Мақолалар

Марҳумлар тириклар дуосига муҳтож

Чоп этилди Dekabr 27, 2018 No Comments

Инсон вафот этиши билан яхши, ёмон амалларидан қайси бири оғир келса, шунга кўра жазоланади ёки мукофотланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур” (Нажм сураси, 39-оят). Имом Абул Баракот Насафий оят тафсирида айтишича, бу гаплар Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломларга нозил бўлган китобларда ҳам келган. Маййитга савобини бағишлаб садақа бериш, ҳаж қилиш ва бошқа хайрли амаллар қилиш фарзандлари ва яқинларига мустаҳаб бўлади.

Ҳадисда, “Маййит қабрда худди чўкаётиб, ёрдам сўраётган киши каби бўлади. Ота, она, ака-ука ёки дўстларидан дуо кутади”, дейилган (Байҳақий ривояти). Шунинг учун киши вафот этган кундан бошлаб ҳар куни имкон қадар савобини маййитга бағишлаб садақа қилиш мустаҳабдир. Шунингдек, маййит оиласи учун қўшнилар таом қилиб чиқаришлари ҳам мустаҳабдир.

Ҳамза розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида шаҳид бўлганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз оилаларига: “Ҳамзанинг оиласига таом қилиб чиқаринг. Улар ўзлари билан бўлиб қолишди”, дедилар. “Бундан қайтармаганмидингиз?” деб сўрашди. У зот: “Мен бировлар кўрсин, бировлар эшитсин, деб қилишдан қайтарган эдим”, дедилар» (“Шариъатул Ислом” китобидан).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир мусулмон ўлса, унинг жанозасига Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши турса, Аллоҳ уларни ўша маййитга шафоатчи қилади(Имом Муслим ривояти).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит дафн қилиб бўлингач: “Биродарингизга истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Ҳозир у савол-жавоб қилиняпти”, дер эдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон кишининг биродари ҳақига ғойибона қилган дуоси мустажобдир. Унинг боши олдида бир вакил қилинган фаришта бўлиб, у ҳар сафар дуо қилганида “Омин. Сенга ҳам шундай бўлсин!” деб туради» (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Онам ҳеч нарсани васият қилмай, ўтиб қолдилар. Агар гапирганларида садақа қил, деган бўлар эдилар, деб ўйлайман. Агар онамнинг номидан мен садақа берсам, унга ва менга савоб бўладими?” деди. У зот: “Ҳа, унинг номидан садақа қил!” дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий айтди: “Маййит номидан садақа бериш унга наф беради ва савоби унга етади. Бунга олимлар ижмоъ қилган”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар инсон ўлса, уч нарсадан ташқари унинг амаллари кесилади: жорий садақа, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд(Имом Муслим ривояти).

У зот яна айтдилар: “Мўминга ўлимидан сўнг етадиган амали ва савобларига: ўргатган ёки нашр этган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган мусҳафи, қурдирган масжиди, мусофирлар учун қурдирган уйи, қаздирган ариғи, соғлиги ва ҳаётлигида берган ва ўлимидан кейин унинг номидан бериладиган садақа киради” (Ибн Можа ривояти).

Ҳар бир киши охирати обод бўлиши учун тириклигида яхши амаллар қилиб яшаши, вафотидан сўнг фарзанд ва яқинлари унинг ҳақига истиғфор, дуо, садақа қилиб, савобини унинг руҳониятига бағишлаши динимиз йўриқларидандир.

 

Мулла Очилхон АҲМЕДОВ,

Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan