Мақолалар

ТАРБИЯДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАР

Чоп этилди Iyun 2, 2019 ТАРБИЯДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАРda fikr bildirishni o'chirish

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзанд­ларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا الْبَلَدَ آمِنًا وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَن نَّعْبُدَ الأَصْنَامَ

«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ эт!”

Оли Имрон сурасининг 38-оятида эса бундай дейилади:

هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاءِ

«Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”».

Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан  шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак  у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-она дуосининг таъсири катта.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қў­йилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар…” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота- онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан: “Аллоҳнинг расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида  “Биз ўз илму ҳикматларимиз билан сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юбордик”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар…”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Биринчи Президентимиз: “Биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, деганлар.

Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбия­си, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва бошқалар.

  1. Бадан тарбиясига болани жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, тозалик ва покликка ўргатиш (замона тили билан айтганда – санитария­гигиена), спорт ва бадантарбия машқларига кўниктириш кабилар киради. Боласининг соғлом бўлишини орзу қилган ота-оналар улар билан кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишлари, сузиш, чавандозлик, кураш ўйинлари, мерганлик каби машғулотларга сафарбар қилишлари лозим.

Ислом дини инсон ҳаётининг фақат руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларига ҳам жиддий эътибор қаратади. Уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади. Яъни, икки тараф баравар – тенг бўлиши учун ҳаракат қилиш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга бардошли бўлмоғи лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: المؤمن القوي خير و أحب إلي الله من المؤمن الضعيف

“Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Аввал қайд қилганимиздек, юртимиз ёшлари ўртасида спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказиш анъана тусига кирган. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Универсиада”,  “Баркамол авлод” ўйинлари ҳамда ўрта мактабларнинг ўқувчилари орасида “Умид ниҳоллари” мусобақалари ўтказилиши анъанага айлангани ва улар ёшларимизнинг соғлом вояга етишларида нечоғли аҳамиятга эга эканини кўришимиз мумкин.

  1. Руҳий тарбия вазифаси боланинг мақсади, эътиқоди, диёнати, имонини шакллантириш, унинг чин инсоний фазилатларини камол топтириш; ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан болаларда ҳақиқатни кўра билиш, жасурлик, матонат каби хислатларни шакллантириш, аксинча, дийдаси қаттиқ болаларнинг қалбини юмшатадиган омиллар ёрдамида уларни майин ҳиссиётли қилиб тарбиялашдан иборат. Болани руҳий тушкунликка тушишдан, қийинчиликлар олдида эсанкираб қолишдан ҳимоялашда бундай тарбиянинг аҳамияти катта.
  2. Ақл ва фикр тарбиясини яхшилаш учун боланинг фикрлаши, заковати, хотираси ва мушоҳада қобилиятини такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотлар ўтказилади, унга турли ибратли эртак ва ҳикоялар сўзлаб берилади, зарур билим ва маълумотлар ёдлатилади. Одатда, болалар кичик ёшда ҳар бир кўрган нарсаси ҳақида сўрайдиган, уларни текшириб, синаб кўрадиган, тинимсиз саволлар берадиган бўлади. Бундай пайтда уларнинг саволларига эринмай, ҳафсала билан, тушунарли, содда қилиб жавоб қайтариш керак.
  3. Ахлоқий тарбия бериш учун, энг аввало, ота-она фарзандига ахлоқ ва одоб бобида ўрнак кўрсатиши, одобдан мунтазам сабоқ бериб бориши керак бўлади. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан ҳисобланади. Бу фикр барча динларда бирдай тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.

Қуръони каримда бундай оят бор:

وَ لا تَمْشِ فِى الأرْضِ مَرَحًا إنَّكَ لَن تَخْرِقَ الأرْضِ وَ لَن تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولاً

“Ер юзида кибрланиб юрма! (Оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида:

عَنْ أَبِى هُريرة رضى الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: «أدّبُوا أَولادَكُم و أَحْسِنُوا آدَابَهُم»

“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Бола маълум ёшга етгач, унга баъзи нарсаларни қабул қилдириш қийин кечади. Бунда оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилишлари мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир.

Шунингдек, болаларни камситмаслик, уларнинг одоблиларини ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катталарнинг бола олдида ўзларини яхши, одобли тутишлари, сўкинмасликлари ва уришмасликлари жуда муҳимдир. Ота-она ўзлари одобсиз бўлишса, болаларини одобли қиламан деб уринишлари асло самара бермайди. «Кишининг дини дўстининг дини кабидир» ҳадисига мувофиқ, боланинг улфат ва дўстлари ким эканига алоҳида эътибор қаратиш керак.

  1. Ирода тарбиясидан мақсад фарзандингизни иродаси кучли шахс қилиб камол топтиришдир. Бунда болага ўз нафси билан курашиш, шахсий орзу ва эҳтиёжларини жиловлаш ёки зарур бўлса, улардан воз кеча олиш, ўз манфаатларини бошқалар ва жамият манфаатларидан устун қўймаслик кабилар ўргатилади. Таомилда, боланинг қайсарлик даврида (тўрт ёшдан ўн олти ёшгача) олиб бориладиган ирода тарбиясида бироз қаттиққўллик, чидам керак бўлади, аммо айни дамда у севги, меҳрибонлик, самимийликни ҳам ҳис этиб турсин.
  2. Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда, ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим. Болаларда катталарга тақлид қилиш кучли бўлгани учун улар олдида фаҳш, ҳақоратли сўзларни айтиш, сўкиниш, қўпол гапириш, маҳмадоналик каби иллатлардан тийилиш зарур. Инсон ўз фарзандини тарбия қилишда жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки юқорида айтганимиздек, улар катталарга жуда тез тақлид қилишади. Аввало, болаларга тўғри гапирмоғимиз даркор. Энди тили чиққан вақтида фарзандимиз оғзидан чиқаётган нобоп сўзларга бефарқ бўлмасдан, бундай сўзлар яхши эмаслигини дарҳол уқтиришимиз лозим. Акс ҳолда, бир кун келиб ўша сўзлар фарзандимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида ўзимизга нисбатан ҳам айтилиши мумкин.
  3. Меҳнат тарбияси бериш учун болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, меҳнатга муҳаббат уйғотиш учун болалигидан унга турли майда юмушлар буюриб турилади. Турли касб-ҳунарлар ўргатилади, агар бунга ўзи қодир бўлмаса, бирор устозга берилади.

Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг муҳим вазифаси бўлиши керак. Биринчи Президентимиз: «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», деганларидек, фарзандимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз  келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишига замин бўлади.

Ота-оналар фарзандлари билан муомала қилишда адолатли бўлишлари, бирини бошқасидан, ўғилларни қизлардан ёки аксинча, ажратмаслик­лари керак. Совға беришда, лутф ва меҳрибончиликлар кўрсатишда, эркалаш ва илтимосларини бажаришда барча фарзандларни тенг кўриш лозим. Чунки улар орасида совға-саломда тенг­лик йўқолса ёки бирини койиб, унинг ёнидаги иккинчиси мақталиб эркалатилса, ака-ука ёки опа-сингиллар орасида бир-бирига ҳасад қилиш ва кўролмаслик келиб чиқади. Тадқиқотлар натижасида болаларда ҳасад, кўролмаслик ва бировга нисбатан душманлик ҳиссини туйиш каби ёмон туйғулар шаклланишига оилада фарзандлар ўртасидаги адолатнинг йўқолиши кўпроқ таъсир кўрсатиши аниқланган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло ўрталарингизда адолат қилишингизни яхши кўргани каби фарзандларингиз орасида ҳам адолат қилишингизни яхши кўради», деганлар.

Агар болаларга атаб бирор нарса олиб келсангиз, тарқатишни энг олдин қизлардан бошланг. Чунки қиз бола таъсирчан, кўнгли нозик, салга хафа бўлиб қоладиган бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан бундай ҳадис бор: «Ким қиз болаларни хурсанд қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлагандек бўлади, ким Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, Аллоҳ таоло унинг баданига дўзах ўтини ҳаром қилади».

Фарзандларга меҳр-шафқатли бўлиш, уларни суюб эркалаш, ҳамиша очиқ чеҳра билан мулойим муомала қилиш, зарурий эҳтиёжларини қондириш, ҳар жабҳада уларга шахсий ибрат кўрсатиш, Аллоҳ таоло берган омонат бўлмиш ўғил-қиз фарзандларни гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб туриш ота-онанинг муҳим вазифаларидандир. Ҳар бир ота-она фарзандларининг турли бузуқ ақида ва ножўя оқимларга кириб қолмаслиги учун уларга аҳли сунна вал жамоа ақидаси, Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳаби таълимоти асосида тарбия беришлари зарур.

«Тарбияни қачон бошлаш керак?» деган савол азалдан ёш ота-оналарнинг бошини қотириб келади. Бу саволга эса бир ривоят билан жавоб қайтариш тўғрироқ бўлур эди. Бир киши донишманд ҳузурига келиб: «Фарзандимга неча ёшидан тарбия беришни бошлашим керак?» деб сўрабди. Донишманд: «Фарзандингиз неча ёшда?» дебди. «Икки ёшга кирди», жавоб қилибди бояги киши. Шунда донишманд: «Сиз тарбия беришда икки йилга кечикибсиз», деган экан.

Аммо болага тарбия ва одоб беришда шошқалоқлик ярамайди. Битта дарахтни парваришлаб, ҳосилга киритиш учун бир неча йил кутиш керак бўлганидай, бир фарзандни комил тарбия ва ахлоқ билан зийнатлаш учун ҳам кўп йиллар керак. Тарбия ота-онадан ва мураббий-устозлардан узоқ вақт чидам, бардош, сабр ва фидойилик билан иш олиб боришни талаб этади.

Турмуш қурган эр-хотин олдида энг шарафли ва муҳим иш: фарзанд кўриш ва унга келажакда миллатига, ота-онасига, жамиятига манфаат келтирадиган қилиб, муносиб тарбия бериш  вазифалари турибди. Барчамизга маълумки, бугунги кун ёшлари бизларнинг меросхўрларимиз ва келажакда ҳаётнинг барча соҳаларида бошланган катта-кичик ишларимизни давом эттирувчи ўринбосарларимиздир. Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган  асримизда ёшлар тарбияси ҳам алоҳида ўзига хослик касб этади.

Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам кўпайиб бориши зарур. Ёш авлоднинг таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш фақат ҳукуматимизнинг ёки мактабларнинг эмас, биринчи навбатда ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчларидан ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ўз фарзанди яхши, баркамол насл бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлгач, жамиятдан ўзига муносиб ўрин эгаллаб, Ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини ният қилади.

Лекин ҳамма ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айримлар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қилишади. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги ташвишлари биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий тарбияси билан шуғулланиш иккинчи даражали иш кўринади.

Фарзанд тарбияси ҳақида олдинлари ҳам жуда кўп гапирилган. Лекин бугун мавзуга яна бир бор қайтиб, бу соҳада оналарнинг фарзанд тарбиясидаги бурчлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Онанинг бурчларидан яна бири фарзандга меҳрибонлик кўрсатиб, уни азият берадиган турли нарсалардан сақлаган ҳолда, вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, парваришлашда эринчоқлик ёки дангасалик қилмай, доимо ҳушёр ва хабардор бўлишдир. Лекин афсуски, барча оналар ҳам ўз фарзандларига оналик меҳрини бахш этавермайдилар. Шундай аёллар ҳам бор, улар ўз болаларини бекордан-бекор болалар уйларига топшириб юборади.

Мусулмон одобига доир «Маънавий зиёфат» китобида келтирилган бола тарбиясидаги энг муҳим жиҳатларни эсга олсак, фойдадан холи бўлмас:

Фарзандларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатилади, улар билан юмшоқ муомалада бўлинади, сабабсиз тергалмайди. Тез-тез уларни қучоқлаб, бош-кўзини меҳр билан силаб турилади.

Улар билан мунтазам бирга бўлишга ҳаракат қилинг: машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб туринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқини ўстириш билан шуғулланинг.

Уларни асло қарғаманг, ёмон сўзлар билан сўкманг, ёмон дуо қилманг. Чунки бу нарсалар фасод­га йўлиқтириб, оилангизга фақирлик келтиради. Аксинча, яхши дуолар қилиб, уларга имон­эътиқод, инсоф, яхшиликлар тиланади.

Боласини калтак воситасида тарбия қилишни ўйлаганлар қаттиқ адашади. Чунки фарзанд яхши сўзнинг гадоси, унга ёмон гапириш, калтаклаш уни оиладан, ота-онадан бездиради, холос.

Ўн ёшга етган ўғил ва қиз болалар алоҳида ётқизилади, чунки аксинча ҳолат фитнага сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Болаларингизга уларнинг қурби етмайдиган хизмат ва топшириқларни асло бера кўрманг. Чунки буни бажара олмай, ёлғон гапиришлари, ҳийла излашлари, ҳатто ота-онага осий бўлиб қолишлари мумкин.

Ота-она қарамоғидаги болаларига ўзи еган овқатни едиради, ўзи кийган кийимларни кийдиради, нафақа ва эҳтиёжларини қондиради.

Қуйида марҳум устоз, таниқли олимларимиздан Салоҳиддин Муҳиддиннинг фарзанд тарбия­си борасидаги маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни “Бисмиллаҳ” билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни “Бисмиллаҳ” билан бошлашга ҳам ўргатинг.

Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.

Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида икки-уч кун гап­лашмай қўйсангиз, кифоя.

Иложи бўлса, болаларнинг ҳар қайсисига алоҳида-алоҳида ўрин солиш, агар имконияти бўлса, қиз ва ўғил болаларнинг хоналарини бўлак қилиб бериш уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўғил-қизларингизни кўчага ифлос чиқмасликка, ҳовли ташқарисига ва кўчаларга одамларга азият-зарар берадиган ахлат, ифлос нарсаларни ташламасликка ўргатинг.

Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт жимиб кетишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.

Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга “Ассалому алайкум” деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.

Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.

Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим.

Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган фильм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.

Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг».

Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч бўладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, уни ота- онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она фарзандини “болам, бу ёққа кел, бир нарса бераман”, деб чақирса-ю, аммо бермаса, у ёлғончидир», деганлар. Фарзандларни ҳалол топган молимиздан едириб-ичиришимиз, судхўрлик, пора, ўғрилик, алдамчилик, зулм билан топиладиган нарсалардан эҳтиётлашимиз лозим. Зеро, бундай маблағлар билан озиқланган бола бадбахт, итоатсиз, қўрс-қўпол ва ёвуз бўлиб улғаяди». Фарзандларимизни тарбиялашда уриш, сўкиш ва қаттиқ чекловлардан олдин уларни тўғри билан нотўғрини, фойда билан зарарни ажратишга ўргатишимиз керак. Чунки биз қанчалик чекловлар қўймайлик, нима фойдаю нима бефойда эканини тушунтира билмасак, улар бу ишларни яширин ҳолда ҳам қилишлари мумкин.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм