Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Туркманистон чегара ҳудудида “Сурхонобод” темир йўл станцияси ишга туширилди

Чоп этилди May 28, 2019 Ўзбекистон ва Туркманистон чегара ҳудудида “Сурхонобод” темир йўл станцияси ишга туширилдиda fikr bildirishni o'chirish

 

Турмуш тарзи, маданияти, урф-одат ва қадриятлари ўхшаш ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқалари кўп асрлик тарихга эга. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиёсати ирода туфайли қўшни давлатларнинг кўп томонлама манфаатли ҳамкорлиги бугун янги босқичда тобора ривож топмоқда. Хусусан, бошқа соҳалар қаторида икки давлат темир йўл тармоқлари ўртасида ташувлар сонини ошириш, транзит юкларни ташиш, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш борасида ўзаро яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ҳозирга қадар мамлакатимиз жанубий қисмида қўшни Туркманистон Республикаси билан темир йўл орқали ташувлар “Болдир” станцияси орқали амалга оширилган бўлса, эндиликда импорт-экспорт ташувлари учун янада қулайлик яратиш мақсадида янги “Сурхонобод” станцияси бунёд этилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси, ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда барпо этилган станцияда чегара пости ва назорат-ўтказиш пунктлари жойлашган. Бу ерда чегара, божхона ва бошқа давлат назорати турларини амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

“Боштранслойиҳа” АЖ мутахассислари ишланмасига кўра бунёд этилган янги темир йўл назорат ўтказиш пунктида қурилиш-монтаж ишлари “Термиз махсус қурилиш” УК ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилди. Станция жойлашган қарийб 4 километрга яқин темир йўл қисми махсус панжаралар ўрганилган. Темирйўлчилар билан чегара, божхона ходимларига ҳам қулайликлар муҳайё этилган.

Янги темир йўл станциянинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир уюштирилди. Унда таъкидланганидек, қўшни давлатлар ўртасида ишончли ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётгани ўзаро борди-келди, яхши қўшничилик, қардошлик муносабатларини яхшилашга қулай шароит яратмоқда. Савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтирмоқда.

– “Сурхонобод” станцияси юртимизни қўшни давлат билан боғловчи янги дарвозаси сифатида ўз фаолиятини бошлади, -дейди Термиз темир йўл масофа корхонаси раҳбари Неъматулло Соатов. – Бу станцияси Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини ошириш, экспорт – импорт хизматларини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга халқларимиз ўртасидаги ўзаро қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.