Мақолалар

“Агар мўминлар гуноҳ қилмаганида эди…”

Чоп этилди Iyun 5, 2019 “Агар мўминлар гуноҳ қилмаганида эди…”da fikr bildirishni o'chirish

Мусулмонлар таназзулига энг катта сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя қилмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам, улар охират саодатларидан маҳрум бўлгай. Агар улар молу дунёларига бу қадар ҳирс қўймасдан, бой-камбағаллигига эътибор бермай, ҳаммалари қўлни-қўлга бериб, бирлашишганида, бугун мусулмонларнинг қўлини букишга ҳеч ким ботинолмас эди.

Мўмин киши Аллоҳ таоло айтган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўл-йўриқларга тўла-тўкис амал қилиб борса, фаришталардан ҳам афзал бўлиши айтилган.

Ҳадиси шарифда: “Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан кўра афзалроқдир. Мўмин киши Аллоҳ таолога муқарраб фаришталардан ҳам кўра мукаррамроқдир”, дейилган (“Румузул аҳодис”, 231-бет).

Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан ҳам кўра ҳурматлироқдир. Мўмин банда Аллоҳ таолога муқарраб-яқин фаришталардан ҳам азизроқдир.

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган бу ҳадиси шариф Аллоҳ таоло комил имон соҳибларини баъзи фаришталардан ҳам мукаррам қилганини англатиб турибди.

Зеро, фаришталарда нафс ва шаҳват бўлмаганидек, ҳирс, ҳасад каби хислатлар ҳам йўқ. Шайтони лаъин ҳам уларни йўлдан оздиролмайди. Чунки улар нурдан яратилган. Ҳолбуки, инсон ундай эмас. Инсонни бир тарафдан нафси, иккинчи тарафдан шаҳвати, ҳирси, учинчи тарафдан ҳақ йўлдан адаштиришга, жаҳаннамга етаклашга, Аллоҳдан узоқлаштиришга уринадиган шайтонлар, мунофиқлар, ҳасадгўйлар, кофирлар қамраб олган. Улар билан бўлган курашларда ғолиб чиққан банданинг мукофоти, ҳеч шубҳасиз, фаришталарнинг баъзиларидан ҳам мукаррам ва афзал бўлишдир. Шунинг учун Аллоҳнинг хос мўмин бандалари фаришталар авомидан афзалдир, дейилади.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар мўминлар гуноҳ қилмаганида, само мулкидаги фаришталар каби учган бўларди”. Лекин Ҳақ таоло гуноҳлари туфайли уларни бундан ман қилди.

Муҳиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ҳақойиқи олам инсонга оиддир. Инсон оламдан фақат кичиклиги билан ажралиб туради. Бу олам асли икки қисмдан иборат бўлиб, бири камолотни қабул этмагани учун яратилгани бўйича қолган, бири эса камолотни қабул қилди ва бунда Ҳақнинг Жалол ва Жамол сифатлари тажаллий этади, шу боис, у Аллоҳ учун ҳар ҳолатда мукаррам ва афзалдир”, деган.

Демак, ҳадиси шарифдан биламиз, кучли мўмин ўзининг қилган амаллари, Аллоҳ ва унинг расулига бўлган имони туфайли улуғ мартабаларга эришади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм