Ўзбекистон янгиликлари

Кундузги шифохоналар самарали ишламаяпти. Нега?

Чоп этилди May 30, 2019 Кундузги шифохоналар самарали ишламаяпти. Нега?da fikr bildirishni o'chirish

Кундузги шифохона ўзи аслида нега керак? У одамларга нима наф беради?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларида аҳолига амбулатор хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ана шу саволларга жавоб изланди.

Кўпчилик кеча-кундуз шифохонада ётиб даволанишга имкон топавермайди. Ўзига яқин ҳудуддаги оилавий ёки қишлоқ оилавий поликлиникалардаги кундузги шифохоналар ана шундай тоифадаги беморлар учун жуда қўл келади. Ваҳолонки, оилавий поликлиниканинг ўзида қон таҳлили ва бошқа анализларни ҳам топшириш, тегишли муолажаларни олишга шароит мавжуд.

Демак, кундузги шифохоналарда муолажа олиш, биринчидан, бемор вақтини, маблағини тежайди, оворагарчиликнинг олдини олади. Иккинчидан, хаста одам кундузги шифохонада доимий ҳолидан хабар олувчи шифокори ва патронаж ҳамширасининг назоратида бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўтказган ўрганишлар жараёнида, афсуски, кундузги шифохоналар имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани аниқланди. Айрим оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналар учун хоналар етишмаса, бошқаларида эса кроват ёки бошқа шунга ўхшаш сабаблар билан шифо ўринлари ташкиллаштирилмаган.

Ушбу масала Ҳукумат ҳисоботида ҳам айрим депутатлар томонидан ўртага ташланган эди.

2017 йил 22 сентябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган вақтинчалик штатлар нормативида кундузги шифохоналар учун 20 та шифо ўрни мавжуд бўлганда 1 штат врач ва ҳамширалар ажратилиши кўрсатилган. Жойлардаги шароитлардан келиб чиқиб, 10-12 шифо ўринлари ташкил қилинган оилавий поликлиникаларга 0,5 ставка шифокор ва ҳамшира штатлари ажратилган. Бу атиги уч соат ишлайди дегани, холос, қолган вақтда кундузги шифохона ишламайдими, деган ҳақли савол туғилади.

Депутатларнинг фикрича, аслида 20 та шифо ўрнидан келиб чиқиб, штат ажратиш амалиёти Молия ёки Соғлиқни сақлаш вазирликларининг бюджет маблағларини иқтисод қилиш мақсадида аниқ таҳлилларсиз жорий қилган иши ҳисобланади. Бугунги кундаги воқелик бу айнан жойлардаги вазиятдан келиб чиқилган аниқ ёндашув натижаси эмаслигини кўрсатмоқда.

Алоҳида қайд этилганидек, кеча-кундуз ишлайдиган шифохонада ётиб, даволанишда аҳолининг муайян қатламига дори-дармонлар бепул. Қолганларига эса бундай имконият йўқ. Лекин нормативларга тегишли ўзгартишлар киритиб, оилавий поликлиникалардаги кундузги шифохоналарда даволанганларга ҳам дори-дармонларни бепул тақдим этиш мақсадга мувофиқ.

Танқидий таҳлил, баҳс-мунозара руҳида кечган тадбирда ўртага ташланган жиддий масалалар Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасаддилари ҳамда экспертлар иштирокида чуқур муҳокама қилинди.

Қўмита йиғилишида Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига тегишли сўров киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Халқ сўзи