Мақолалар

ОРАМИЗДА ЯХШИЛАР КЎП

Чоп этилди Dekabr 27, 2018 No Comments

Бундан икки йил олдин куз кунларидан бирида Бешариқдан 20–25 чақирим узоқликдаги Конизар қишлоғига тўйга борган эдик. Тушдан кейинги никоҳ базмига аёллар боришди. Тўй тугаб, меҳмонлар кетиш тараддудига тушишганида кеч бўлиб қолади. Йўловчи машинада келган келинлар ва қизларимиз қўлларида ёш болалари билан ўтган-кетган уловни тўхтатишга уринишади. Шу зайлда ярим соатлар чамаси туриб қолишади. Бу ҳолатни кўчанинг нариги юзидаги уйи деразасидан кузатиб турган йигит аёлини уларнинг ёнига чиқаради. Хотини Бешариққа кетишаётганини билиб қайтгач, уларни катта-катта тугунлари билан машинасида Рапқон қишлоғига олиб боради. Бешариққа кетаётган бир йигитнинг машинасига ўтқазиб юборади. Ҳайдовчи йўловчиларни туман марказидан анча узоқдаги Қият қишлоғига элтиб қўяди. Бу вақтга келиб шом яқинлашиб қолганди. Буни қарангки, иккала ҳайдовчи ҳам нотаниш, иккиси ҳам йўловчилардан бир сўм ҳам олмаган.

Шундай инсофли, диёнатли одамларни фарзандларимизга сафарда ҳамроҳ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шом намозидан кейинги дуоларимни тугатдим.

Орадан бир ҳафта ўтиб, келинимиз дугоналари билан ишхонасидан пахта теримига чиқди. Даладан қайтишларида кеч бўлиб қолади. Қишлоққача уч чақирим масофа бор, пиёда кетай дейишса, пахта териб чарчашган. Шунинг учун бекатда турган маҳалладошимиздан уйларига элтиб қўйишини сўрашади. У эса, ҳар бирингиз тўрт минг сўмдан берасиз, дейди…

Тўғри, меҳнатига яраша ҳақ сўраш ҳар кимнинг ихтиёри. Лекин “Инсоф сари барака” деган гап ҳам бор. Маҳалладошимизнинг бу қилиғидан шундай ўйларга чўмиб турганимда, юқорида айтганим, икки йил олдинги воқеа эсимга тушди. Яна ўша нотаниш бешариқлик жўмард ҳайдовчиларни дуо қиларканман, барибир оламда яхшилар кўплиги учун шукр келтирдим.

 

Мухторжон МАҲКАМОВ,

Бешариқ тумани

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan