Мақолалар

Ўзини тутишда ўртачалик

Чоп этилди May 30, 2019 Ўзини тутишда ўртачаликda fikr bildirishni o'chirish

Юқорида таъкидланганидек, камбағаллик кишининг бошқаларга кўп муҳтож бўлишига, бировларга юк бўлишига сабаб бўлади. Бу эса уни ўзгалар олдида қаддини букишга, кимларгадир юкунишга олиб боради. Шу боис фақир инсон ўзини ўта паст олишга, тушкунликка тушишга мойил бўлиб қолади. Ҳатто у ўз қадр-қиммати топталишига ҳам унча парво қилмайдиган бўлиб қолиши мумкин. Бу эса Ислом таълимотига зиддир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ўзини хорламаслиги лозим”, деб марҳамат қилганлар.

Шу билан бирга, айрим фақир кишилар мазкур кайфиятдан қочиш мақсадида билиб-билмаган ҳолда ўзини керагидан ортиқ даражада баланд тутишга, орият қилишда ҳаддан ошишга ўтиб кетади, ҳатто бойларни менсимаслик ҳолатига етади. Натижада у кибр қилади.

Ибн Ҳиббон Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишига Аллоҳ Қиёмат куни назар солмайди: зинокор қария; ёлғончи раҳбар; мутакаббир камбағал”, дедилар».

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло мутакаббирни ёмон кўради, камбағал мутакаббирни эса ундан-да ёмон кўради”, деганлар.

Демак, фақир киши ўзини хор тутишдан ҳам, иззатталаб, мутакаббирлик қилишдан ҳам четланиши, балки ҳар икки ҳолатнинг ўртасини ушлаши лозим. Ана шунда у ҳадисда таъкидланган фақирликда ҳам ўртачаликка эришган бўлади.

Энди бойликда ўзини ўртача тутишга келсак, бу ҳам жуда кам одамларда топиладиган сифатлардандир. Инсон табиатан мол-дунёга қизиқувчан. Баъзан мақсадига етганида бу уни ғурурлантириб қўяди. Натижада одамлардан ўзини устун деб билади, бошқаларга паст назар билан қарай бошлайди. Ҳатто у ўзининг кимлигини унутиб қўйиши, Яратувчисини инкор қилиши ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) давридаги ана шундай ўзидан кетган бир подшоҳ ҳақида ҳикоя қи­либ:

Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?!” (Бақара, 258) дея марҳамат қилади.

Ҳа, у асли бошқалар қатори оддий одам эди, аммо Аллоҳ унга подшоҳлик берганидан кейин, у Рабби, уни яратган Зот ҳақида тортишишга журъат қилди. Инсон ҳаддан ошувчи: қўлида мулк бўлганида, молу мансабга эришганида туғёнга кета бошлайди, Парвардигорига исён қилади. Бировларнинг унга ҳожати тушаётганини, итоат этаётганини кўриб, кибру ҳавога кетади, ҳатто бориб-бориб, Фиръавн ва Қорунлар каби илоҳликни, ҳамма нарсага ўз кучим билан эришдим, деб даъво қилади (Аллоҳ сақласин).

Шу боис динимизда банда ҳеч қачон ўзлигини унутмаслиги, доимо ўзининг ожизлигини ёдда тутиши лозимлиги уқтирилади.

Ислом уммати ўрта умматдир. Унинг ўрта умматлиги барча ишларда мўътадил йўл тутиши, меъёрни ушлашида намоён бўлади.

Аммор (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, ғайбни билишинг ва махлуқотларинг устидаги қудратинг ҳақи, мен учун ҳаётни яхши деб билсанг, мени ҳаёт қилгин, агар ўлим мен учун яхши бўлса, мени вафот эттиргин. Мен Сендан ҳар пайтда Ўзингдан қўрқишни, ғазабдаю розиликда ҳақни айтишни, фақирлигу бойликда ўртача бўлишни, Сенинг жамолингга назар солиш лаззатини ва Сенга йўлиқиш шавқини сўрайман”, деб дуо қилар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”

китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм