Мақолалар

ИЛМУ ҲУНАР ЎРГАТИНГ

Чоп этилди Iyun 6, 2019 ИЛМУ ҲУНАР ЎРГАТИНГda fikr bildirishni o'chirish

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадис­да Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)бундай деганлар:

“Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқ­ларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳол­ла­рида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маъ­лум­­ки, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алай­ҳис­салом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темир­чи­лик, Идрис (алайҳиссалом) эса хаттотлик билан шуғул­ланганлар.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз кас­бининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга таал­луқли илмни мукаммал ўзлаш­тирмоқ керак. Касби­га муҳаббатли инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки ро­ҳатланади. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳаса­нотлар берили­шига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

“Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган таш­вишгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қил­ганлар.

Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоб­лар ваъда қилинган даражаларга эришиши мумкин. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисла­ри­нинг бирида:

“Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қил­ганлар (Имом Бухорий ривояти).

Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Бу одат бошқа халқларда учрамайди десак, муболаға бўлмас. Истиқлол шарофати билан бугун она заминизда сертароват, жаҳон андоза­ларига тўла мос ке­ладиган юзлаб касб-ҳунар коллеж­лари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва технологияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муасса­салари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб, талабаларга тақдим этилди. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир.

Мана шундай юксак эътиборнинг қадрига етиб, ўз вақ­ти­да чуқур илм эгаллаб, мен албатта келажакда элимга, юр­тимга хизмат қиламан, деб ҳаракат қилиш ҳар бир ўқув­чининг асосий мақсади бўлмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчамизнинг фарзандларимиз салоҳи­ятли ва комил инсон бўлиб улғайишида ўзи мадад­кор бўлсин.

Сиз билан биз, ота-оналар, мурғак чақалоқла­ри­мизни эркалаб, ардоқлаб ўстирар эканмиз, фақат уларнинг жисмоний соғлиғи, моддий таъминоти тўғр­исида эмас, балки маънавий бойликларини, инсоний фази­­латларини баркамол қилиш тўғрисида ҳам қайғу­ри­шимиз керак бўлади.

Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган ҳар қандай инсон, албатта, маълум миқдорда одамийлик хусусият­ларига ҳам эга бўлади.

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарздир. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти «Ўқи!» деган амр бўлган эди. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Бешикдан қабргача илм изла», деб таълим берганлар.

Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига илм излашни, илм ўрганишни буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оят­лари бунга далолатдир:

 «…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми…?!»  деб илму фанга тарғиб қилади (Зумар, 9).

Аллоҳ таоло илм аҳлларини фаришталар қатори зикр этиб, бундай хабар беради:

«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳ­лик беради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам…» (Оли Имрон, 18).

Аллоҳ таоло олимлар билан илмсиз кишиларнинг фар­қи катта эканини зикр этиб, бундай марҳамат қи­лади:

 «Айтинг! (Эй Муҳаммад),биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми…?!» (Зумар, 9).

Улуғ Аллоҳ таоло яна хабар беради: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (ба­ланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…» (Му­жо­дала, 11).

Яна Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:

«Бандалари орасида Аллоҳдан уламолар­ги­на қўрқарлар…» (Фотир, 28).

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам умматларига мурожаат қилиб:

Яъни: «Илм Хитойда бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслимнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) «Саҳиҳ»ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Суфёндан (розияллоҳу анҳу) ривоят этил­ган бўлиб, унда Муовия айтадилар: «Мен Расулул­лоҳ­нинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди”, деганларини эшитдим».

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят этилади. У зот айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): «Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи даража вакилига нис­батан фазлим кабидир», деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (алайҳиссалом): «Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг ма­лоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумо­ли ва ниҳоят, денгиздаги кит ҳам одамларга яхшилик ўр­гатувчи пайғамбарлар меросхўри бўлган олимларни дуо қилишади», дедилар».

Шунингдек, илм ҳақида Аваз Ўтар бундай деган:

Ҳар муроду мақсадингга етмоқ истарсан мурод,

Кўз очиб бедор бўл, даркор илм, даркор илм.

Илм фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Фарзи айн – ҳар бир киши ўрганиши шарт бўлган илмлар. Фарзи кифоя – бир гуруҳ кишиларнинг ўрганиши билан бошқалардан соқит бўладиган илмлар. Инсоннинг дунё ҳаётидаги ишларини бажаришда керак бўладиган барча илмлар фарзи кифоядир. Масалан, тиб илмини олайлик. Бу илм инсон жисмининг соғ-саломат бўлишида зарур саналади. Яна ҳисоб илми ҳам худди шу каби, мерос ва васиятларни тақсимлашда ҳамда дунё тараққиётига сабаб бўладиган бошқа илмларни ўрганишда ниҳоят даражада керакли илмлардандир.

Ушбу илмларни жамиятдаги маълум тоифа инсонлар ўқиб-ўрганиб, улар  билан шуғулланишмаса, бошқа барча инсонлар тўғри йўлдан адашишади, қийинчиликка тушиб қолишади. Агар бир юртда табиб бўлмаса, фуқа­рола­ри касалликка чалинишлари, ҳатто ўлиб кетишлари мумкин. Ҳисоб илмини биладиган кишилар бўлмаса, бу юрт тараққиётдан орқада қолади, кишилар ўртасидаги савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатлар издан чиқади, мерос илми билан шуғулланиш имкони ҳам йўқолади.

Худди шунингдек, иқтисодиётнинг, касб-ҳунарнинг бошқа турли йўналишлари ҳақидаги илмлар, масалан, деҳқончилик, тикувчилик, ҳатто ҳижомат, яъни қон олиш ҳам фарзи кифоядир. Агар бирон-бир ерда қон олувчи топилмай қолса, ўша жой аҳли ҳалокат ёқасига келиб қолади. Зеро, дардни берган Парвардигор давосини ҳам бериб, унинг йўлини ҳам кўрсатган. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасидаги барча да­қиқ илмлар – кибернетика, дақиқ ҳисоблар мажмуаси, заррашунослик, ирсиятшунослик ва шу каби илмларни ҳам фарзи кифоя даражасида билиш­лари зарур бўлади.

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ ҳисобланади. Масалан, шеърият, тарих илмларини ўрганишга ҳеч бир монелик йўқ. Лекин баъзи бир илмлар, масалан, сеҳр-жоду, кўзбойлаш, гипноз, башоратгўйлик кабилар билан шу­ғул­ланиш номақбулдир. Чунки Аллоҳ таоло:

Яна, ! (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шай­тонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Су­лаймон кофир бўлмади, лекин одамлар­га сеҳр (жоду)­ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришта­ларга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтон­лар кофир бўлдилар. (У икки фаришта): «Биз фақатги­на синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!» – деб (огоҳлан­тирмагунча) ҳеч кимга(сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳ­нинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмас­лар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқли­гини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (наси­ба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юбор­ган­ларини билсалар эди!» (Бақара, 102) деб сеҳрни ўрганганларни танқид қилган.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг «Иҳёу улумид-дин» китобида бундай дейди: «Илм иккига бўлинади: биринчиси фойдали ва иккинчиси зарарли илмлар. Биринчи­си инсониятга манфаат етказадиган илмлар бўлиб, бу ҳам иккига – шаръий ва дунёвий илмларга бўлинади. Зарарли илмлар эса, сеҳргарлик, ўғрилик кабилардир.

Фойдали илмларнинг биринчиси пайғамбарлардан кел­ган шариат илмидир. У фақатгина муқаддас китоб­лар­ни ўқиш ва ёд олиш орқали эгалланади.

Дунёвий илмлар эса ақл ва тажриба туфайли эгал­ла­нади. Улар тиббиёт, саноат, тикувчилик каби илмлар­дир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларни осуда ҳаёт кечи­ришга, ўзларининг саломатликлари қўриқчиси бўлиш­га буюрган. Бу касбларнинг эгаларисиз жамият соғлом ва осуда бўла олмайди, балки таназзул, ҳало­катга юз тутади».

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлаш­га мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, эҳсон-нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради», деганлар.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалб­ларни ҳам илм-ҳикмат нури билан тирилтиради».

Бир куни Фатҳ Мусалий: «Касалга сув, овқат берил­маса, у ўладими?» деб сўрабдилар. Атрофида­гилар: «Ҳа, ўлади», дейишибди. Шунда Фатҳ: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади», деган эканлар.

Муоз ибн Жабалнинг (розияллоҳу анҳу) мана бу сўзла­ри илмнинг фазилатига энг яхши далиллардандир: «Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандлигу хафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир».

Демак, ҳар бир мусулмон фарзанди аждодларнинг ўгитларига, уламоларнинг тавсияларига амал қилиб, илм ўрганишга бор куч-ғайратини сарфлаши, ўрганган ил­мига амал қилиш пайида бўлиши зарур. Шундагина у Аллоҳ розилигини топади, имонини мустаҳкамлайди, икки дунё саодатини қўлга киритади.

Шунинг учун ота-онанинг фарзанд олдидаги энг му­ҳим бурчларидан бири унинг ёшлигидан бошлаб илм олишига қулай шароит яратиб беришлари, улғайган сари ўзига муносиб бирор касбу ҳунар танлашга йўл кўрсатиб боришларидир. Ҳаммасидан ҳам муҳими – илму ҳунар ўрганиш билан бирга ахлоқ ва одоб фазилатларини тобора кўпроқ эгаллаб боришларида барчамиз ўз фарзанд ва набираларимизга яқиндан кўмаклашишимиз лозим бўлади. Аллоҳга шукрки, юртимизда илм-маърифат ва касб-ҳунар ўрганиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: «Илмни талаб қилиш фарз бўлганидек, касб-ҳунарни талаб қилиш ва уни эгаллаш ҳам фарздир».

Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва рўзғор анжомлари, поклик воситалари, либосга ҳамиша эҳтиёж сезилади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади. Аввал айтганимиздек, ўтган барча пайғамбарлар ва элчилар бирон касб-ҳу­нар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечиришган. Одам (алай­ҳис­салом) буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, те­гирмондан ўтказиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгор-уста бўлганлар. Иброҳим (алай­ҳис­салом) баззозлик қилганлар. Довуд (алайҳис­са­лом) совут, Сулаймон (алайҳиссалом) чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё (алайҳиссалом) наж­жор­лик қилганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис­салом) эса қўй боққанлар. Барчалари ўзлари қилган касблари­дан ризқланиб, ҳалол-пок ҳаёт кечиришган.

Ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб кел­ди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан сўра­дилар: «Уйингда бирон нарсанг борми?» У: «Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир иди­шимиз бор», деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Икковини келтир!» У киши айтган нарсасини олиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва: «Буларни ким сотиб олади?» дедилар. Саҳобалардан бири: «Мен уларни бир дирҳамга оламан», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча бор: «Ким бунинг устига зиёда қилади», дедилар. Бошқа бир саҳоба: «Мен уларни икки дирҳамга оламан», деди. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб, ансорийга бериб дедилар: «Бир дирҳамга таом сотиб олиб, аҳли аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел», деб амр қилдилар. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларини бажариб, болта сотиб олиб, ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қўллари билан болтага соп ясадилар ва уни кишининг қў­лига бердилар-да: «Энди бориб, ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин», дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу маблағнинг бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!» дедилар. Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар: «Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг сабабли қиёмат куни юзингда доғ бўлади».

Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол касб-ҳунар билан кун кечиришга ва шу туфайли топилган энг яхши нарсалардан эҳсон қилишга буюради:

«Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзин­гиз­ни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нар­саларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Бақара, 267).

Машҳур муфассир Имом Бағавий бундай дейди: «Бу оятнинг маъноси касб-ҳунар билан топилган нар­са­лар­нинг энг яхшисидан нафақа-эҳсон қилинглар», демакдир.

Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имоми Аъзамнинг шогирдлари Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) «Китоб ал-иктисоб»(«Касб-ҳунар китоби») асарини ёзиб, бу борадаги динимиз таълимоти асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди.

Жамиятга табиб, қурувчи, тўқувчи, муаллим, Ватан ҳи­моячиси, қурол ясовчи уста, машина ҳайдовчи, нов­вой каби касб эгалари ҳамиша зарур. Тарихдан маълум­ки, қайси жамият замонавий илмлардан орқада қолган бўл­са, албатта инқирозга учраган, келгинди босқин­чи­ларга қарам бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алай­ҳис­салом) шунинг учун умматга: «Фарзандларин­гизни сувда сузишга, отда чопишга, камон отишга ва қурол ишлатишга ўргатинглар», деб буюрганлар. Фахри кои­нот­нинг ўзлари аскарларнинг машқларини кузатган­лар, мусулмон фарзандларини бошқа халқлар тилини ўр­ганишга ундаганлар.

Динимиз инсонларни ҳалол меҳнат, касб-ҳунар билан турмуш кечиришга чақирган. Дангасалик, ишёқ­маслик, бекорчилик, нопок йўллар билан тирик­чилик қилиш Исломда қаттиқ қораланган. Ўтмишда момо­ларимиз эр­ларини пул топиб келишга жўнатишиб, фақат ҳалол йўл билан, меҳнат орқали ризқ-насиба топишни тайин­лаш­ган ва: «Биз йўқчилик ва очликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз», деб насиҳат қилишган.

Болаларга ёшлигидан бирор касб-ҳунар ўргатиш ота-онанинг муҳим вазифасидир. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий бир достонининг қаҳрамони тилидан:

Ҳунар­ни асрабон неткумдир охир,

Олиб туфроққаму кеткумдир охир,

деб бежиз ёзмаган. Атоқли шарқ шоири Низомий Ганжавий: «Ўқиб-ўрганилган ҳар битта ҳунар ҳунар­мандга бир кун фойда келтирар», деб ёзганида минг бора ҳақ эди. Яна ҳикматлардан бирида: «Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир хавф-ха­тари бўлмайди. Шунинг учун ки­ши ҳунар зийнати билан безанмоғи керак», дейилибди. Яна Алишер Навоий хазратлари: «Йўқ ҳунари ёлғиз эрса киши, қайда киши сонида ёлғиз киши», деганлар.

Халқимиз меҳнатсеварлиги, ғайрат-шижоати, ҳунар­мандлиги билан ном чиқарган. Ота-оналар фарзанд­ларини кичиклигиданоқ бирор машғулот билан шуғул­лантирадилар ёки ҳунар ўргатиш учун бирор ҳунарманд устага шогирд қилиб беришади. Қизларимизга ҳам ёш­лиги­дан чеварлик, пазандалик, уй тутиш, бола тарбия­лаш, ўзига оро бериш каби юмушлар эринмай ўргати­лади. Токи, борган ерларида эпли-шудли эканликларини кўр­сатсинлар, янги рўзғор­ларида қийналиб қолма­синлар, ҳаётлари фаровон, оилалари тўкин бўлсин, деган ниятда шундай йўл тутилади. Момоларимиз азал-азалдан чевар­лик, тўқув­чилик, мазали таомлар тайёр­лаш, зар­дўзлик, каштачилик ва бошқа ҳунарлар бобида ном чиқаришган. Қизларини ҳам турмушга узатиш олдидан бир неча ҳунар эгаси қилиб тарбиялашган.

Ўн тўққизинчи аср охири ва йигирманчи аср бошларида яшаб ўтган таниқли олим ва маърифатпарвар Алий Назимонинг Марказий Осиёда катта шуҳрат қо­зонган ва мактаб-мадрасаларда дарслик сифатида ўқи­тилган «Таълими банот» («Қизлар тарбияси») кито­бида қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Ёш қизларга таълим-тарбия беришда улар учун ниҳоятда керакли, ўрган­масликнинг асло иложи бўлмаган фан қўл ҳунарлари фанидир. Энг юқори билим ва маълумот ҳам бу фаннинг ўрнини боса олмагани боис ёш хоним-қизлар бу фанни ўрганишга тиришишлари лозим. Қўл ишларига уста бўлган аёл қўлларининг моҳирлиги, чапдастлиги сабабли адабу иффат ичида тирикчилигини қила олади. Бой оилаларнинг хонимлари қўл ҳунари орқасида хуш ва ҳузурли вақт ўтказишади ҳамда муҳтожларга ёрдамлар кўрсатиб, одамийликда бўлурлар. Игна бир тўғри ва чин дўст бўлиб, кўп вақтда юрт халқининг ёрдамчиси ва энг қимматли қуролларидан биридир. У ёлғиз вақт­ларда юпанч бўлиб, ғам-қайғуни даф қилади, яхши ишларни рўёбга чиқаради, керак бўлганда фақирлик ва муҳ­тож­ликка қарши курашади. Қўл ҳунарларини кичкина ёшдан бошлаб тартиби ила ўргатиш лозим».

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм