Мақолалар

Абдураҳмон ибн Авф

Чоп этилди Iyun 5, 2019 Абдураҳмон ибн Авфda fikr bildirishni o'chirish

У Исломга биринчи бўлиб кирган саккиз мусулмоннинг бири эди… У тириклигидаёқ жаннат башорати берилган ўн саҳобийнинг бири эди… У Умар ибн Хаттоб халифаликка сайланаётганда олти шўро аъзоси сафида бўлган эди… У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида Мадинада фатво бера оладиганларнинг бири эди… Уни жоҳилият пайтида Абдуамр деб аташарди. У мусулмон бўлганида Фахри коинот унга Абдураҳмон деб исм қўйдилар. Шундай қилиб, у Абдураҳмон ибн Авф номи билан Ислом тарихида машҳур сиймолардан бирига айланди… Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан олдин, Абу Бакр Сиддиқдан икки кун кейин мусулмон бўлган. Бошқа саҳобалар каби унинг бошидан ҳам кўп машаққат ва қийинчиликлар ўтди. Бироқ у ҳам барча синовларга мардона дош бериб, чин иймон соҳиби эканини тасдиқлади. Бошқа мусулмонлар қатори Ҳабашистонга сафар қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ва асҳобларига Мадинага кўчишга изн берилганида уларнинг энг аввалги сафида Абдураҳмон ибн Авф ҳам бор эди. Мадинага келиб жойлашишганидан сўнг Сарвари олам маккаликлар билан мадиналикларни ака-ука тутинтириб қўйдилар. Абдураҳмон билан Саъд ибн Робиъ ал-Ансорийни тутинган ака-ука, деб эълон қилдилар. Шунда Саъд янги укасига бундай деди: – Эй ука, мен Мадинадаги энг бой одамман, иккита боғим бор. Бундан ташқари, хотиним ҳам иккита. Боғларимдан хоҳлаганингни танла, қайси бири ёқса сенга берай… Хоҳласанг, хотинларимдан сенга ёққанини талоқ қилай, унга уйлан. Абдураҳмон унга миннатдорчилик билдириб, «Аллоҳ молинг ва бола-чақангга барака берсин, сен яхшиси менга бозорнинг қаердалигини кўрсатиб қўй», деди. Саъд Абдураҳмонга бозорни кўрсатиб қўйди. Абдураҳмон тижоратини бошлаб юборди. У ҳалол савдо қилар, тушган фойдадан уйланиш учун маҳрга пул ажратар эди. Кўп ўтмай у уйланди ва ҳамма ёққа хушбўй атир ҳидини таратиб, Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келди. – Нима бўлди, эй Абдураҳмон? – Расули акрам таажжубланиб сўрадилар. – Уйландим…– деди у ийманибгина. – Хотинингнинг маҳрига нима бердинг? – сўрадилар Фахри коинот. – Данакча келадиган олтин. – У ҳолда бир қўй сўйиб тўй қил, – дедилар у Зот ва ортидан «Аллоҳ молингни баракали этсин», деб дуо қилдилар. Абдураҳмон шундай хотирлайди: «Шу дуодан сўнг мол-дунё ортимдан эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бирор тошнинг тагини кўтарсам, албатта, ё олтин, ё кумуш топардим». Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом қўшинни сафарга жўнатмоқчи бўлдилар. Саҳобийларга: «Аскарларнинг от-улов, қурол-яроғ ва йўл озуқаси учун ёрдам қилинглар», дедилар. Бу чақириққа биринчи бўлиб Абдураҳмон ибн Авф қўшилди. Уйига кетди ва тезда қайтиб келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули, менда тўрт минг динор бор эди, ярмини Аллоҳ йўлида қарз бераман, қолган икки мингини бола-чақамнинг нафақаси учун қолдирдим, – деди. Фахри коинот: «Аллоҳ берган молингга ҳам, бола-чақанг эҳтиёжи учун қолдирган молингга ҳам барака ато этсин», деб дуо қилдилар. Табук юриши чоғида ажойиб бир воқеа содир бўлди, Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авфни бирорта мусулмонга насиб этмаган шарафга эриштирди. Намоз вақти кириб қолди, лекин Пайғамбар алайҳисалом ҳадеганда келавермадилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошлади. Ҳали биринчи ракат тугамай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намозхонлар сафига қўшилдилар ва Абдураҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намозни адо этдилар. Башарият саййиди, Пайғамбарларнинг имоми Муҳаммад ибн Абдуллоҳга имом бўлишдан ортиқроқ шон-шавкат бормикин? Сарвари олам вафотларидан кейин Абдураҳмон ибн Авф у Зотнинг покиза завжалари хизматида бўлди. Уларнинг барча ҳожатларини сидқидилдан бажарар, сафарга боришса, кузатиб чиқар, ҳажга боришса, бирга ҳаж қилар эди. Туялари устига тахтиравон ўрнатиб берар, дам олишга тўхташганида имкони борича қулай шароит туғдириш пайидан бўларди. У мусулмонларга, хусусан, мўминларнинг оналарига жуда меҳрибон эди. Бир гал ўзига қарашли бир ерни қирқ минг динорга сотиб, пулини Расули акрамнинг оналари Омина бинти Ваҳб қабиласига, фақир мусулмонларга, Маккадан Мадинага кўчганларга, Пайғамбар алайҳиссалом аёлларига тақсимлаб бердилар. Оиша онамизга улушларини олиб келишганида буни ким бериб юборганини сўрадилар. «Абдураҳмон ибн Авф», деган жавобни эшитгач: «Аллоҳнинг Расули мендан кейин сизларга фақат сабр-бардошли кишиларгина меҳрибончилик қилишади», деган эдилар», деб қўйдилар. Абдураҳмон ибн Авф бутун умри давомида Пайғамбар алайҳиссалом дуоларининг баракотини ҳис қилиб юрди. У саҳобаларнинг энг бойига, Мадинадаги энг кўп мулк эгасига айланди. Тижорати ақл бовар қилмайдиган даражада кучайиб кетди. Унинг етти юз, саккиз юз туяли карвонлари тинимсиз шаҳарга дон-дун, ун, мой, кийим-кечак, идиш-ашёлар, халққа керакли бошқа молларни етказиб келар, мадиналиклардан ортганини бошқа шаҳарларга олиб бориб сотарди. У шунчалик катта давлат эгаси бўлишига қарамй, қўли очиқ, ниҳоятда сахий одам эди. Молини ҳеч кимдан аяб ўтирмас, муҳтожларга ҳамиша ёрдам қилар, сўрашдан уялганларга пинҳона кўмак берар эди. Ҳатто бир гал қўшинга беш юз отни миндириб юборган бўлса, бир гал мингта туяни эҳсон қилиб юборди. Абдураҳмон ибн Авф ўлими соати яқинлашганини сезиб, қўл остидаги кўплаб қулларни озод этди. Бойликларининг катта қисмини Ислом равнақи йўлида фидойилик кўрсатганларга, мўминларнинг оналарига васият қилди. Қонуний меросхўрларига ҳам саноғига етиш мушкул бўлган беҳисоб мол-мулк қолдирди. Ҳеч шубҳа йўқки, буларнинг ҳаммаси Сарвари олам дуоларининг баракотидан эди. Аммо бунча катта миқдордаги бойлик ва моллар Абдураҳмон ибн Авфни ром қилиб, тузоғига илинтира олмади. Одамлар уни қўл остидагилари билан бирга кўриб, ким хожа-ю, ким қул − асло ажрата олишмасди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг тоғаваччалари Саъд ибн Абу Ваққос бошлиқ мусулмонлар уни сўнгги манзилига кузатиб қўйишди. Жанозасини икки нур соҳиби Ҳазрати Усмон ўқидилар. Азадорлар сафида қаттиқ қайғуриб турган Ҳазрати Али: «Сен бу умматнинг улуғларидан эдинг, Аллоҳ раҳматига олсин», деб дуо қилди.

Абдураҳмон Раъфат Пошонинг

«Пайғамбар саҳобийлари қиссаси» китоби асосида Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади