Мақолалар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси — Жаҳолатга қарши маънавият, маърифат билан жавоб берадиган марказ

Чоп этилди Iyun 1, 2019 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси — Жаҳолатга қарши маънавият, маърифат билан жавоб берадиган марказda fikr bildirishni o'chirish

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси юртимиз аҳлига муносиб Рамазон туҳфаси бўлиш баробарида, маънавият ва маърифатнинг ўзига хос кошонаси ҳамдир.

Шайх ҳазратларининг фарзанду аржуманди Исмоил Муҳаммад Содиқ билан суҳбатимиз ушбу мажмуанинг ҳаётимиздаги аҳамияти, атоқли алломанинг ибрати, беқиёс фаолияти, олижаноб фазилатлари хусусида кечди.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Оққан дарё оқмай қолмайди. Бутун дунёни чароғон этган, қадим цивилизация бешиги саналган юртимиз яна кўкда порлаган қуёш мисоли жаҳонга нур тарата бошлади. Президентимиз томонидан ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш, инсонларга илм-маърифат улашиш, бутун мўмин-мусулмонлар ва халқимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар нафақат фикримиз исботи, балки қалбимиз шукронаси ҳамдир. Чунончи, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа буюк аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш, уларнинг мақбараларини обод қилиш, зиёратгоҳларни жаҳон андозалари асосида таъмирлаш, ақоид, ҳадис, фиқҳ илмий марказларининг очилиши, янгидан-янги масжид ва мадрасалар бунёд этилиши, Ислом цивилизацияси маркази каби зиё масканларининг ташкил қилиниши халқимиз, шунингдек, дунё жамоатчилиги томонидан катта мамнуният ва хурсандчилик билан кутиб олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан падари бузрукворимиз номида муҳташам мажмуа бунёд этилишидан, шубҳасиз, оиламиз аъзоларининг кўнгли тоғдек кўтарилди. Отамизнинг Ватан ва динимиз ривожи йўлидаги хизматлари бу қадар юксак қадрланиши, илмий мероси, маърифий ва ижтимоий фаолияти эъзозланиши фавқулодда қувончли янгилик бўлди.

Мажмуанинг қурилиши бошидан-охирига қадар Президентимизнинг доимий эътиборида турганини ҳам алоҳида таъкидлашим лозим. Бу жамиятимизнинг маънавий-маърифий ҳаётидаги эзгуликка йўғрилган унутилмас воқеликдир. Зеро, илм аҳлига, уламоларга, дин пешволарига бундай ғамхўрлик динимизнинг тамал тоши бўлмиш Қуръондаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” деган ояти кариманинг ҳаётий ифодаси, дейиш мумкин. Шу билан бирга бу — Ўзбекистонимизда диний, маърифий соҳада олиб борилаётган ишларнинг янгича мазмун касб этаётганини, янги босқичда юксалаётганини ҳам кўрсатади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг юртимиздаги ана шундай қутлуғ даргоҳлардан ўзига хослиги нимада?

— Отамиз 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтийси бўлган. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида алоҳида ўрин тутади. Шу билан бирга, ўша пайтларда жамият ҳаётида, одамлар онгу тафаккурида ўзгаришлар, ҳатто кескин қарама-қаршиликлар кечганини катта авлод вакиллари яхши эслашади. Ана шундай мураккаб бир даврда падари бузрукворимиз етук илми, сўзи ва ибратли амаллари билан Ватанимизга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилганлар. Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришганлари барчага маълум.

Падари бузрукворимиз олим сифатида умрини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Президентимиз мажмуа қурилиши бошланган паллада бу ерга ташриф буюриб, ҳазратимизнинг илм ва ҳаёт йўли ўзига хос мактаблигини айтди, у кишининг бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш барчамизнинг бурчимиз эканини қайд этди. Ана шундай хайрли мақсад йўлида қисқа вақт ичида мажмуада улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди. Икки минг кишига мўлжалланган масжид, анжуманлар зали, кутубхона, музей, Сўгалли ота мақбараси, таҳоратхона ва бошқа ёрдамчи хоналар барпо қилинди. Бунёдкорликда шарқона меъморий ечимлардан фойдаланилган ҳолда ҳар бир бинонинг ўзига хос шакл ва мазмун касб этишига, ҳатто безак ва нақшларнинг ҳам илоҳий моҳиятни жо қилишига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда зиёрат туризмининг изчил тараққий этаётгани ҳисобга олиниб, мажмуанинг ён-атрофи кўкаламзорлаштирилиб, бу ерга ноёб гул ва манзарали дарахтлар экилди. Нақшинкор айвонлар, замонавий ўриндиқлар ўрнатилди. Кўркам фаввора зиёратга келган инсонларнинг баҳри дилини очиб, маънавий қувватини янада зиёда қилади. Музейимиз ҳам тез орада шайх ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолияти билан боғлиқ қимматбаҳо экспонатларга тўлдирилади.

Давлатимиз раҳбари 10 май куни мажмуадаги якуний бунёдкорлик ишларини кўриш мақсадида келганида қуйидаги фикрларни билдирди: “Бу даргоҳ жаҳолатга қарши маънавият, маърифат билан жавоб берадиган марказ, соф ислом ақийдаларини, арконларини тарғиб қиладиган, инсонни поклайдиган маскандир… Бу шундай ўчоқ бўлиши керакки, бу ерга келган ҳар бир одам маънавий бой бўлиб кетиши керак”.

Аёнки, Президентимизнинг тавсиялари ва кўрсатмалари асосида мажмуани исломий илмларни кенг ёйишда, маърифат ёғдусини таратишда ўзига хос марказга айлантириш асосий вазифамиздир. Бу борада зиммамиздаги масъулият жуда улкан. Динимиз, аждодларимиз азалдан ардоқлаб келган эзгу фазилатларимиз тарғиботида бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб, камарбаста бўлсак, бизни кўп улуғ манзиллар кутиб турибди, иншааллоҳ!

Шайх ҳазратларини бутун дунё етук аллома сифатида танийди. Аммо у зотнинг оддий инсон, оила бошлиғи, ота сифатидаги фазилатлари ҳам кўпчиликка қизиқ.

— Падари бузрукворимизнинг шахсий сифатлари ҳақида сўз юритиш мен учун бироз қийин. Чунки у киши ортиқча мақтовни хуш кўрмас, камтар инсон эдилар. Динимиз, халқимиз олдида қилган улкан меҳнатларини ҳам ҳар бир инсоннинг бурчи деб билардилар. Айтишим мумкинки, шайх ҳазратларининг юксак мақомларга эришишларига Аллоҳ таоло у зотга ато этган мустаҳкам иймон, холис ният, кучли ирода ва тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш, ўзига ва бошқаларга ниҳоятда талабчанлик каби сифатлар сабаб бўлган. Айни пайтда падари бузрукворимиз оила бошлиғи, ота ҳам устоз сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал суннатларига амал қилар эдилар. Ниҳоятда меҳрибон, ширинсўз ота бўлиш билан бирга талабчан раҳбар, қаттиққўл устоз ҳам эдилар. Ҳар бир яхшиликни, интилишни рағбатлантирар, муаммоларга ечим топишда сабрли ва қатъиятли бўлишга ундардилар. Бундай талабчанлик ва айни пайтда мулойимлик ниҳоятда яхши самара берар эди, чунки бу кўрсатмаларга риоя этишда, авваламбор, ўзлари шахсий намуна, ўрнак кўрсатардилар. Зиёли оилада туғилиб-ўсганлари, толиби илм, етук уламо бўлганлари боис илмга чанқоқликни, изланувчанликни яхши кўрар эдилар.

Вақтни қадрлашлари эса кўпчиликнинг тилига тушган машҳур сифатларидан бири эди. Нафақат ўзларининг, балки бошқаларнинг ҳам вақтини ниҳоятда азиз ҳисоблар, вақтнинг қадрига етмаган одамни кўрганда аччиқлари келарди. Фурсатни ғанимат билиш, Аллоҳ берган имкониятдан имкон қадар тўлиқ фойдаланиш у кишининг ҳаёт манҳажи эди. Жумладан, 1989 йил декабрь ойида собиқ иттифоқ Олий Кенгашига депутат этиб сайланганларида фурсатдан дарҳол фойдаланиб, ўша пайтдаги давлат раҳбариятига мурожаат қиладилар. Ҳазрат бу баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этиш, уларга ҳам бошқа дин вакиллари каби динига эмин-эркин амал қилишга шароит яратиш, диний таълимни йўлга қўйиш, масжид-мадрасалар очиш, хориждаги ўқув юртларида таълим олишга рухсат берилишини сўрайди. Бу иш ўша давр учун чинакам қаҳрамонлик, жасорат эди. Аллоҳ таоло устозимизнинг бу саъй-ҳаракатларига баракот берди. “Ҳаж сафари ислом дини беш арконининг бири. Шунингдек, бу сафар — мамлакат фаровонлиги даражасини кўрсатувчи ибодат ҳамдир”, деб билган ҳазрат 1990 йили Марказий Осиё республикаларидан илк бор беш юз нафар мусулмонни ўзлари бош бўлиб, Макка ва Мадина шаҳарларига улуғ зиёратга олиб боришга эришдилар. Бундан аввал собиқ иттифоқнинг барча республикасидан жами 20-30 кишигина ҳажга борганини инобатга олсак, узоқ йиллар истибдод исканжасида қолган мусулмонлар орзуси рўёбида ҳазратнинг меҳнати нақадар катта самара берганига амин бўламиз.

Отамизнинг ғайрат-шижоатлари доимо жўшиб турарди. Улар муфтий бўлганларида ёнларида котиб сифатида ишлаган Муҳаммад Нофеъ Миркомилов бир воқеани эслайди. “Шайх ҳазратлари халқ депутати бўлган вақтларида у киши билан бирга Москвага қилинадиган сафарларда ҳамроҳ бўлар эдим, — дейди Муҳаммад Нофеъ ака. — Ҳазрат қандай мушкул бўлмасин, халқининг, миллионлаб мусулмонларнинг истаклари йўлида курашар, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилардилар. Ўша пайтларда мени ҳайратга солган яна бир муҳим жиҳат шу эдики, ҳазрат қанчалик банд бўлмасин, албатта, китоб ўқишга, илмларини мунтазам бойитишга, илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишга вақт топардилар. Уларнинг деярли ҳар куни ярим тунгача меҳнат қилганларига гувоҳ бўлардим. Бир сафар олдиларига кириб, соғлиқларидан хавотир олаётганимни айтиб, дам олишларини илтимос қилдим. Ҳазрат ўша кунлари “Тафсири Ҳилол” китобининг бошланиш қисмларини тасниф этаётган эканлар. Тошкентдан минг заҳмат эвазига олиб келган тахлам-тахлам китобларни олдиларига ёйиб қўйибдилар. Улар қўлёзмалардан бир зум бош кўтардилар. “Вақтни ғанимат билиш керак, — дедилар чексиз меҳр ва қатъият балқиб турган нигоҳларини менга тикиб. — Чунки охиратда вақтдан сўраламиз”. Мен ҳазратнинг бу сўзларини бутун умр қалбимнинг тўрида сақладим ва улар кейинчалик ҳаётимда дастуриламалга айланди”.

Отамиз халқимизнинг бир пайтлар бутун дунёга машҳур бўлган, буюк алломалар юрти деб танилган даврдаги мавқеи тикланишини орзу қилардилар. Ҳазратимиз ана шундай эзгу ниятлар билан бутун умрини, куч-қувватини, юксак салоҳиятини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишладилар. “Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” ҳаётининг ҳам, фаолиятининг ҳам бош шиорига айланганди.

Шайх ҳазратларининг илмий фаолияти миллий истиқлолимизни мустаҳкамлаш, қадриятларни тиклаш, динимизнинг таълимотларини, халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва ўргатиш, халқимизнинг дину диёнат, инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бунёдкорлик каби иймон нурига йўғрилган фазилатларини бутун дунёга танитишга қаратилган эди. Ёшлар билан суҳбатлашишни хуш кўрардилар. Уларга келажагимизнинг таянчи сифатида қарардилар. Шу боис ёш авлоднинг Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртаси олдидаги масъулиятини ошириш, уларни диний ва миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, илм‑маърифатга, янгиликка, замонавий илғор технологияларни пухта ўрганишга даъват этиш доимо у кишининг диққат марказида турарди. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунимиз ушбу хизматларнинг нечоғли самарали, баракали бўлганини кўрсатиб турибди. Ҳазратимизнинг орзулари рўёбга чиқмоқда. Иншааллоҳ, юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлардан у зотнинг ҳам руҳлари шод бўляпти.

Шайх ҳазратларининг бебаҳо меросининг бугун ҳам, эртага ҳам ва ундан кейин ҳам аҳамияти беқиёс. Ундан қандай самарали фойдаланиш лозим деб ўйлайсиз?

— Хақиқатга ишониш, далил ва манбаларни чуқур ўрганиш, теран ҳис этиш орқали отамизнинг меросини идрок этиш, англаш мумкин. Энг муҳими, илм эгаллашга интилиш, бу йўлдан қайтмаслик, иймонда собит, Ватанга садоқат кўрсатиш талаб этилади. Ўйлайманки, бу фақат менгагина эмас, бутун халқимизга, ёшларимизга — барчамизга тегишли масъулият. Зеро, ҳазрат ана шундай яшадилар. Истеъдоду салоҳиятларини халқимизнинг маърифий юксалиши, дину диёнатлари мустаҳкамланиши учун сарфладилар.

Албатта, шайх ҳазратларининг асарларини қайта-қайта ўқишимиз керак. Сабаби динимиз асосларини нотўғри талқин қилгувчилар, манфаатлари учун хизмат қилдиришга уринувчилар, таассуфки, дунёнинг турли-туман нуқталарида бузғунчилик билан шуғулланаётгани сир эмас. Терроризм, экстремизм тушунчаларини тинчлик, инсонпарварлик дини — ислом билан ёнма-ён қўйишга уринишлар кучайган, ахборот хуружлари авж олган бугунги замонда бу китоблар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англашимизга, онгу қалбимизни, эътиқодимизни пок сақлаб қолишимизга хизмат қилиши муқаррар. Масалан, устознинг “Тафсири Ҳилол” асарида Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Карим оятларининг мазмуни илмий далиллар асосида тушунарли шаклда таъсирчан изоҳланган. Ўттиз тўққиз жилддан иборат “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби силсиласи мўмин-мусулмон учун муҳим бўлган ҳар бир мавзу қамраб олингани билан қадрлидир. Бундан ташқари, ислом динининг соф ақидасини ботил ғоялардан ажратиб берувчи “Сунний ақидалар”, камолот сари чорловчи “Руҳий тарбия” китоблари ҳақ йўлни танлашда, умуман, маънавий юксакликка эришишда беқиёс аҳамиятга эгадир. Ҳазратнинг бошқа юзлаб асарлари ҳам қалбимизга илоҳий ҳузур, руҳимизга эса куч берувчи қувватдир, десак айни ҳақиқат.

Бинобарин, ҳозирги кунда айрим дилни хира торттирадиган манзаралардан кўз юмиб бўлмайди. Надоматларким, исломнинг умидбахш ҳамда ҳаётбахш мазмунини шуурига нақши нигор этмаган баъзи ёшларимиз турли ғаразли, бизга мутлақо ёт бўлган гуруҳлар таъсирига тушиб қолмоқда.

Дин ниқоби остидаги ёвуз кучларга Президентимизнинг турли учрашув ва суҳбатларда, жаҳон минбарларида мунтазам таъкидлаб келаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси асосида курашишимиз, муросасиз фаолият юритишимиз юксак самара беради. Зеро, ёшларимизни қанчалик маърифатли, билимли, Ватанимизга садоқатли қилиб тарбияласак, уларнинг эътиқод қўрғони шунчалик мустаҳкам бўлажак. Бундай таҳдид бардош, метин қўрғонни бирор-бир ғараз ниятли манфур гуруҳлар маҳв этолмайди. Ушбу эзгу мақсад йўлида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасини чинакамига нур таратувчи зиё масканига айлантиролсак, Парвардигор ҳам, падари бузрукворимиз ҳам биздан рози бўлади, иншааллоҳ.

Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи” суҳбатлашди