Мақолалар

ЗИКР ВА ЗИКР ҚИЛУВЧИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Чоп этилди May 29, 2019 ЗИКР ВА ЗИКР ҚИЛУВЧИНИНГ ФАЗИЛАТИda fikr bildirishni o'chirish

Яҳё (алайҳиссалом) қавмига қилган васиятларнинг бешинчиси зикруллоҳ, Аллоҳни зикр қилишдир. Мўмин киши яратувчи, ризқ берувчи ва уни одам наслидан қилган Раббиси борлигига ишонади. Унинг бандаси Унга сиғинади, Унга талпинади, Унинг раҳм-шафқатидан умидвор бўлади, Унинг чексиз қудрати – ҳар неки бор, Ул Зот ундан буюклигини, Унинг даргоҳига ожизлик ила узатилган қўлни ёрдамсиз қолдирмаслигини яхши билади…

Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад (алайҳиссалом) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)га ҳар фарз намоздан кейин айтишни буюрган:

“اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ”

“Ё Аллоҳ, зикринг, шукринг ва Сенга чиройли ибодат қилишимда ёрдам бер” (Абу Довуд ривояти).

…Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таолонинг ер юзини айланиб Аллоҳни зикр қилиб ўтирган кишиларни ахтариб юрадиган малоикалари бор. Қачон улар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган бир жамоани топса: “Истаган нарсангиз шу ерда экан” деб бир-бирини чақиради ва ҳаммалари жамоа устига қанотлари билан ёпирилади, улар кўплигидан дунё осмонигача етиб қолади (Аллоҳ зикрини килиб ўтирган жамоатнинг айтган зикру дуоларига қулоқ бериб туришади, жамоа тарқалгач), Аллоҳ таоло Ўзи яхши билса-да, малоикалардан сўрайди:

Бандаларим нима қилишаётган экан?

Малоикалар: Ё Аллоҳ! Бандаларинг Сенга тасбеҳ, такбир ва ҳамду сано айтиб, Сени улуғлашмоқда.

Аллоҳ таоло: Улар ўзи Мени кўришганми? – деб сўрайди.

Малоикалар: Қасамки, улар Сени кўрмаган.

Аллоҳ таоло: Агар Мени кўришганда-чи?

Малоикалар: Агар Сени кўришганда, Сенга ибодатлари, Сени улуғлашлари янада авж олган бўларди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим Мендан нимани сўрашмоқда?

Малоикалар: Улар Сендан жаннатни сўрашмоқда.

Аллоҳ таоло: Жаннатни кўришганми?

Малоикалар: Йўқ, жаннатни ҳеч кўришмаган.

Аллоҳ таоло: Агар кўришганда қандоқ бўларди?

Малоикалар: Агар жаннатни кўришганда эди, унга рағбатлари, иштиёқлари бундан ҳам зиёдалашар эди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим нимадан паноҳ сўрашмоқда?

Малоикалар: Улар дўзахдан, унинг азобидан паноҳ тилашмоқда.

Аллоҳ таоло: Дўзахни кўришганми?

Малоикалар: Йўқ, эй Раббимиз, улар дўзахни ҳам, азобини ҳам умуман кўришган эмас.

Аллоҳ таоло: Агар кўришганда қандоқ бўларди?

Малоикалар: У ҳолда улар дўзахдан узоқроқ қочишга, унга тушишдан эҳтиёт бўлишга кўпроқ ҳаракат қилган бўлишар эди.

Аллоҳ таоло: Бандаларим шундай ҳолатда экан, эй малоикаларим, сизлар гувоҳ бўлинглар, Мен уларни мағфират қилдим.

Малоикалардан бири: Уларнинг ичида фалончи бор, лекин у улардан эмас, у бир иш юзасидан бу ерда ўтириб қолди.

Аллоҳ таоло: У ерда ўтирганлар шундай кишилар, буларнинг шарофатидан у ҳам гуноҳкорлигича қолиб кетмайди”, дейди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар алай­ҳиссалом) бир кун: “Эй саҳобаларим! Сизларга амалларингизни энг хайрлиси, даражотингизни юқори кўтарадиган, тилло ва кумуш­ни эҳсон қилишдан ҳам яхшироқ ва душманингиз билан рўпара бў­либ, қиличларда солишишдан кўра афзалроқ амални ўргатайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ!” дейишди. Пай­ғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳни зикр қилиш”, дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Ибн Можа).

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”

китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм