Мақолалар

Бермаганга бериш

Чоп этилди Iyun 4, 2019 Бермаганга беришda fikr bildirishni o'chirish

Бизга бермаган ва ҳатто бизни маҳрум қилган кишига беришимиз имонимиз комиллигидандир. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керак, ҳадисдаги “маҳрум қилган киши”нинг феълини моддий ва маънавий нарсалардан маҳрум қилиш деб тушунсак, Ислом дини гўзал хулқ дини эканига амин бўламиз. Чунки рўпарангизда турган киши сизни ўзининг ширин сўзидан, ҳурматидан, молу давлатидан маҳрум қилган бўлса-чи? Ёки сизни ўз Ватанингизда яшашдек бахтдан маҳ­рум қилса, киндик қонингиз тўкилган она юртингиздан ҳайдаб чиқарса, бунга нима дейсиз? Агар энг олий саодат бўлмиш Аллоҳга имон келтириб, унга ибодат қилишдек энг катта бахтдан маҳрум қилмоқчи бўлса-чи? Сизга азият бериш учун жондан азиз фарзандларингизнинг оиласини бузса-чи? Энг сўнгги чора сифатида жонингизга суиқасд қилиб, ётоғингизга қурол кўтариб келиб, сизни яшашдан маҳрум қилмоқчи бўлган кишиларга нима дейсиз? Ёрдам сўраб борган кишиларингиз сизни ёрдамдан маҳрум қилиш билан чекланмай, сизни тош отиб, қувиб юборса-чи? Сизга садоқат билдириб ичингизда юрса-да, зимдан пичоқ қайраб, ҳар қадамингизга чоҳ қазиб, энг олий мақсадингиздан маҳрум қилишга пайт пойлаганларга қандай чора қўллаган бўлардингиз? Бу каби саволлар рўйхатини давом эттиравериш мумкин. Уларни ўзингизга бериб кўринг-а! Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай муносабатда бўлган кишиларга қандай жавоб қилганлари тарих саҳифаларига битилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида “сени маҳрум қилганларга беришинг” деб марҳамат қилган сўзлари Қуръони карим оятларининг мазмунига мос эканига ҳамда ўзларининг ҳаётларида ҳам бу сўзларига аввало ўзлари амал қилганларига юзлаб мисолларни келтирса бўлади. Келинг, шу ҳақда бироз сўзлашайлик. Қирқ ёшга тўлиб, пайғамбарлик келгунича Макка халқи омонатдор, ростгўйлиги учун Муҳаммад (алайҳиссалом)ни “ал-Амин” деб номлайди. Пайғамбарлик мақоми берилгач эса, Макка мушрикларининг муомаласи тубдан ўзгариб кетди. Энди ҳар қадамда озорлар, ҳар қадамда ҳақоратлар, энг бўлмаганида пичинг ва кесатиқлар… Кечагина у зотни энг ишончли, ростгўй деб мақтаётганлар бугун мажнун, сеҳргар, дея айблай бошлашди. Турмушга чиққан қизларининг оиласи душманлар ташвиқоти билан атайин бузилди.

Ибн Исҳоқ каби сийрат муаррихларининг ривоятларига кўра, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қатл қилишга жазм этиб, бу ишда Бани Ҳошим би­лан Бани Мутталиб уруғлари ҳамкорлик қилишлари, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни уларга топширишлари талаб қилинганида, улар рад жавобини бердилар. Расулуллоҳ (алайҳиссалоту вассалом)ни қатл қилиш Қурайшнинг қўлидан келмагач, у зотдан ҳам, у киши билан бирга бўлган мусулмонлардан ҳам, у зотни ҳимоя қилаётган Бани Ҳошим билан Бани Мутталибдан ҳам барча алоқаларни узишга, уларга тазйиқни кучайтиришга келишишди ва бу тўхтамлари қатъийлигини билдириш учун бир аҳднома битдилар. Токи Бани Мутталиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўлдириш учун уларнинг қўлларига топширмагунларича қуда-анда бўлмаслик, олди-сотди қилмаслик, барча моддий тармоқларни тў­сиш, улар билан сулҳ тузмаслик, ҳеч қандай меҳр-мурувват кўрсатмаслик ҳақида тузган аҳдномаларини Каъбанинг ичкарисига илиб қўйишди.

Қурайш кофирлари бу аҳдларига уч йил, пайғамбарликнинг еттинчи йили муҳаррам ойидан бошлаб, ўнинчи йилигача риоя қилишган. Баъзи ривоятларда қамал икки йил давом этганлиги айтилган.

Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошлиқ мусулмонлар билан бирга Бани Мутталиб маҳалласида қамал қилиндилар. Мусулмонлар дин учун, Бани Мутталиб ва Бани Ҳошимдаги кофирлар эса ҳамият учун қамалда қолдилар. Бу уч йил мобайнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан мусулмонлар жуда оғир кунларни бошларидан кечиришди. Очликда ҳатто дарахт баргларини ейишга мажбур бўлганларидан уларнинг қай даражада қийналганларини билса бўлади.

Бани Қусайдан бир жамоа ўзларича қилган ишларидан пушаймон бўлиб, тузилган аҳдномани бузишга қарор қилишди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қурайшликлар тарафидан мазкур азиятлар етказилгач, Сақиф қабиласидан ёрдам излаб ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган нарсани, динни қабул қилишларига умид боғлаб, Тоифга йўл олдилар. У ерга етиб келгач, Сақиф қабиласининг катталаридан бир қанчаси билан учрашиб, уларни Аллоҳга, Унинг динига имон келтиришга даъват қилдилар. Улар эса жуда хунук тарзда рад этишиб, кутилмаган, қўпол муомалада бўлишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар ҳузуридан чиқиб кетар эканлар, бу ташрифни Қурайшдан яширишларини илтимос қилган эдилар, бунга кўнишмади. Устига-устак, ўзларининг ичидаги энг аҳмоқларини, қулларини у зотнинг ортидан қичқириб, тошбўрон қилишга ундашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оёқлари қонаб кетди. У зотни ҳимоя қилаётган Зайд ибн Ҳориса ҳам ҳеч нарса қилолмай қолди. Натижада бошининг бир неча жойи ёрилди. Шу тариқа Макка мушрикларининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва мусулмонларга тазйиқи ҳаддан ошиб кетди. Ниҳоят, Аллоҳ таоло Маккадан Мадина шаҳрига ҳижрат қилишга буюрди. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қила бошладилар. Макка мушрикларининг раислари мажлис қилдилар. Тўпланганлар фикрларини бирма-бир билдиришгач, қуйидаги тўхтамга келишди: ҳар бир қабиладан биттадан навқирон, бақувват йигит танланиб, уларга кескир қилич бериладиган бўлди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га худди бир одамдай тўсатдан ташланиб, ўлдирадиган бўлдилар. Шунда Бани Абдуманоф у қабилаларнинг ҳар биридан ўч олишга қодир бўлмай қолади, деб ўйлашди. Бу иш учун маълум бир кунни ҳам белгиладилар, лекин мақсадларига ета олмадилар.

Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойида Мак­ка фатҳ қилинди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонларнинг бошига не кулфатларни солган Макка халқи энди бир майдонга жамланган, бошларини эгиб, ўзларига чиқариладиган ўлим ҳукмини кутиб турардилар. Чунки қилган ишлари шундан бошқасига лойиқ ҳам эмасди-да. Юқорида айтганимиздек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга бир назар ташлаб олди. Рўпараларида барча яхшиликлардан маҳрум қилган зулмкор, ситамкор қавм турарди. Барчасини оммавий тарзда қириб ташлаш имконияти бор ва шундай қарорга келинган тақдирда ҳам бирор инсон эътироз билдирмайди. Йигирма йилдан бери қўлларидан келган барча ёмонликларни аямаган бу қавм шундай жазога муносиб эди.

Сўнг: «Эй Қурайш жамоаси, нима деб ўйлайсизлар, ҳозир сизларга қандай чора кўраман?» дедилар. Одамлар: «Яхши чора. Ахир сиз олижаноб биродар ва олижаноб биродарнинг ўғлисиз-ку!» дейишди. У зот: «Бораверинглар, ҳаммаларингиз озодсизлар», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ватанларидан маҳрум этган, жонига қасд қилган, яна қанча-қанча нарсалардан маҳрум этган бу қавмга айнан ўша неъматларни ато қилдилар. Уларга жонлари, ватанлари, мансаблари гўё қайтариб берилди.

Уҳуд жангида Ваҳший исмли қул томонидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суюкли амакиси Ҳамза шаҳид қилинди. Ҳамза мусла қилинган – қулоқ-бурни кесиб ташланган эди. Кейинчалик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтириб, кечирим сўраб келган Ваҳшийни афв қилдилар.

Муҳтарам ўқувчи! Балки биз юқорида айтганларимизни – бу афв қилиш, кечириш-ку, дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин яхшилаб эътибор қилсангиз, бу афв ва кечиришдан кўра кенгроқ эканини кўрасиз. Чунки бу ҳолатда кечиб юбориш билан бирга, вақтида мухолиф тараф маҳрум қилган нарсани улардан тўсмасдан қайтариб беришни ҳам кузатяпмиз. Ҳадисда буюрилган тўққиз ишнинг ҳар бирига Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қай даражада амал қилганларига юқоридаги мисоллар далил бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган:

“Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”(Hyp, 22).

Бу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) хусусида нозил бўлган. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг холаваччаси Мистаҳ ибн Усоса эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, мискинликда яшарди. Унинг на уй-жойи ва на мол-давлати бор эди. Фақат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бериб турган нафақа билангина рўзғор тебратарди. Бу воқеадан кейин Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) унга зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади. Лекин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!” оятини ўқиб берганларида: “Аллоҳнинг мағфират қилишини истайман”, деб яна қариндошига ёрдам беришни давом эттирдилар.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм