Мақолалар

Қанотсиз қақнуслар – тош ўрмон муҳофазага муҳтож

Чоп этилди Iyun 2, 2019 Қанотсиз қақнуслар – тош ўрмон муҳофазага муҳтожda fikr bildirishni o'chirish

Ноёб мўъжиза хавф остида

…Табиат – чексиз… Унинг бетакрор мўъжизалари ҳадсиз-ҳисобсиз. Буюк хилқат – ИНСОНга бешик бўлган тенгсиз борлиқ ҳамон миллион, йўқ, миллиард бора ҳайратли…

Она диёримиз, ҳатто биргина Навоий вилоятидаги табиий ҳодисалар, тарихий, меъморий ёдгорликлар бунга ёрқин мисолдир.

Таърифи тилларда достон Нурота чашмаси, мутахассислар беш-етти минг йиллик тарихга эга деб ҳисоблаган Сармишсой қояларидаги тош битиклар – петроглифлар, то ҳануз бир меъёрда тебраниб турувчи Сангижумон тошлари, ёши уч минг йилдан ошган деб ҳисобланувчи ўша машҳур Учтут, қарийб бутун Марказий Осиё халқларини тегирмон тоши билан таъминлаб турган Сангбур, дастлаб зардўштийлар диний маросимлари ўтказилган Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорлик мажмуаси… Яна давом этадиган, ҳар бирининг номи тилга олинганида юрак титраблар кетадиган узун рўйхат бошида Тош ўрмон қолдиқлари бор…

***

Жорий йил 19 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, кўплаб халқаро фототанловлар бош мукофотлари соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли фотосанъаткор Абдуғани Жумаев ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилояти бўйича фотомухбири Сирож Аслоновлар ҳамроҳлигида Учқудуқ туманига йўл олдик. Дастлаб муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдик.

Орадан бир кун ўтиб, «Мингбулоқ» овул фуқаролар йиғинига етиб бордик. Бизга Учқудуқ тумани “Қанарбой ота зиёратгоҳи” жамғармаси раиси, бутун меҳнат фаолиятини эл-юрт ишига бағишлаб келаётган мўътабар инсон – Нурлибой оға Тишканбаев йўл кўрсатиб борди.

…Машиналар қатнайвериб ҳосил бўлган табиий йўлдан кетаяпмиз. Икки томонда саксовуллар, юлғунлар, шувоқлар, турли гиёҳлар, чечаклар ўсган, қадамда юмронқозиқ уялари учрайдиган Қизилқум… Булутли осмон тўла сон-саноқсиз қушлар чуғури… Ҳоримас қанотлари уларни уфқларга ундайди… Қуёшнинг беминнат нурларидан борлиқ чароғон…

Биз эса ҳали ўзимиз кўрмаган, билмаган Тош ўрмон ҳақида тинимсиз баҳслашамиз.

Нурлибой оға ҳайдовчи Шуҳратжонга йўл кўрсатади:

– Тўғрига! Ҳа, шундай! Энди ўнгга!..

Машина деразасини сон-саноқсиз, пасту баланд саксовул шоҳлари силаб-сийпаб қолаверади… Биз эса бораверамиз, бораверамиз. Олдинда кутаётган мўъжизани кўришга ошиқамиз.

Қачонлардир ижодкорлардан бири туяларни саҳро кемаларига менгзаган эди. Йироқ-йироқлардан тўрт унсур кўкалдоши – тоғ учлари, қирралари билан туя ўркачлари баъзан ёнма-ён, гоҳо кетма-кет кўзга ташланади. Қўй қўралари, сурувлар, чўпонлар… Бутун борлиқ олаётган нафасда тоза ҳаво, ғир-ғир шамол, шувоқларнинг ўткир иси, турфа ранглар – ҳамма-ҳаммаси мужассам…

Машина ўнгга буриладию бир айланиб тўхтайди. Нурлибой оға:

– Ана, етиб келдик! – деб юборади баланд овозда.

“Уч оғайни ботирлар” бир-биримизга қараб маъноли жилмайиб қўямиз. Атрофга, чексизликка ҳайратланиб боқамиз.

Олис-олисларгача чўзилиб кетган тоғ тизмаларига шафақлар алвон-алвон пардалар тортган. Олдинга юриб қарасак, улкан тоғ устида турган эканмиз.

Ҳув нарида неча юз, балки минг гектарларга борадиган текисликда куни кеча ёғиб ўтган кучли жала – ёмғир кўлмаклари қуёш нурида улкан уммонлардек ялтирайди.

Нурлибой оға билан тоғ эниши бўйлаб пастга туша бошлаймиз. Оёқ ости юмшоқ – туфлиларимиз сариқ қумга ботади.

Нурлибой оға олдинга – пастликка ишора қилади:

– Ана, ўша Тош ўрмон!..

Ҳа, кўришга илҳақ бўлиб бораётган табиат мўъжизаси қаршимизда – чоғроқ адирликда ястаниб ётибди.

Фотоаппаратларнинг барча асбоб-анжомларини елкалаб ортимиздан келаётган Абдуғани билан Сирожга қўл силкиб қўямиз. Улар оёқлари ботиб кетадиган сарғиш қумлар узра қадамларини тезлатишади.

Ўзимиз эса аллақачон Тош ўрмонга етиб келдик.

Тўғриси, айрим китоблар ва фотоальбомларда унинг илгариги – анча аввал олинган суратларини кўрганман. Назаримда, тошга айланган дарахтларнинг қадди-қомати анча пасайган.

Қаршимизда эни 70-90 сантиметрча келадиган, ичи ковак, “пўсти” тошга айланган “дарахт”лар ўрмончаси… Улар тупроқ остидаги тошлардан ўсиб чиққан. Илдизлари жуда узун бўлса керак. Айрим бўлаклари устма-уст қўйилса, дарахт шаклига киради. Атрофида синиқлари кўп.

“Пўстлоқ”ларининг қалинлиги бир-бир ярим сантиметрча келади. Кўтариб кўрсангиз – енгилгина. Худди малларанг пластилиндан ясалган дейсиз.

Ҳозирча сақланиб қолган “дарахт”ларнинг бўйи бир метр нари-бери.

Адирликдан пастга қараймиз. Уларнинг қанчадан-қанча синиқлари оёқ остида барги хазондек сочилиб ётибди.

Тош дарахтлар ўрмони бир замонлари нариги адирларда ҳам бўлган. Уларни бўронлар, довуллар, турли табиий офатлар, айниқса, аждаҳо нафси ўпқон одамлар янада кўпроқ чилпарчин қилишган.

…Пешонамиздан шовуллаб оқаётган терларни гоҳо қўлимиз билан сидириб ташлаймиз, гоҳо рўмолча билан артамиз. Ҳур-ҳур шамол эсиб турибди.

Абдуғани ва Сирож узоқ-яқиндан, турли масофалардан туриб Тош ўрмонни суратларга муҳрлашяпти. Нигоҳларида ҳайрат ёлқини. Улар ҳам жиққа терга ботишган. Ҳаракатларига, бир мақсадга йўналтирилган шиддатларига ҳалақит бермаймиз.

Атрофдан, айниқса, юқоридан сел тошқини излари яққол кўзга ташланади. Тош ўрмон эса селда қолмаган. Аввал таъкидлаганимиздек, у адирлик устида.

…Нурлибой оға иккимиз қумга бота-бота тоғ тепасига – ҳали машина тўхтаган жойга қайтиб борамиз.

Абдуғанию Сирож пастликка “шўнғиб” кетишаяпти. Улар бир неча дақиқадан сўнг ботадиган қуёш тарафдан туриб суратларга олишаяпти. Бу – фотографларнинг сири.

Бир кеча Мингбулоқ овулида тунадик. Саҳарлаб яна Тош ўрмонга келдик. Ўз касбининг ҳақиқий фидойилари бўлган бу икки фотограф тонгни, қуёшни Тош ўрмонда кутиб олишди. Бу ҳам ҳавас қиладиган, ҳам кишини ўйга толдирадиган ҳолат.

Мутахассисларнинг айтишларича, Бухорои шарифдаги Исмоил Сомоний мақбарасининг ғиштлари тонгги қуёш нурида, қоқ пешинда, кун ботиши олдидан бошқача-бошқача товланар экан.

Менимча, фотографлар қуёш нурлари билан боғлиқ дифракция, дисперция ҳодисаларини яхши билишади. Ахир, ҳар ким ўз нонини ҳалоллаб еганига нима етсин…

Худо хоҳласа, устозу шогирд фотографларнинг бу ердан олган суратлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро фототанловларда ҳам ўз рағбатини топади.

***

Хўш, Тош ўрмон қандай пайдо бўлган? Бу савол ҳамма замонларда барчани қизиқтириб келган. Шундай бўлиши табиий ҳол, албатта! Кимдир “Бу ерда жуда улкан денгиз бўлган!” дейди. Яна кимдир даҳшатли ёнғинни мисол келтиради.

Фотограф Абдуғани Жумаев эса ўз тахминларини қуйидагича изоҳлайди:

– Назаримда, бу ерга бениҳоя катта метеорит тушган ва даҳшатли ёнғин чиққан. Кейин эса уни сув босган. Шу туфайли ҳам Тош ўрмонлар ҳосил бўлган…

Бундан бошқа саволлар, фаразлар, мулоҳазалар келиб чиқади. Шундай экан, нега шу атрофдаги бошқа тоғли ҳудудларда Тош ўрмонлар пайдо бўлмаган? Шу ва шу каби кўплаб саволлар жавоби мутахассислар эътиборига ҳавола.

Аччиқ ҳақиқат шундаки, унга асосан одамлар хавф солишаяпти. Фикримизга оёқ остида сочилиб ётган беҳисоб синиқлар мисол.

Қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмадигу, айтишларича, нафақат мамлакатимизда, балки, ҳатто чет эллардаги коллекцияларда ҳам шу Тош ўрмон бўлаклари сақланар экан.

Шу зайлда кетаверса, ҳадемай Тош ўрмондан бу ерда нишон ҳам қолмайди. Биз эса ўз вақтида уни асрай олмаганимиз учун ўз ёғимизга қоврилиб қолаверамиз.

Учқудуқ тумани ҳокимлиги, қолаверса, кенг жамоатчилик бу жиддий муаммога асло бефарқ эмас. Уни асраб қолиш, аввало, муҳофазага олиш борасида неча йилдирки, астойдил ҳаракатлар олиб борилаяпти.

“Учқудуқ тонги” газетаси муҳаррири Райҳон Қодирова ғоят куюнчаклик билан шундай дейди:

– Тош ўрмонни давлат муҳофазасига олиш бўйича туманимиз фуқароларининг газетамизда кўплаб мақолалари, таклиф ва истаклари чоп этилди.

Мен халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сифатида бу долзарб масалани батафсил ўрганиб, туман сессиясига ҳам олиб чиққанман. Муҳокамада барча мени қўллаб-қувватлади. Сессияда тегишли юқори ташкилотлардан ёрдам сўраш ҳақида қабул қилинган қарор мутассаддиларга етказилди. Афсуски, ҳали бирор-бир амалий натижага эришилганича йўқ.

Дуппа-дуруст, эс-ҳуши жойида, зиёли одамлар эса Тош ўрмонни аввал томоша қилишади, кейин бутунини синдириб, машинасида қаергадир пуллашга олиб кетади. Шу кетишда табиатнинг бу ноёб мўъжизасидан бутунлай ажралиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

***

Уни қандай қилиб муҳофазага олиш мумкин? Биз кимларгадир насиҳатгўйлик, ваъзхонлик қилиш фикридан йироқмиз.

Қолаверса, ушбу ноёб табиий ёдгорликни давлат муҳофазасига олишга биргина Учқудуқ тумани ҳокимлигининг имконияти етмайди.

Бунга мамлакат миқёсида эътибор қаратилишини, энг муҳими, махсус ишчи гуруҳи ташкил этилишини, мутахассислар жалб қилинишини, керак бўлса, биринчи галда ҳужжатли фильм олинишини таклиф этамиз. Муаммо ипидан игнасигача батафсил ўрганилса, ҳар жиҳатдан аниқ тўхтамга келиниб, сўнг амалий ишга ўтилса, айни муддао бўлар эди.

Унга олиб бориладиган йўл тартибга келтирилса, ишончли муҳофаза чоралари кўрилгач, ички туризм янада ривожланган бўлармиди. Бу – шубҳасиз.

Шундай қилиб, азиз юртдошлар, Тош ўрмон давлат ҳимоясига, кенг жамоатчилик эътиборига муҳтож.

Қанотсиз қақнусларга айланган Тош ўрмон мутахассисларни, мутассаддиларни, аввало, масъулларни кутаяпти. Токи, она табиатнинг бу ноёб мўъжизаси кўз ўнгимизда армонли тушга, аччиқ хотирага айланиб қолмасин. Акс ҳолда, келажак авлод бизни сира-сира кечирмайди…

***

ҚАНОТСИЗ ҚАҚНУС

Мангулик қаърида ирода, алп шаҳд,

Бунда бари тугал, бари мукаммал.

Миллионми, миллиардми ёшга кирган дард –

Соат милларига дастуриламал.

Тоғлар – тўрт унсурнинг кўкалдошлари,

Дарёлар – эгачи сингиллар – сулув.

Оқ булут – шуъланинг соя-лошлари,

Фасл тушларига сарлавҳа – ғулув.

Яратгувчи Ўзи энг буюк меъмор –

Ташна илҳомига йўқдир ниҳоя.

Ҳатто қайғу исми аталган ашъор,

Камалаклар бунда кўнгилга доя.

…Аждаҳо шаклида қўпол ва дағал,

Бало-офатларнинг истиғфоридан –

Нимадир юз берди қай он, қай маҳал –

Ташқарида башар ихтиёридан.

Илондек чирмашган самовий оташ,

Қанотсиз қақнусдир тўртта мучаси.

Шажараси миллат, юракка туташ –

Олис мозийларнинг жигаргўшаси –

Бутун вужудини қақшатган ўт – руҳ –

Ҳушини олганми азалий ўйин.

Саҳна эмас, Ерда яшаб ўтган Нуҳ –

Алайҳиссаломдан аввал ё кейин –

…Қарға чўқиб кетган бутоғин, шоҳин,

Қолгани тарихга ноёб илова.

Ичига ютади кўзёши, оҳин,

Чанқоғин босолмас уммон, сардоба.

…Янги минг йилликда доғда қолмасак,

Қиёмат қадарли тонгга яраймиз.

Тош ўрмон, биз сени асрай олмасак –

Келажак кўзига қандай қараймиз?!.

Одил ҲОТАМОВ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ЎзА