Ўзбекистон янгиликлари

Қорахонийлар даврига оид шаҳар қолдиқлари топилди

Чоп этилди May 29, 2019 Қорахонийлар даврига оид шаҳар қолдиқлари топилдиda fikr bildirishni o'chirish

Археологларимиз томонидан Жиззах вилояти Тошбулоқ ёдгорлигида, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда Қорахонийлар даврига оид шаҳар қолдиқлари топилди.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти томонидан ”Ўзбекистон археологияси: ютуқлар, муаммолар ва истиқбол” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

– Яқин кунларда археологларимиз томонидан Жиззах вилояти Тошбулоқ ёдгорлигида, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда Қорахонийлар даврига оид шаҳар қолдиқлари топилди, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти директори Фарҳод Мақсудов. – Ушбу ёдгорлик замонавий технологиялар асосида ўрганилди. Бу ҳам бугунги шаҳар археологиямиз учун катта ютуқ ҳисобланади.

Самарқанд вилояти Кофирқальа ёдгорлигида ёғоч панно қолдиқлари топилиб, таъмирланган. Наманган вилояти Ахсикент ёдгорлигида казишма объектлари музейлаштирилди. Самарқанднинг қадимий ўрни Афросиёб ёдгорлигидан топилган илк ўрта асрларга мансуб деворий суратлар ҳозирги замон талаблари асосида таъмирланди. Бухоро воҳасини қадимдан ўраб олган воҳа девори – Кампир девор қолдиқлари ўрни очилди. Термиз шаҳар ёдгорлигида ер ости Будда ибодатхонаси ва ундан “муқаддас ступа”, буддавий роҳиб ва маъбуларнинг колдиклари топилди. Зарафшон воҳаси ва Амударё дельтасида олиб борилган тадқиқотлар туфайли Калтаминор маданиятининг ривожланиши ва унинг тараққиёт йўллари, хронологияси ва ёдгорликларнинг геологик ҳолатини ўрганиш бўйича янги маълумотлар қўлга киритилди.

Мамлакатимизда қадимдан қабристонларни обод қилиш, янги қабристонларни ташкил этиш бўйича қатор ишлар қилинади. Айрим тарихий объектларнинг аксарияти қабристонлар остида қолиб кетган.

Мамлакатимизда 3 та Темур дарвоза бор. Уни айрим тарихчилар, журналистлар нотўғри талқин қилишади. Биринчиси, Жиззах яқинидаги “Илон ўтди” дарасида жойлашган. Иккинчиси, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари оролиғидаги Дарбанд ҳудури яқинида, учинчиси, Самарқанд вилояти Қўшработ туманида. Тадбирда бу дарвозаларнинг номи ОАВ да тўғри талқин қилиниши кераклиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Дилобар МАМАТОВА,

ЎзА