Слайдер

Тошкентда яна бир жоме масжиднинг янги биносига биринчи ғишт қўйилди

Чоп этилди May 29, 2019 Тошкентда яна бир жоме масжиднинг янги биносига биринчи ғишт қўйилдиda fikr bildirishni o'chirish

Бугун, 29 май – Рамазон ойининг файзли кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносининг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, дуои хайрлар қилдилар.

Тошкент шаҳрининг Қора-қамиш мавзесидаги “Сирож Солиҳ” жоме масжиди 1990 йилларда Собиқ шўролар давридаги қатағон сиёсати оқибатида ўз юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган Сирожиддин Солиҳ исмли ватандошимизнинг васиятига кўра, у кишининг маблағига қурилган.

Қарийб 30 йил мобайнида масжид таъмирталаб ҳолга келиб қолди. Қолаверса, охирги вақтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди.

2000 метр квадрат майдонда қуриладиган масжид лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ҳамда замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттиргани билан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 3500 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олиши режалаштирилган.
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими