Мақолалар

Туркияда ўрмончилик экотуризми ривожланмоқда. Ўзбекистонда-чи?..

Чоп этилди May 27, 2019 Туркияда ўрмончилик экотуризми ривожланмоқда. Ўзбекистонда-чи?..da fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда етти хил экотизим мавжуд бўлиб, 4500 хил флоранинг қарийб ўн фоизи фақатгина юртимизга хос ўсимлик турларидан иборат. Ҳозирда юртимизда ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 11 153.3 минг гектар бўлиб, умумий ер майдонининг 25 фоизини ташкил қилади. Биз ана шу майдонлардан қандай ва нима мақсадларда фойдаланишимиз мумкин? 

Ўрмон ёғоч ишлаб чиқариш, турли доривор ўтлар етиштириш, ҳайвонлар парвариш қилишда қулай ҳудуд бўлишдан ташқари сайёҳларни ўзига жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада Туркия миллий парклари бош бошқармаси вакили Эрол Куру ЎзА мухбирига ўз муносабатини билдирди.

– Туркия умумий майдонининг 30 фоизи ўрмонлардан иборат, – дейди Э. Куру. – Мазкур майдонларни яшилликка бурканиши учун охирги 15 йилда тўрт миллиард донадан кўпроқ кўчат экилди. Мамлакат учун керак бўладиган ёғочнинг 80 фоизи ўрмонларимизда етиштирилади. Бундан ташқари, айнан ўрмонлар ўнлаб турдаги ишлаб чиқариш соҳаларини хомашё билан таъминлабгина қолмай, бизни мусаффо ҳаводан ҳам баҳраманд этади.

Шу боис 2002 йилдан буён ўрмонлардан янада унумли фойдаланиш мақсадида турли йўналишларда дам олиш ҳудудлари ташкил этилмоқда. Бунда аҳолининг ва юртимизга келаётган меҳмонларнинг талаб ва истаклари инобатга олинган. Унга қадар қуёш ва денгиз туризми юртимизда ривожланган бўлса, кейин аҳолининг фикрлари ва қарашларини ўзгартириб, экотуризм орқали инсонларни табиат қўйнига таклиф қилишни бошладик. Тўғри, бунинг учун жуда узоқ йўл босиб ўтилди.

Биз ўрмонлар ҳудудида экотуризмни ривожлантириш учун бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқдик. Бунда маҳаллий аҳолининг тупроқдан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имкониятлари, қишлоқлардаги шаршаралар, меъморий ёдгорликлар, кўркам боғлар қисқаси ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳаёт тарзи ва анъаналари ҳисобга олинди.

Ҳозирда юртимиз ўрмон ҳудудларида бир минг беш юздан ортиқ сайёҳлик ҳудуди бор. Қояга тирмашиб чиқиш, адирли меҳмонхоналар, болалар ва оталар учун от миниб сайр қилиш, сунъий кўллар, қушхоналар шулар жумласидандир. Катта ҳудудларни эгаллаган бу каби майдонлар инсонларда ўрмонга, табиатга бўлган меҳрни оширади. Шунингдек, дам олиш масканларида овқат пишириш учун махсус олов, кабоб учун ускуналар, ҳайвонларни айлантиришга мўлжалланган хиёбонлар ташкил этилган. Қишлоқ шароитида яшашни истаганларга чорва парваришлаш, сигир соғишни ўрганиш каби қизиқарли машғулотлар ҳам таклиф этилади. Оилалар фарзандлари билан келиб, миллий нонушта тайёрлашни, экинлар етиштиришни ўрганиши мумкин.

Бундай имкониятлар экотуризм учун келадиган сайёҳлар сони ортишини таъминламоқда. Ҳозирда Туркияга йилига 35 миллион нафар сайёҳ келаётган бўлса, унинг қарийб 20 фоизи айнан ушбу машғулотларни кўриш ва завқланиш учун келаётгани шубҳасиз.

Бу борада Ўзбекистоннинг ҳам имкониятлари жуда кенг. Агарда ўрмончилик соҳасини ривожлантириш, уларнинг ҳудудларидаги яшил бойликлардан унумли фойдаланилса, келаётган сайёҳлар оқими янада ортиши шубҳасиз.

 

Сайёра Шоева,

ЎзА