Мақолалар

СУРМА ОНАМНИНГ СИЙЛОВИ (Бўлган воқеа)

Чоп этилди Dekabr 27, 2018 No Comments

Қирқ йиллар олдин, ўшанда ўсмир қиз эдим, тонг ғира-ширасида момоқалдироқдек туйқус янграган овоздан чўчиб уйғондик.

– Раис тоға! Ҳов раис тоға!

– Ҳозир! – боғ тарафдан дадамнинг салобатли қадамлари эшитилди.

Дарвозамиздан ичкарига ҳатлаган икки кишининг бири – Фахриддин чўпонни қишин-ёзин киядиган узун чакмонидан дарров танидик. Ёнидаги ёшроқ, абгор ҳолати бир қарашдаёқ кўзга  ташланадиган киши нотаниш эди.

– Ҳа, тинчликми? – кўришиш асносида сўради дадам.

– Манави ўғрини сизга топширгани келдим, – деди чўпон ёнидаги йигитга ишора қилиб.

Бу гапдан биз, ҳовли ўртасидаги сўрида биримиз чўнқайиб, биримиз кўрпадан бошимизни чиқариб кузатиб турган болалар бирдан сергак тортдик, уйқу батамом ўчди. Йигитнинг боши баттарроқ эгилди.

– Тунда итларнинг акиллаганидан уйғониб чиқсам, – дея тушунтира кетди чўпон, – қўйхонада ҳам безовталик. Чироқни олиб, ичкарига кирсам, қўйлар бир тараф, мана бу шумшук бурчакка писиниб турибди. Яна, нуқул ўғримасман, дейди-я. Ҳа, ўғри бўлмасанг, ярим кечаси адирдаги қўйхонада нима қиласан?

– Адашиб қолувдим дедим-ку, – тўнғиллади йигит. – Қўра ёнидан ўтиб кетаётувдим, итларингиз қувди. Тўғри келган туйнукдан ичкарига сакрадим.

– Ҳў, муттаҳам, бу чўпчагингни раисга айтмай қўяқол…

Дадам ҳар доимгидек гапни чўрт кесди:

– Бўлди, бас қилинглар! Ўғрими, тўғрими – буни мелиса ҳал қилади. Ҳозир марказ билан боғланаман. Сурма! – дея молхона тарафдан сут тўла пақир кўтариб келаётган онамга юзланди. – Мана бу йигитчани катта уйга киритиб қўй.

Дадам чўпонни жўнатиб, бизни ташқи олам билан боғлаб турган, эрта тонгда кетиб, кечки маҳал қайтадиган эски автобусдан ташқари ягона ришта – идорага ўрнатилган телефонда гаплашгани кетди. Биз, болалар, юзимизни чала-чулпа ювиб, ўғри «меҳмонимиз» қамалган катта уйга гарчи чўчиброқ кирган бўлсак-да, ичкаридаги илиқ муҳитдан ҳадигимиз анча босилди. Меҳмон тўрда, атлас якандозда чордона қуриб ўтирар, онам дастурхонга уйда бор егуликларни қўйиб улгурган эди:

– Олинг, укаларингиздан тортинманг. Район марказигача жуда узоқ, яхши овқатланиб олинг.

Уст-боши юпун, соч-соқоли анчадан буён устара кўрмаган бу одам ҳали ёш бўлса-да, букчайиброқ ўтиришидан эртаклардаги бечораҳол одамни эслатарди. У деярли гапирмас, овқатни ийманиб нон тишлаб ўтирарди.

Дадам уйга тажанг кириб келди:

– Марказдагилар машина йўқ, дейишди. Шўпирга тайинлаб, автобусда жўнатворар эмишман, кутиб олишаркан. Аксига олиб, кечадан буён автобусимиз ҳам бузуқ.

– Унда қандоқ етказасиз?

– Далада иш қайнаяпти, керак бўлса, олиб кетишади. Ҳозирча шу ерда тура турсин.

Воқеанинг бундай давом этиши биз – болаларга жуда маъқул тушди. Худди кинога ўхшаш ғаройиб ҳодиса тезда тугаб қолишини истамасдик.

Меҳмонимиз кечгача иззатга кўмилди. Онам уни «болам-болам»лаб кун бўйи парвариш қилганидан ташқари, эгнидаги титилган кийими акамнинг оҳорли катак кўйлаги, эскироқ жигарранг шими билан алмаштирилди. Ҳали айрон тутамиз, ҳали қовун сўйиб келтирамиз.

Ичимизда катта опам бошқача, зардалироқ чиққан. Ошга уннаётган онамни тергаб қолди:

– Оббо, ўғрини шунчалик папалаш шартми?

– Тек, унақа дема, эси йўқ, – пўписа қилган бўлди онам. – Ким бўлсаям, у аввало одам. Устига-устак мусофир экан, ҳали унинг ўғрилиги исбот қилинмаган-ку!

Дадам, одатдагидек, шом қоронғусида келди. Бу пайтда меҳмонимиз чарчаган эканми ёки раис билан юзма-юз бўлишга юраги бетламаганми, кўрпага бурканиб, ётиб олган эди.

Эртаси куни тонгда ҳам марказдагилар кечаги жавобни беришди. Автобусимиз ҳали-бери юриб кетишига ишонч йўқ эди.

– Сени бу ерда қачонгача олиб ўтирардим? – дея онамнинг саъй-ҳаракати билан анча ўзига келиб қолган меҳмонга юзланди дадам. – Ўзи сендан ўғриям чиқмайди-ёв, кечадан буён қочиб кетишгаям ярамадинг. Ҳозир қўйиб юбораман, аммо бу ерларда қайтиб қорангни кўрсатма!

– Хўп, хўп, – дея такрорлаб, узоқ бош ирғаганидан сўнг, меҳмон ўрнидан қўзғалди.

Дадам қўлида иккита нон, яна ул-бул тугилган дуррача билан пайдо бўлган онамга бир қовоқ уйиб қаради-ю, индамай нари кетди.

– Мана буни олинг, болам, йўлда қийналиб қолманг.

У индамай тугунни олди-да, кўча томон шошиб уч-тўрт қадам қўйди-ю, орқасига ўгирилди. “Яна бирор илтимосинг борми?” деган маънода куюнчаклик, ғамхўрлик билан қараб турган онамга меҳмон титроқ овозда:

– Ишончларингизни бир умр оқлашга ҳаракат қиламан, – дедию чиқиб кетди.

 

Гулчеҳра АСРОНОВА,

Фарғона

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan