Мақолалар

“ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ”МИ?

Чоп этилди May 31, 2019 “ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ”МИ?da fikr bildirishni o'chirish

Халқимиз орасида шундай иборалар борки, бу иборалар тилдан-тилга кўчиб,  айтим, ҳатто мақол даражасига етган. Биргина мисол, “Ўн саккиз минг оламни яратган зот”. Кексаларимиз дуога қўл очиб Аллоҳ таолога ҳамду санони ушбу ибора билан бошлайдилар.

“Ўн саккиз минг олам” ибораси бугун интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ҳам жуда кенг қўлланиляпти. Билган ҳам, билмаган ҳам шу сўзни ишлатади: баъзан мавриди билан, баъзан эса бемаврид.

Хўш, ўн саккиз минг олам нима? Бу ибора, аслида, нимани англатади?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг savollar.islom.uz сайтига юборилган: Ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!» дегандаги, “ўн саккиз минг олам” сўзини қандай тушунамиз, бунда қандай олам айтиляпти?” деган саволга: “Буни ўша гапни айтганлардан сўранг”, деб жавоб қайтарилган.

Демак, бундай ибора муқаддас динимизда йўқ.

Куни кеча бир дўстим билан шу ибора ҳақида гаплашиб қолдик. Уйга бориб китоб жавонимдаги адабиётларни кўраётиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Сўраган эдингиз…” номли китобида ушбу ибора ва унинг шарҳини учратиб, тилла топган кишидек қувониб кетдим.

Келинг, яхшиси, қитобда келтирилган савол-жавобни асл ҳолича ўқувчининг ҳукмига ҳавола этайлик.

САВОЛ: “Ўн саккиз минг олам” тушунчаси мавжуд. Ўн саккиз минг рақами Қуръонда ёки суннатда келганми?

ЖАВОБ: “Ўн саккиз минг олам” ибораси Қуръони карим ва ҳадисларда учрамайди. Асосан, минтақамиз мусулмон адибларининг асарларида, тасаввуф адабиётида бу иборадан кенг фойдаланилган. Шундай бўлса-да, бу рақам айнан ўн саккиз минг олам борлигига эмас, балки кўпликка далолат қилади.

Муфассирлар оятда келган “оламларнинг Раббиси” иборасидаги оламлар жуда кўп, ҳисобсиз эканига ишора қилиб, ўн саккиз минг деб рамзий таъвил қилишгани боис, шартли равишда шу саноқ қабул қилинган.

Баъзилар эса ҳайвонот, ўсимлик, ер, осмон кабиларни санаб, оламларни мазкур саноққа тенг деб изоҳлашга ҳаракат қилишади. Лекин муайян сонга тўхталиш тўғри эмас. Чунки олам ва коинот сир-синоатларини тўлиқ билишга инсоннинг ақли ожиз.

Иқтибос тугади.

“Ўн саккиз минг олам” иборасидаги “олам” сўзи “аломат» сўзидан олинган, яъни оламни Яратган Зот (борлиги)нинг далилидир (Имом Қуртубий «Ал-Жомиъ ли аҳкамил-Қуръан»).

Абу Лайс Самарқандий “Таъвилоти аҳлис сунна” тафсирида: “Барча жонли нарса оламдир”, деганлар.

“Олам” сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган.  Қатоданинг айтишича: “Олам – Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжудотлардир”.

Фарро ибн Убайда айтади: “Олам”дан мурод, ҳар бир ақлли мавжудотдир. Улар: инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлардир. Ақли йўқлиги учун ҳайвонлар олам дейилмайди”.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳам мазкур иборани ишлатган.

 

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,

Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

 

Аслида ҳар бир инсон – бир олам. Буюк шоир буни жуда чиройли таърифлаб, “Ўн саккиз минг олам ошуби” инсон эканини ёзади. “Ошуб” сўзи ғавғо, тўполон, деган маъноларни англатади. Демак, ўн саккиз минг олам ғавғосини енгган киши комил инсондир.

Хулоса. “Ўн саккиз минг олам” ибораси айнан шунча оламни эмас, балки кўпликни ифода этар экан.

 

Толибжон НИЗОМ