Мақолалар

ҚУРЪОН ЗИЁФАТИ ҚОЛДИРИЛДИ…

Чоп этилди Dekabr 28, 2018 No Comments

Бу воқеанинг бўлганига ҳам 11 йилдан ошди. Ўша кезлар мен Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси эдим. Бир вақтнинг ўзида Олмазор туманидаги “Имом ат-Термизий” жоме масжидида имом ноиби бўлиб ишлардим.

Ўшанда Туйғун ҳожи ота (Аллоҳ раҳмат қилсин) деган киши масжид мутаваллиси эди. Кўп ҳамсуҳбат бўлардик. Тақволи, Қуръонни ўрганишга завқи кучли эди. Бир куни намоздан сўнг ёнимга келиб, бир сурани ёд олганини айтди. Кирилл ёзувидаги китобдан ўқигани сабаб талаффузида бир мунча хатоларини сездим. Ўзига айтиб кўнглини ранжитмадим, аммо бир таклиф билдирдим:

– Ҳожи ота, Қуръони каримни аслидан ўқишни ўрганмайсизми? Ёрдам берардим…

Шунда ҳожи ака:

– Буни ўзим ҳам жуда истардим, бироқ 73 ёшга чиқдим. Шу ёшда зеҳним етармикан? – деди.

– Э, ҳожи ота, сиз бошлаб олинг, Аллоҳ таоло сизни зеҳну ғайрат билан қувватлайди, – дея жавоб бердим.

У киши тасдиқ ишорасини қилгандек бошини оҳиста силкитди-да, чиқиб кетди. Эртаси куни намоздан сўнг худди мактаб ўқувчиларидек дафтар-ручка билан мен ўтирган хонага кирди. Дафтарига санани қайд этди. Ўша кундан араб алифбосини ўргана бошладик.

Шу зайлда кунлар ўтди. Дарсимизнинг ўттизинчи куни сира ёдимдан чиқмайди. Туйғун ҳожи ота имло ва талаффузни, ҳарфларни қўшиб ўқишни тугатиб, Қуръонга тушадиган эди. Одатдагидек намозни адо қилиб бўлганимиздан сўнг ёнимга келди. Дарсни бошладим. Ҳожи ота “Бисмиллоҳ” деб Қуръонга тушдилар. Субҳаналлоҳ. Киши Каломуллоҳни ўқиб-ўрганиши учун ёшнинг чегараси ҳеч қандай ўрин тутмаслигига гувоҳ бўлдим. Ёнимда 73 ёшга чиққан нуроний отахон Қуръон ўқирди. Қалби эзилиб кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. У кишининг қувонч кўз ёшларини кўриб севиндим.

Ёнимдан кетаётиб, ҳожи ота сабоқ олишдан олдин қилган нияти ҳақида сўз очди:

– Сиздан дарс олишни бошлаганимда, иншоаллоҳ, Қуръон ўқишни ўрганган куним бир зиёфат қилиб бераман, деб ният қилувдим. Субҳоналлоҳ, Аллоҳ шу кунга етказди. Кечга бизникига албатта ўтинг. Уйда ҳам ўқиб бераман, – деб кўзида ёш билан чиқиб кетди.

Айтилган вақт келиб, шом намозидан сўнг уйига бордим. Қарангки, 73 ёшида Аллоҳнинг каломини ўқишни ният қилиб, 30 кун деганда ўзи мустақил Қуръон ўқиб, қувончдан йиғлаган куни, кечга бориб омонатини топширибди. Эртасига у кишини сўнгги йўлга кузатдик. Қуръон зиёфати эса охиратга қолди!

 

Яҳё АБДУЖАББОРОВ,

Янгиер шаҳридаги «Заҳириддин Муҳаммад Бобур»

жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan