Мақолалар

Эски уй

Чоп этилди Iyun 11, 2019 Эски уйda fikr bildirishni o'chirish

Ёшлигим   бобомларнинг  уйида  ўтган.  Бобом, момом невараларига  ўта  меҳрибон  эдилар.  Улар  яшаган  жойлари  ҳам менга  жуда  қадрдон  бўлиб,  уйлари  оддий:  бир  даҳлиз ва  катта  хонадан  иборат  эди. Олди  қисмидаги айвончанинг  бир  бурчагида  чиройли  қушнинг  уйчаси  – худди  кичкина  косача  ўрнатиб  қўйгандек  турарди.  Момом  унга  ҳеч  кимни  теккизмасди.  Ён  томонида  ўчоқ,  унинг  устида  қора  қозон.  Момом  овқат  тайёрлар,  қора  қумғонни  оловга  яқин қўйса,   чой  ҳам  қайнар  эди. Ўша  даврда  ошхона  вазифасини  бажарган бу бостирманинг учта устуни  теракдан,  томига  шох-шибба  ташланган эди. Остидаги  сўрига шолча  солиниб,  икки  томонида  тўшакча ва  иккита  ёстиқ  қўйилган бўларди. Бобомиз  ишдан  келганда  ёнбошлаб   ёки  суяниб  шу ерда дам  оларди.  Ҳовлининг  ўртасида  бир  туп  нок  дарахти, биз ҳар йили унинг  пишиб  тушишини  интизор кутардик.

Баҳор  келса,  ҳовлида  қалдирғочлар  пайдо  бўлиб  қоларди.  Момом  уларни  меҳмондек  қарши  олар,  худди  тилини  билгандек,  “Яхши  келдиларингми,  уйларинг  сизларни  кутяпти”, дер  эдилар. Қалдирғочлар  баҳор,  ёз  фаслларида  туриб,  икки  ёки  тўртта  бола  очиб,  учирма  қиларди.  Кеч  кузда  иссиқ  томонларга  кетиш  олдидан   ҳовлимизда  гирди-капалак  бўлиб  чириллаб  учишиб, гўё  бизлар билан хайрлашишарди.

Йиллар  тез  ўтиб  кетди. Биз,  болалар  улғайдик,  ўқидик, меҳрибон бобомиз, момомизнинг  қанотлари   остида  учирма  бўлдик. Улар  ёшларини  яшаб,  оламдан  ўтдилар. Амакиларим  биз  учун  жуда севимли бўлган  уйни  бузиб,  ўрнига  ҳашаматли  иморат   қурдилар.  Қалдирғочлар ҳар йилгидек учиб келишди, худди қадрдонларини излаган каби ҳовлида  бир  неча  марта  айланиб,  ўзларини  тўрт  томонга  уриб  кўрдилар. Кейин  тезда  ғойиб  бўлишди.  Улар  бошқа  қайтиб  келмади. Ўшандан  бери  ўйлайман: “Қариси  бор   уйнинг  париси  бор”,  яна “Ҳаттоки қушнинг ҳам уйи бузилмасин”, деб  бежиз  айтишмаган  экан.

 

Фазлиддин  АБДУНАЗАРОВ,

Фарғона  вилояти, Қува  тумани