Мақолалар

Минг ойдан яхши кеча

Чоп этилди May 28, 2019 Минг ойдан яхши кечаda fikr bildirishni o'chirish

“Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси).

Ушбу сура беш оятдан иборат бўлиб, муфассирлар унинг Мадинада нозил бўлганига иттифоқ қилишган.

“Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик”. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят), бунга далилдир.

(Эй Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Имом Фарро (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Қуръони каримнинг қайси ўрнида “Сизга не ҳам англатур?” деб марҳамат қилинган бўлса, Аллоҳ таоло уни пайғамбарига билдирган.

“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” ояти каримаси билан бу кечанинг фазилати ва улуғлиги билдирилган. Замоннинг фазилати унда кўплаб аҳамиятли воқеалар содир бўлиши туфайлидир. Бу тунда ўхшаши минг ойда ҳам топилмайдиган кўпгина яхшилик улашилади. Валлоҳу аълам.

Муфассирлар оятни бундай тафсир қилишган: “Яъни, бу кечада қилинган амал бошқа минг ойда қилинадиган амалдан яхшироқдир”.

Имом Молик “Муватто”да бундай ёзади: “Мен ишончли кишиларнинг бундай деганларини эшитдим: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олдинги умматларнинг умри кўрсатилди. Бошқалар узун умрлари давомида қилган амалларига умматлари қисқа ҳаётлари билан ета олмайдигандек туюлди. Шунда Аллоҳ таоло у зотга Қадр кечасини берди ва уни минг ойдан яхшироқ қилди”.

“У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”. Фаришталар ер юзига тушадилар, тонг отгунича одамларнинг қилган дуоларига омин деб турадилар. Имом Қуртубийга кўра, оят шу маънони англатади.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) оятни бундай тафсир қилган: “Унда” яъни, Қадр кечасида “Парвардигорларининг изни билан” яъни, амри билан барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар яъни, Аллоҳ таоло тақдир қилиб, бу йилдан келгуси йилгача бўлишини ҳукм қилган ишлар ҳақидаги тегишли вазифалар билан ерга тушишади.

Муфассир Имом Розий (раҳимаҳуллоҳ)га кўра, Қадр кечасида ерга тушган фаришталар ҳар бир мўмин одамга салом беришади. Бу тонг отгунича давом этади.

Нофеъ ва бошқалардан ривоят қилинишича, Қадр кечаси тўлалигича саломатлик ва яхшилик кечасидир, унда тонг отгунича бирор бир ёмонлик бўлмайди.

Бу кеча шайтон мўмин ва мўминага зарар етказа олмайдиган саломатлик кечасидир.

Қадрнинг айнан қайси кечада экани хусусида уламолар турли фикрларни билдирганлар. Кўпчилиги, Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси Қадрдир. Чунки Зир ибн Ҳубайш айтади: «Мен Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: “Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ким бир йил давомида (кечалари) намоз ўқиса, Қадр кечасини топади”, дейди», дедим. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни кечирсин, у Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунида эканини ва унинг йигирма еттинчи кеча бўлишини билади. Аммо у одамларнинг бунга ишониб (шу билан кифояланиб) қолишларини истамаган”. Кейинроқ, ўша кечанинг йигирма еттинчи кеча эканини таъкидлаган. Мен: “Эй Абул Мунзир (Убай ибн Каъб), нимага асосланиб бундай деяпсиз?” деб сўраганимда, у бундай жавоб берди: “Буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бизга берган хабарларига ёки билдирган аломатларига асосланиб айтяпман, ўша куни қуёш кўзни қамаштирмайдиган нур сочади” (Имом Термизий ривояти).

У кечанинг тонгида қуёш кўзни қамаштирмайдиган даражада нур сочади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу ҳақда бундай деганлар: “У кеча ойдин ва ёқимлидир, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш кўзни қамаштирмайдиган нур сочади” (Имом Табароний ривояти).

Қадр кечасининг фазилати борасида Аллоҳ таолонинг “Минг ойдан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганининг ўзи етарли. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким Қадр кечасини (мукофотига) ишониб, (савобини) умид қилиб, намоз ўқиш билан ўтказса, унинг ўтмишдаги (кичик) гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) яна бундай марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида шом ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга ўқиса, у аниқ ўша кечадан насибасини олибди” (Имом Байҳақий ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, агар мен Қадр кечасига етишсам, нима деб дуо қилай?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: “Ё Аллоҳ, Сен ҳақиқатда гуноҳларни кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан, менинг гуноҳларимни кечир”, деб дуо қилинг (Имом Термизий ривояти).

Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 8-сонидан