Мақолалар

РАМАЗОН ШАРОФАТИ

Чоп этилди May 31, 2019 РАМАЗОН ШАРОФАТИda fikr bildirishni o'chirish

Бир йилга тизилган ўн иккита ой,

Ҳар бирин ўрни бор, ўз ҳислати бор.

Навбат билан келиб кўрсатар чирой,

Ҳар йили бу ҳолат бўлади такрор.

 

Ойларнинг гўзали, ойлар малаги

Рамазон ойидир мусулмон учун.

Аллоҳнинг раҳмати, банда тилаги,

Шу ойда осмондан ёғар туну кун.

 

Рамазон ойида тўлиқ ўттиз кун

Рўзани тутмоқлик мусулмонга фарз.

Рўзани тутганлар нафсидан устун,

Тутмаган бандаси қиёматлик қарз.

 

Ажойиб ҳислатли таровеҳ намоз,

Пайғамбардан мерос, суннати амал,

Таровеҳга тасбеҳ бўлади ҳамроз,

Хатми Қуръон эрур савобга тамал.

 

Рамазон аввали Аллоҳдан раҳмат,

Иккинчи ўнида ваъда – мағфират.

Сўнгги ўн кунлиги – дўзахдан нажот –

Топар тўза тутган, қилган тиловат.

 

Бу ойда ўқилган намоз савоби

Йигирма етти бор кўп бошқа ойдан.

Савоби кўпларнинг осон жавоби,

Нажот савобдадир, йўқ ўзга жойдан.

 

Рамазон ойида бир ажойиб тун,

Бу – Қадр кечаси, Аллоҳдан неъмат.

Истиғфор айтганга неъматлар бутун,

Тилаган олади, топади нажот.

 

Савоб умидида ифтор қилинар,

Ўтганлар ҳақига қилинар дуо.

Мўминнинг дуоси кетмас бесамар,

Аллоҳ қабул қилиб, айлар мустажо.

 

Бандамиз, хатолар қиламиз тет-тез,

Гуноҳ ҳам қиламиз гоҳ билиб-билмай.

Бу ойда тавбага кимлар бурса юз,

Қилган тавбалари кетмагай беиз.

 

Осмон эшиклари очиқ бу ойда,

Яхши дуо қилинг, қабули – аниқ.

Эзгулик, яхшилик қолмайди ерда,

Рамазон ойининг ҳаёти тиниқ.

 

Мен оддий бандангман, билимим ҳам кам,

Эй қодир Аллоҳим, Сендан тилагим:

Имон ва инсофни қил менга ҳамдам,

Ёмонлик, ёмондан Ўзинг паноҳим.

Эштурди ЎРОЛОВ,

Самарқанд вилояти Иштиҳон тумани