Ўзбекистон янгиликлари

Наманганда “Ўзбекистонда манзарали гуллар хилма-хиллиги: муаммолар ва ютуқлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Чоп этилди May 29, 2019 Наманганда “Ўзбекистонда манзарали гуллар хилма-хиллиги: муаммолар ва ютуқлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.da fikr bildirishni o'chirish

 

Гуллар хилма-хиллиги: муаммо ва ютуқлар

 

 

 

Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Гулчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Россия, Эрон, Ҳиндистон каби хорижий давлатлар ва мамлакатимиздаги нуфузли илм-фан муассасаларидан академиклар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар, иқтидорли талабалар, соҳадаги компания, корхона ва муассасалар мутахассислари иштирок этди.

Бундан ташқари, анжуман ташкилий қўмитасида АҚШ, Россия, Япония, Озарбайжон ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган 100 дан ортиқ илмий маърузалар қабул қилинди.

Хусусан, анжуманда иштирок этган Урал давлат аграр университети профессори, РФ академиги Владимир Сусан, Эрон манзарали дарахтлар ва гуллар бўйича “Палмиран” компанияси бош мутахассиси Хусайин Дўст Муҳаммад, Лал Баҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори Чандер Шекхар, Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника илмий-тадқиқот институти директори, академик Комилжон Тожибоев, Ўзбекистон Миллий университети профессори, академик Абдуғаффор Мамадолимов, Андижон давлат университети профессори, академик Сайлобиддин Зайнобиддинов, Генетика илмий-тадқиқот институти профессори, академик Aбдумавлон Aбдуллаев, Тошкент давлат аграр университети профессорлари Абдухалил Қайимов ва Ҳасан Бўриевларнинг маърузалари илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Конференциянинг ялпи ва шўъба мажлисларида манзарали ўсимликларни етиштиришда инновацион технологиялар ва муаммолар, халқаро миқёсдаги манзарали ўсимликлар биохилма-хиллиги, ўсимликлар флораси ва уларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг инновацион технологиялари муҳокама қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари ва ҳукумат қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда, Наманган муҳандислик-технология институтида 2018-2019 ўқув йилидан эътиборан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари технологияси факультетида манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш таълим йўналиши ташкил этилди, – дейди институт кафедра мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Сурайё Мисирова. – Айни вақтда 30 нафар талаба ушбу мутахассислик йўналишида таълим олмоқда. Ҳозирга қадар кафедранинг илмий салоҳиятга эга бўлган олти нафар профессор-ўқитувчиси томонидан гулчиликни ривожлантиришга қаратилган 4 та монография, 1 та ўқув-қўлланма ва 1 та дарслик ишлаб чиқилиб, нашр этилди. Олимларимиз гулчиликни ривожлантириш маркази билан биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Яқинда эса гулчиликни ривожлантириш маркази ҳамда Голландиянинг “Ligthart Bloembollen V.O.F” компанияси ҳамкорлигида лола гулини етиштириш технологияси бўйича масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Lighartulips Namangan” қўшма корхонаси ташкил этилди.

Иштирокчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида қизғин давом этаётган “Гуллар байрами”да ҳам иштирок этиб, вилоят гулчилиги ютуқлари билан танишди.

Анжуманда республикада манзарали гуллар етиштириш ва уларни маҳаллийлаштириш, бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини етиштириш бўйича долзарб мавзуларда маърузалар тингланди ва иштирокчилар томонидан илмий ечимлар таклиф қилинди.

Акромжон САТТОРОВ,

ЎзА