Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода салкам юз йиллик танаффусдан кейин ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Чоп этилди May 27, 2019 Бухорода салкам юз йиллик танаффусдан кейин ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилдиda fikr bildirishni o'chirish

 

Бухорода таниқли халқ амалий устаси, миниатюрачи рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби Даврон Тошев ташаббуси билан қадимий усулда ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Аждодларимиз ўтмишда бу нозик ҳунарнинг устаси бўлишган, – дейди Д. Тошев. – Бу соҳа хусусан, XV – XVI асрларда жуда равнақ топган. Тарихий манбаларда Бухоронинг қадимий Кобдин ариғи бўйида ипак қоғоз тайёрловчи 200дан зиёд устахонанинг мавжуд бўлгани тўғрисида маълумот учрайди. Воҳамизда бу иш билан шуғулланган охирги уста 1940 йилда вафот қилган. Шуни инобатда олсак, салкам 100 йилдан буён Бухорода ипак қоғоз тайёрланмаётгани маълум бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Даврон ака ипак қоғоз ишлаб чиқаришни кластер усулида йўлга қўйди. 15 та янги иш ўрни яратди.

– Буни муҳтарам Президентимизнинг Бухорога қилган ташрифлари самараси деб биламан, – дея давом этади уста. – Гап шундаки, вилоят ҳокими томонидан бизга ўз ҳунармандчилик марказимизни барпо этиш ва кластер усулида ишлашимиз учун 1 гектардан зиёд экин майдони ажратилди. Бу майдонга тут кўчатлари ўтқазганмиз. У бизга хом ашё вазифасини ўтаяпти. Тут шохи пўстлоғини қайта ишлаш орқали жуда сифатли ипак қоғози тайёрлашга муваффақ бўляпмиз. Шогирдларим билан миниатюра асарларини шу қоғозга туширяпмиз. Тайёр ижодий маҳсулотларимиз эса миниатюра санъати ихлосмандлари, айниқса, хорижий сайёҳлар томонидан сотиб олиняпти.

Бир сўз билан айтганда, даладаги оддий тут кўчати пировардида инсон ақл – заковати, истеъдоди шарофати билан санъат асарига айланмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўплаб мамлакат фуқаролари учун виза режими бекор қилинганидан хабардорсиз, албатта, – дейди ҳунарманд. – Мен бунинг иқтисодий самарасини ўз фаолиятимда кўряпман. Марказни қуриш жараёнида яширмайман, маблағ етишмовчилигига дуч келиб қолдим. Шундай ташвишлар билан юрганимда устахонамга Исроил давлатидан уч нафар сайёҳ кириб келди. Улар ижодий ишларимни томоша қилишди. Суҳбат асносида визасиз режимнинг жорий этилиши туфайли ўзларида Ўзбекистонга келиш фикри туғилганини айтиб қолишди. Уларга “Жаннатга йўл” деган асарим маъқул тушди. Бу композиция устида салкам бир йил меҳнат қилганман. Нархи ҳам шунга яраша, албатта. Хуллас, асарни 9 минг АҚШ долларига сотиб олишди. Бу маблағ марказ қурилишида менга жуда асқатди. Буёғига хулоса ясаш ўзингизга ҳавола…

Дарвоқе, ипак қоғози тайёрлаш тўғрисида. У бир неча жараёндан иборат.Даставвал, тут шохлари қозонда қайнатилади ва пўстлоғи ажратиб олинади. Пўстлоқ ҳам алоҳида қайнатилиб, юза қисмидан фориғ этилади. Шу тариқа у мағз ҳолатга келади. Ипак қоғоз тайёрлашнинг самарқандча усулидан фарқли тарзда бу мағз сув воситасида эмас, балки қўл кучи ёрдамида обдон эзилади. Буни усталар Бухорода сувнинг тақчиллиги билан изоҳлашди. Ҳосил бўлган хом ашё шундан сўнг сувга солиниб, махсус рамка ёрдамида қоғозга айлантирилади. Бу ерда шунингдек,пахта чиқиндисидан ҳам қадимий усулда қоғоз тайёрланяпти.

Айтмоқчи, яқинда “Уста Даврон миниатюра маркази”нинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Марказдан сайёҳлар қадами узилмаяпти.

Истам ИБРОҲИМОВ,“Халқ сўзи”.