Мақолалар

БИЗ КИМНИ ТАРБИЯЛАЯПМИЗ?

Чоп этилди Dekabr 26, 2018 No Comments

“Бир ўғилни яхши тарбияласангиз, бир инсонни тарбиялаган бўласиз. Бир қизни яхши тарбияласангиз, битта оилани, ҳатто жамиятнинг каттагина бўлагини яхши тарбиялаган бўласиз”. “Оналар – миллат тарбиячиларидир”. Бу ҳикматлар ҳеч бир даврда долзарблигини, аҳамиятини йўқотмайди. Қуйидаги қачондан бери хаёлимни банд қилган мушоҳадалар ҳам ана шу ҳақиқатга таянган.

Чаноққалъа жанги. Янги келган аскарлар орасида бирининг сочи хиналанган. Қўмондоннинг “Нега сочинг бундай?” деган саволига аскар: “Онам мени ҳарбийга кузатаётиб хина суртди, сабабини билмайман”, деб жавоб берди. “Ҳа, майли, сафга қайт, хинали Али”. Қўмондоннинг шу гапидан кейин аскарни ҳамма “хинали Али” деб чақирадиган бўлди. Али тез орада яхши фазилатлари, жасурлиги билан ўртоқлари орасида ҳурмат қозонди. Бир куни уйига хат ёзмоқчи бўлди. Сафдош йигитлардан ёрдам сўради. Ҳаммалари бирга мактуб битишга ўтиришди. “Отажон, онажон, яхшимисизлар, уйдагилар яхшими? Мендан хавотир олманг…” каби одатий жумлалардан кейин “Биз бор эканмиз, душман бир қадам ҳам босолмайди”, дея ғурур билан хатни тугатишди. Хат сўнгига Алининг қуйидаги гапини илова қилишди: “Онажон, сочимга қўйган хинангиз сабаб кулги бўлдим. укамга бундай қила кўрманг”.

Орадан вақт ўтди. Гелибўлуни ҳимоя қилаётган аскарлар, уларга ёрдамга келган қўшимча кучлар ҳам бирма-бир шаҳид бўлди. Гелибўлу қўлдан кетиш арафасида. Бу ҳолатдан хинали Али қўмондонининг боши қотган. Ротасини юборай деса, аскарлар янги, ҳали жангга тайёр эмас. Шунда аҳволни тушунган хинали Али ва ўртоқлари жангга бориш ниятлари қатъий эканини билдиришди. Қўмондон чор-ночор рози бўлди. Ротадан ҳеч ким тирик қайтмади…

Хинали Али уйига ёзган мактубга жавоб келди. Бошлиқлар уни кўзларида ёш билан ўқишди. Отаси ҳўкизини сотганини, пулнинг ярмини Алига жўнатганини, ярмини ҳарбийга отланган кичик ўғлига берганини ёзган эди. Шундан кейин хат онанинг сўзлари билан давом этарди: “Болажоним, сочимдаги хинани мазах қилишди, укамга қўйманг, дебсан. Укангга ҳам қўйдим. Ўртоқларингга айт, буни ҳазилга йўйишмасин. Бизда уч ҳолатда хина қўйишади: Қурбонлик ҳайвонга – Аллоҳга қурбон бўлсин дея; келин бўлаётган қизга – болаларига қурбон бўлсин дея; ҳарбийга кетаётган йигитларга – Ватанга қурбон бўлишсин дея…”

Бу – бўлган воқеа (мактубнинг асли Истанбулдаги Чаноққалъа музейида сақланади). Биринчи марта ўқиганимда этларим жимирлаб кетганди. Фарзандли бўлгач, ҳар эслаганимда кўзим ёшга тўладиган, кейин-кейин эса уяладиган бўлдим. Битта мисол айтсам, ўзингиз тушуниб оласиз. Дугонам турмушга чиқди. Куёв томон тўйни қарзга қилган экан. Туғруқ таътили учун ишхонаси яхшигина пул тўлаганида куюнчак дугонам бир қисмини қайнона-қайнотасига бермоқчи бўлади. Эрига бериб: “Ҳарна қарздан қутулиб туришсин”, дейди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Она ўғлини: “Нега энди ёшгина келин пулининг ҳаммасини эмас, бир қисмини беради? Сен эрмисан ўзи, кимсан?” деб маломатлар қилади, эр келиб яқинда кўзи ёрийдиган хотинга заҳрини сочади, оиладаги тотувликкан дарз кетади…

Мана, сиз ҳам шу каби воқеаларни эслай бошлаяпсиз, тўғрими? Чунки атрофимиз бундай гапларга тўлиб ётибди. “Топганингизни менга олиб келиб берасиз”, деб келиннинг маошига кўз тиккан; “Ўғлим қўймаса, мана, мен сени талоқ қўяман”, деб дунёни бошига кўтараётган; келинининг: “Ўғлингиз даволанишим учун онам берган озгина пулни ҳам олиб қўйди”, деган шикоятини: “Ие, ҳеч замонда хотиннинг пули бўладими, унинг ўзи ҳам, бор-йўғи ҳам эриники-да”, дейдиган; “Келин тушадиган уйни жиҳозлаб қўйсак, қуда томондан ҳеч нарса – мебель ҳам, емак-ичмак ҳам келмаса, яхши бўларди”, деган ўғлининг: “Ахир, улар ҳам умид билан қиз ўстиришган, орзу-ҳавас кўраман дейишган. Қилаверишсин, тирикликнинг зийнати-да, буям. Ҳали ўзинг қизли бўлсанг, биласан”, каби “насиҳат”лар билан шаштини қайтараётган қайноналар, оналар… Ота-онаси бир ножоиз қилиғига қаршилик кўрсатса, масалан, калта-култа кийинишига кўнмаса, бу ишда қиз набираларига ёрдамчи бўладиган бувилар ҳам бор: “Ҳамма нарса ҳозир ярашади-да, эртага бир жойга борса, шундоғам сипо кийинишга мажбур бўлади. Ўз уйида яйрасин, қўйинглар…” Эгилганда яна эркакнинг, отанинг боши эгилади.

Энди боласининг сочига хина қўйиб, уни мардонавор ўлимга, Ватан жон фидо қилишга юбораётган она билан келтирилган мисоллардаги аёлларни солиштириб кўринг. Бу ўринда ббошқаларни мақтаб, ўзимизни ерга урмоқчи эмасман. Агар дунё миллатларига қиёслайдиган бўлсак, улардан кўптомонлама устун келишимиз аниқ. Лекин юқоридаги каби оғриқли нуқталарда анча-мунча халқни чангимизда қолдириб кетишимиз ҳам бор гап.

Айтсам гап, айтмасам дард бўладиган мулоҳазаларим қоғозга тушмай ҳам қолиб кетавериши мумкин эди. Бироқ бу сўзлар кимнингдир юрагига юқса, ҳеч бўлмаганда, фарзанд тарбиялаётганимда ўзим айтган гапга ўзим амал қилишимга туртки бўлса, деган умид билан ёздим.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan