Мақолалар

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Тўртинчи мақола)

Чоп этилди Dekabr 28, 2018 No Comments

Сув

Рамазон ойи иссиқ кунларга тўғри келган йилларда рўзага ният қилган одам ариқдан оқаётган сувга разм солса, жилдираб оқаётган сувнинг ҳар бир томчиси унинг кўзига марварид донасига ўхшаб кўринади. Рўза тугаганидан сўнг эса, яна ҳамишаги оддий сув бўлиб қолаверади. Нега бундай бўлиши ҳаммага аён – ўша вақтда одамнинг нафси сув ичишни истаб, танаси ушбу беқиёс неъматдан баҳра  олишга кучли эҳтиёж сезиб турган бўлади…

Биз нега сувга бунчалик эҳтиёжмандмиз? Негаки, Раббимиз тупроқдан бўлган танамизга сув қўшиб лойимизни қориган. Шу ҳисобда қонимизнинг  80 фоизи, суягимизнинг 50 фоизи сувдан иборат. Қачонки танамиздаги ана шу миқдордаги сув буғланиш натижасида камайиб қолса, мадоримиз қурий бошлайди.

“Сув – сенинг на таъминг, на рангинг, на ҳидинг бор, сени тассавур қилиш ҳам қийин. Сенинг нималигингни билмай туриб  лаззат олади одам. Сен нафақат яшаш учун зарурсан, сен ҳаётнинг ўзисан. Сендан бутун мавжудот баҳра олади. Сен куч ва жисмимизни қайта тиклайсан. Сенинг меҳрибонлигинг ила сўнган юрак чашмаси яна қайта эшик очади”, деб ёзган эди француз ёзувчиси Антуан де Сент Экзюпери.

Илло, сув фақат ичилиб, чанқоқ босадиган неъмат эмас, у биз ҳатто номларини ҳам билмайдиган даражада кўп неъматларни етиштиришга асос бўладиган воситадир. Мана бу йил далаларимизда лалми экинлар, полиз маҳсулотлари, республикамиз шимолида эса гуруч бўлмади. Чунки сув йўқ.

وَهُوَ الَّذِيَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ نَبَاتَ كُلِّ شَيْءٍ فَأَخْرَجْنَا مِنْهُ خَضِراً نُّخْرِجُ مِنْهُ حَبّاً مُّتَرَاكِباً وَمِنَ النَّخْلِ مِن طَلْعِهَا قِنْوَانٌ دَانِيَةٌ وَجَنَّاتٍ مِّنْ أَعْنَابٍ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُشْتَبِهاً وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ انظُرُواْ إِلِى ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَيَنْعِهِ إِنَّ فِي ذَلِكُمْ لآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик: Ундан яшил гиёҳлар чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир” (Анъом сураси, 99-оят).

Узумзор боғлар, зайтунзорлар, хурмозорлар… уларнинг барча-барчаси осмондан сув тушириб қўйган Зотнинг бандаларига сувни сабабчи қилиб бериб қўйган неъматларидир. Шунинг билан бирга сув ёзда салқин қилса, қишда иситади.

Сув ёнади. Шу гапга ишонасизми? Масалан, ерга бир дарахт экилса, ўша дарахт сув ичиб ўсади. У ердан куч олгани билан танасига бир нарса сингдириб олмайди. Агар ҳар бир дарахт ердан танасига бирор нарса сингдириб олганида шу вақтга қадар ер жуда ҳам чуқурлашиб кетган бўлар эди. Аксинча, дарахт ерни барглари тўкилиши ҳисобига бойитади. Шунинг учун ҳам ўрмонларнинг ерлари ўсувчи ер саналади.

Хуллас, сув ичиб каттарган дарахтни қишда печкага ёқамиз, тўғрими, ана ўша олов деярли юз фоиз сувдан ташкил топган. Агар дарахт кесилиб олмасдан йиқилиб ўша жойида қолиб кетса, вақти келиб ундан кўмир ҳосил бўлади. Демак, кўмир ҳам сув. (Лекин на қуриган дарахтни, на кўмирни кўрган одам унинг сув эканига асло ишонмайди).

Бундан аён бўладики, Аллоҳ таоло бандаларининг тириклигига, Ер куррасидаги ҳаётнинг бардавом бўлишига сувни сабабчи қилиб қўйган.

Ушбу бебаҳо неъматнинг шукронасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сувни Ўз раҳмати билан чучук қилиб қўйган, гуноҳларимиз сабабли шўр ва аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деган дуони ҳар доим ўқиб юрганлар.

Дунёнинг ўзини фоний қилиб қўйган Раббимиз унинг асоси бўлган неъматларни ҳам ўлчови билан яратиб, бундан бандаларини

وَالَّذِي نَزَّلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً بِقَدَرٍ فَأَنشَرْنَا بِهِ بَلْدَةً مَّيْتاً كَذَلِكَ تُخْرَجُونَ

У зот осмондан ўлчов ила сув туширди. Бас, Биз у(сув) ила ўлик юртни тирилтирдик. Сиз ҳам шунга ўхшаш чиқарилурсиз (Зуҳруф сураси, 11-оят), дея хабардор қилиб қўйган.

“Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматини қаранг, У табиатдаги сув айланишини ҳам аниқ меъёрга солиб қўйган. Мутахассислар ҳисобича, Ер сатҳидан бир сонияда 16 миллион тонна сув буғланади, бу миқдор йилига 505 триллион тоннага етади. Энг қизиғи, Ерга ёғадиган ёмғир миқдори ҳам айнан шунчани ташкил этар экан. Демак, табиатдаги сув айланиши бир хил меъёрда ва миқдорда давом этади” (Исҳоқжон Бегматов. Обиҳаёт. islom.uz, 06.04.2017).

Буни қарангки, заминимизга ҳар йили 505 триллион тоннага ёмғир-қор ёғар экан, бизнинг эса истеъмолимиз йилдан йилга ортиб бормоқда. Энг аянчлиси, инсоният ўзининг тириклик манбаини йилдан йилга бой бериб бораётганини англаб етмаяпти.

Ер куррасидаги сувнинг 96 фоизини океан ва денгизлар шўр суви, атиги 3 фоизини чучук сув захираси ташкил этишини била туриб ҳам ичимлик сувини тежаш масаласи фақат қоғозларда қолиб кетяпти, Шу кетишда давом этсак, яқин йигирма беш йил ичида дунёдаги чучук сув захираси яна икки баробарга қисқариши мумкин.

Буюк Британия ҳукуматининг етакчи илмий маслаҳатчиси Жон Беддингтон фикрича, чучук сув етишмаслиги яқин ўн йил ичида энг кескин муаммо тусини олади. Унинг тахминича, 2025 йилга бориб 51 фоиз давлатда сув ўта камёб неъматга айланади. Улар сирасига Буркина-Фасо, Хитой, Камерун, Доминикан, Эфиопия, Гана, Ҳиндистон, Эрон, Луанда, Лесото, Мавритания, Нигерия, Покистон, Перу, Судан, Сурия, Танзания, Того, Уганда, Зимбабве ва бошқа давлатлар киради. Аниқроқ қилиб айтганда, чорак асрдан сўнг Африка қитъаси сувсизликдан бутунлай қийналиб қолади.

Айни кезларда Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларида сувнинг нархи бензиникидан қиммат.

БМТ маълумотига кўра, сув билан боғлиқ учи-қуйруғи йўқ низолар сони 300дан ортиб кетди. Сўнгги ярим аср мобайнида турли мамлакатлар орасида сув захираларига доир 500дан ортиқ баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди ва бу келишмовчиликларнинг йигирматаси ҳарбий тўқнашувлар билан якунланди.

Ичимлик сувининг ифлосланиши оқибатида кўраётган талофатларимиз ҳам унча-мунча эмас, Америкалик мутахассислар Lancet журналида эълон қилган ўша ҳисоботда сувнинг ифлосланиши 1,8 миллион ўлимга сабаб бўлгани айтилган. Сувнинг ифлосланишидан энг кўп қашшоқ давлатлар жабр кўраётир ва ушбу ўлим ҳолатларининг 92 фоизи ўша мамлакатларда юз берган. Ҳиндистон  ва Хитой каби ривожланаётган давлатлар эса сувнинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлим борасида 5-, ва 16-ўринни эгаллаб турибди.

Мутахассислар ривожланиш йўлидаги мамлакатларда касалликларнинг 80 фоизига сабаб қилиб, тоза ичимлик суви таъминотини қониқарли эмаслиги кўрсатмоқда. Африка давлатларида ҳар йили 25 миллион кишининг юқумли касалликлардан вафот этишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлмоқда.

Аҳоли кўпайиши, янги экин ерлари ўзлаштирилиши, янги-янги саноат корхоналари, ГЭСларнинг барпо этилиши ва ҳоказолар чучук сувга бўлган талабни кескин ошириб юборади. Сувнинг миқдори эса аниқ ўлчанган – йилига 505 триллион тонна.

Энг даҳшатлиси, сув ўрни қопланмайдиган неъматлар сирасига киради. Сувнинг ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Инсон танасининг асоси эса сувдан иборат.

Ўтган эллик йил ичида қанчадан-қанча зилол сувли анҳорлар, чашмалар қуриб кетганига бугунги катта авлод ўз кўзлари билан гувоҳдир. Бугунгача сақланиб қолганларини ҳам одамларнинг ўзлари заҳарли сувга айлантириб қўйди. Бир неча йил бурун йўлда юриб бораётган одам йўлида учраган ариқдан энгашиб сув ичиб кетаверар, болалар қўлидаги нони ариқдаги сувга оқизиб ўйнаб ер эди. Энди эса ариқни кўрган одам афтини буриштириб, юзини тескари ўгириб оладиган бўлди. Ариқ сувининг шундай аҳвол келиб қолишига ариқ айбдорми, одамми?

Бош Қомусимизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб кўрсатилган.

Демак, сувни исроф қилмаслик диний-миллий тарбиямиз бўлиш баробарида конституциявий бурчимиз ҳам экан.

Сув масаласи дунё халқининг энг ўткир муаммоси бўлиб қолди ва бунга инсониятнинг ўзи сабабчидир. Бу муаммони бартараф этиш учун эса Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўргатганидек, кўпдан-кўп истиғфор айтмоғимиз лозим. Зотан, Аллоҳ таоло муборак Каломида:

فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّاراً

يُرْسِلِ السَّمَاء عَلَيْكُم مِّدْرَاراً
وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَاراً

“Бас, ўз Раббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим.  У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар), деб истиғфор айтган қавмнинг устига кетма-кет барака ёмғирини ёғдиришининг хабарини бериб қўйибди.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan