиришни назр қилган эркак кишига эътикоф вожиб бўлади. Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф кифоя (яъни баъзи мусулмонларнинг бажариши билан бошқалардан соқит бўладиган), таъкидланган суннат, бошқа вақтларда мустаҳабдир. Мустаҳаб эътикоф учун рўза шарт эмас.

«Мухтасари Виқоя»да эътикоф ҳақида шундай дейилади: «Эътикофнинг ози бир кундир. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди. Жумага заволдан кейин боради. Кимнинг уйи узоқ бўлса, суннатларни ўқиб, жумага бемалол улгурадиган вақтни чамалаб боради. Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди. Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади. У эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига эса бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас. Кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жимоъ қилиш эътикофни бузади.

Аёл киши уйида эътикоф ўтиради. Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунлар кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Кундузнинг ўзини ният қилиш жоиз».

Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига юқоридаги оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли билан жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Вожиб.Бунга назр қилинган эътикоф киради.
  2. Суннати муаккада.Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
  3. Мустаҳаб.Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.

Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у орқали банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эътикоф ўтирувчи учун бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Агар бир одам рўзасиз эътикоф ўтиришни назр қилса ҳам, у кишига назр қилган эътикофи кунлари рўза тутиш вожиб бўлади. Чунки рўза назр қилинган эътикоф дурустлигининг шартидир. Эътикоф Масжидул Ҳаромда, ундан кейин Масжидун Набавийда, ундан кейин Масжидул Ақсода, ундан кейин жамоат кўп йиғиладиган масжидларда афзалдир. Беш вақт намоз жамоат бўлиб ўқилмайдиган масжидда эътикоф ниятида ўтириш саҳиҳ эмас. Аёл киши эрининг ижозати билан ўз уйидаги намоз ўқийдиган ўринда эътикоф қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Эътикоф муддати бир кундан ўн кунгачадир. Вожиб эътикофни ният қилган киши масжиддан чиқмайди (ҳожат учун, таҳорат олгани, ғусл қилгани чиқса бўлади). Эътикоф ўтирувчи тозаликка риоя қилган ҳолда еб-ичиши, озгина ухлаши, кийим ўзгартириши, ўзининг ёхуд оиласининг рўзғорини тебратиш учун эҳтиёжига зарур нарсаларнигина (масжиддан чиқмай) савдо қилиши жоиз.

Эътикофчилар намоз ўқийдилар, тасбеҳ айтадилар, Қуръон ва китоб ўқийдилар, илм ўргатадилар ва ўрганадилар, дуо қиладилар, ухровий (охиратга оид), хайрли сўзларни гапирадилар, зарур бўлмаса, дунё сўзидан сўзламайдилар, дунё ишини қилмайдилар. Эътикофчига тек туриб сукут сақлаш, аёлига яқинлашиш, ўпишиш, жимоъ қилиш, савдо қилиш (молни масжидга келтирмасдан савдо қилиш мумкин) ман этилган. Узрсиз, дунёвий иш учун масжиддан ҳеч қандай зарурий сабаб бўлмай бир зумга бўлса ҳам ташқарига чиқса, вожиб эътикоф бузилади, суннат ёки мустаҳаб бўлса, тугайди.

Бир кунлик эътикофни қасд қилган киши тонг отмасидан масжидга кириб, қуёш ботгач чиқади. Бир кундан кўп эътикоф ўтиришни назр қилса, қуёш ботмасидан илгари масжидга кириб, кейинги куннинг қуёши ботганидан сўнг чиқади. Киши неча кун эътикоф ўтиришни назр қилса, ўша кунларнинг кечаларида ҳам эътикоф ўтириши лозим бўлади. Кечалари эътикофни назр қилган киши кундузлари ҳам узлуксиз эътикоф ўтириши лозим. Лекин кечаларни истисно қилиб, фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилиш жоиз. Агар киши бир ой эътикофни назр қилиб, қалбида ният қилса, тили билан айтмагунича назр ҳисобланмайди.

 

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz