Мақолалар

ИЧАК ХАСТАЛИКЛАРИ БЕЗОВТА ҚИЛСА…

Чоп этилди May 29, 2019 ИЧАК ХАСТАЛИКЛАРИ БЕЗОВТА ҚИЛСА…da fikr bildirishni o'chirish

Ичак касалликларига чалинган кишилар ўткир таъсир кўрсатувчи таомларни истеъмол қилишдан тийилишлари зарур. Ахлатнинг ўз вақтида чиқмаслиги зарарлидир. Чиқарилмай сақланган ел кўпинча қуланж ҳосил қилади, чунки у ахлатни юқорига ҳайдаб туради. Йўғон ичак ва унга ёндош ичакларда юзага келувчи қуланж касаллиги натижасида оғриқ зўрайиб, ахлатнинг чиқиши қийинлашади, иштаҳа пасайиб, ёғли ва ширин нарсалар исталмай қолади. Беморда сийдик қизариши, кўнгил айниши, ташналик ҳолатлари рўй беради. Кейин бу белгилар кучайиб, ич батамом тўхтайди. Бундан ташқари, ичаклар шамоллаши ва унда яралар пайдо бўлиши, турли озиқ-овқат ва ичимликларнинг меъёридан ортиқ истеъмол қилиниши ичак касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Хасталикнинг бошланғич аломатлари сезилиши биланоқ уни даволаш амалиётига киришиш лозим. Бунда касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилади. Қуланжни даволаш учун қоринда ел ва чиқиндилар туриб қолишига қарши юмшатувчи ҳуқна (клизма) қилиш керак бўлади. Шунингдек, қуйидаги шифобахш ўсимликлардан фойдаланиш ичак касалликларини даволашда яхши наф беради.

Халқ табобатида кўнгил беҳузур бўлиши, қайт қилиш, бош оғриғига қарши шафтоли барги дамламасини ичиш тавсия этилади. Бунинг учун бир сиқим шафтоли барги чойнакка солиниб, устидан қайнаб турган сув қуйилади. 5-6 дақиқада дамлама тайёр бўлади. Ундан ярим пиёла миқдорида ичилса, 10 – 15 дақиқадан сўнг ичакдаги безовталик ва бош оғриғи таққа тўхтайди.

Абу Али ибн Сино исмалоқ баргларидан тайёрланган қайнатма ични юмшатиш, сафро ва елни ҳайдаш, қорин ҳамда ичаклардаги яллиғланишга чек қўйишда самарали таъсир кўрсатишини таъкидлаган. Қайнатма тайёрлаш учун идишга 1 ош қошиқ миқдорида қуритиб майдаланган исмалоқ барги, 1 стакан сув солиб, 10 дақиқа қайнатилади ва 1 соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра докадан сузиб олиниб, шарбатидан кунига 3 маҳал овқатдан олдин ярим пиёладан ичилади.

Ичак оғриқларини қолдирувчи доривор воситалардан яна бири укроп (шивит) ва унинг уруғи дамламасидир. Бунинг учун чойнакка 2 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устидан майдаланган укроп уруғидан 2 чой қошиқ миқдорида солинади ва 10 дақиқа дамлаб қўйилади. Докадан ўтказилган мазкур дамламадан овқатдан олдин ярим стакандан ичилади.

Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида қайд этилишича, олма ва асалли чой ичак касалликларини даволаш, ушбу аъзо фаолиятини мустаҳкамлашда яхши кўмак беради. Бунда 1 пиёла қора чойга олма бўлаклари ва 1 чой қошиқ миқдорида асал солиб ичиш тавсия этилади. Ичак қаттиқ оғриган вақтда майизли дамлама ҳам яхши шифо бериши айтилади. Ошқозон-ичак оғриқларини аритиш, ичак яраларини даволаш, ички қон кетишни тўхтатишда эса далачойдан тайёрланган дамлама фойдали таъсир кўрсатади. Бунинг учун оғзи ёпиладиган идишга 1 стакан қайнаб турган сув, ўсимликнинг майдаланган ер устки қисмидан 10 г солиб дамлаб қўйилади. Докадан ўтказилгач, ушбу дамламадан кунига 2 – 4 маҳал овқатдан кейин 1 ош қошиқ миқдорида ичилади.

Меъда-ичак яллиғланишидан азият чекаётган кишилар тугмачагул ўсимлигининг барги ва гулига қанд қўшиб тайёрланган дамламани ичишлари фойдалидир. Бунинг учун идишга 1 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига ўсимликнинг майдаланган барг ва гулидан 1 ош қошиқ солинади ва 2 соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докадан сузиб олиниб, озроқ қанд қўшган ҳолда кунига 3-4 маҳал 1-2 ош қошиқдан ичилади.

Меъда-ичак касаллигида яна сувда эритилган  2 г тоғ мўмиёсига қора зира қўшиб ичиш буюрилади. Ич кетишида носоғлом ҳолат кузатилган тақдирда 5 дона ёнғоқ мағзини эчки сутида қайнатиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Қовурилган ёнғоқ мағзини майдалаб, киндик устига сепиш усули ҳам ичак оғриқларини босиши ва ич кетишини тўхтатиши айтилади. Яна бир жиҳати, ёнғоқни вақт-вақти билан тановул қилиш, кўричак хасталигига йўлиқишнинг олдини олади.

Меъда ва ўн икки бармоқли ичакда яра бўлса, асалари елимидан катталиги мошдек келадиган миқдорда бир ой давомида кунига 3 маҳал овқатдан ярим соат олдин истеъмол қилиш яхши наф беради. Яъни ушбу муолажа таъсирида ичак ва меъдадаги яралар тезда битади. Ичакларда оғриқ сезган кишининг ошқовоқ пўстини хом ҳолида ейиши ё бўлмаса, чилонжийда, янтоқ ва сабзини мижозга қараб истеъмол қилиши ҳам фойдалидир.

Ошқозон-ичак безлари фаолиятини яхшилаш, бундаги яраларни бартараф этиш ҳамда гастрит касаллигини даволашда алоэ ўсимлигидан кенг фойдаланилган. Хусусан, мазкур ўсимликнинг сиқиб олинган шарбати, яъни сабур ичакдаги яраларни шифолашда яхши натижа беради. Халқ табобатида кунига наҳорда ва ётишдан олдин битта алоэ баргини чайнаш тавсия этилади. Шу усулда бир ой муолажа қилинганда ошқозон ва ичакдаги яралар битиб, гастрит ҳам барҳам топар экан.

Гулхайри илдизидан тайёрланган дамлама юмшатувчи хусусиятга эга бўлиб, у меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси хасталигида қўлланилади. Дамлама тайёрлаш учун идишга майдаланган гулхайри илдизидан 4 чой қошиқ миқдорида солиниб, устига 2 стакан қайнатиб совутилган сув қуйилади. 8 соат тиндириб қўйилгач, докадан ўтказилган ушбу дамламадан кунига 3-4 маҳал овқатдан олдин ярим стакандан ичилади.