Мақолалар

Қўшни

Чоп этилди Iyun 11, 2019 Қўшниda fikr bildirishni o'chirish

Тавба, совчилар ҳам қиз ўқишни битиришини кутиб туришган эканми, Нодира ишга жойлашар-жойлашмас эшигига танда қўйишди: “Отангиз қадрдонимиз бўлган, қизингизни берсангиз ҳам, бермасангиз ҳам берасиз,” деб қатнайвериб охири Матюсуфни ва қизини кўндиришди. Тўй бекаму кўст ўтди. Худога шукр, қудалари ҳам, куёвбола ҳам бинойидек. Фақат… шу кунларда беҳаловатлиги сабаби институтни битириш арафасида турган ўғлининг охирги шартнома тўловига пул етказа олмай қолди. Дўппи тор келган маҳал одам етим болага ўхшаб қоларкан. Матюсуф отадан ёлғиз ўғил, ака-укалари бўлганидами… Дўстлари ҳам ўзидан ортмайди. Бирови уй қуриш пайида, бошқаси тўй бошлаб қўйган. Хуллас, минг бир андишаю ҳадик билан Бекмурод дўкондорникига борса…

– Пул бор, – деди у Матюсуфнинг одмигина кийим-бошига бир қур кўз ташлаб,  пештахта орқасидаги оромкурсига чўкаркан.  – Қанча керак ўзи?

– Бир ярим миллион бўлса, етади, – иши битадигандай туюлганидан ҳовлиқиб сўзлади, – ёзда қайтараман, бу йил болам ўқишини тамомлайди.

  • Ҳеч қанча эмас экан, – дўкондорнинг бу сўзи «ма пул» дегандай бўлди. – Бераман, ўн икки фоиз устамаси билан…

Матюсуф, далада трактор ҳайдаб юрган одам, олди-бердининг қоидасини кўп ҳам тушунавермайди. Шунданми, дўкондорнинг гапи мағзини чақаолмай ҳайрон бўлди:

– Устама деганингиз…

  • Устама деганим… Мен сизга бир ярим миллион бераман, – ҳижжалаб тушунтирди Бекмурод ҳиссиз кўзларини Матюсуфга тикиб. – Сиз истаганча фойдаланаверасиз, уч ойми, бир йилми… Шарти – менга ҳар ойда, – дўкондор пештахтадан ҳисоблагични олди, – ҳар ойда, демак… бир юз саксон мингдан тўлаб борасиз. Биринчи ойникини аввалдан оламан…

Матюсуф тахтадай қотиб қолди. Ё тавба, бир юз саксон минг оз пулми? “Мен иложсизликдан қарз сўраб келган бўлсам…”

– Кейин-чи?

  • Кейин “эна пули”ни алоҳида қайтарасиз. Ҳайрон бўлманг, бизнинг ҳам ерда ётган маблағимиз йўқ. Замон ўзгарди, оға, замон! – дўкондор беўхшов ҳиринглади…

Ташқарига чиққан Матюсуфнинг ранги оқариб кетган эди. “Бир туки “қилт” этмай ўн икки фоиз устамаси билан, деди-я. Одамларга не бўлган ўзи? Замон-ку жойида турибди, сенинг феълинг ўзгарган…”

Яхши хабар кутиб ўтирган хотини бу гапдан ёқасини ушлади.

  • Ўлгайман, уялмай-нетмай устамаси бор, дедими?

– Ҳовва. Энди сен кўп қисинаверма, давлинанг чиқиб кетмасин. Бир иложини қилармиз. Мен тоғамдан илтимос қилиб кўраман. Ҳар ҳолда, қариндош одам, йўқ демас. “Еб кетарга” сўрамайман-ку. Нима қилсаям фермер, дасти узун. Фалон гектар ери, пода-пода моли, қўйи бор…

Тоға ҳинд  киноларидаги бойларникига ўхшаш чопоннамо алланарсани кийиб, терлаб-пишганича чой ичаётган экан. “Ассалому алайкум” деб кирган заҳоти Матюсуфнинг кўзи беихтиёр хонтахта устидаги бир даста долларга тушди. Мезбон ўша заҳоти елкасидаги катта сочиқни пулнинг устига ташлади. Шоша-пиша ширинликлару писта-бодом тўла тақсимчаларни меҳмон томонга сурди.

– Кел, жиян, кел, – ўрнидан турмоқчи эди, Матюсуф қўймади:

– Қўзғалманг. Мен кўп ўтирмайман.

Қарз сўраш қийин-да. Минг тоға бўлгандаям, Матюсуф қисинди. Иложсизликдан илтижо оҳангида сўзлади:

  • Тоға, озгина етишмовчилик… Икромжоннинг ўқишига тўлаш учун бир ярим миллион етмай қолди. Шунга…

– Ҳозир ҳаммага қийин, – гапнинг жиловини дарров қўлига олди тоға. – Болаларни ўқитишнинг ўзи бўлмайди, биламан. Бошимиздан ўтган.  Ҳаммага ҳам қийин деганим, масалан, менга ҳам осон эмас, жиян. Эрта-индин экишни бошлаймиз. Ҳали тракторларим тайёр эмас. Запчастнинг баҳоси бозорда  фалон сўм. Ер ҳайдашга қанча солярка кетади, ҳаммаси пул. Бунинг устига рўзғорчилик. Шуларни ўйлаб бошим қотиб ўтирган эдим, гапининг охирида зарда оҳанги сезилди.

Серҳашам айвон илиққина эди-ю, Матюсуф совқотиб кетгандай бўлди. “Ол-а, мен кимга дардимни айтиб ўтирибман. Гапимни тугал эшитмай туриб қўлига рўмол олиб дийдиёсини бошлади-я. Ҳай дариғ, буни қариндошим деб…” Феълининг чатоқлиги ўзига маълум. Тик сўзли, “лов” этиб ёниб кетади. Яна озгина ўтирса қалтис гап айтиб, тоғасининг кўнглини оғритиб қўйиши турган гап.

– Майли, мен борай, – илкис ўрнидан турди  у. Лекин барибир заҳарини сочди. – Сизнинг ҳам аҳволингиз қийин экан…

Ҳовлисига етгунича хаёли минг кўчага кириб чиқди. Биродарларини, қўшниларини бир-бир кўз олдидан ўтказди. Дарвоқе, қўшнилари…  Улар ҳам ошиб-тошиб ётгани йўқ. Айтгандай, Мўминжон муаллим… Рости, шу йигитни Матюсуфнинг жини суймайди. Бўлмаса, беозоргина одам. Тўй-маъракаларда енг шимариб хизмат қилади, муаллимман, деб ўтирмайди. Бироқ одамови, индамас, ўн гапирсанг, бир сўзлайди. Шу бола машина олиш тадоригида юрганмиш. “Бўлди, энди бировга эланиш йўқ.  Одамни ҳеч кимга сарғайтирмасин экан. Сигирни сотаман-у, тўловдан қутуламан. Уч-тўрт ой сут-қатиқ ичмай турсак, осмон узилиб ерга тушмас”.

Бироқ  эрининг бу қароридан Насиба бир сапчиб тушди:

– Қўйинг-э, олдинда ёз, болаларимиз оқсиз ўтирадими?  Ўғлини ўқитаман деб, қўрасида бир бош моли қолмади, деб кулишмайдими?

  • Кулса-кулар. Сигирга мен ҳам ачинаман, иложим қанча. Болангни ўйласанг-чи.

Ҳар қалай, ўғлини эслатгач, Насиба тинчигандай бўлди.  Бугун пайшанба. Бозор куни саҳарлаб сигирни сотадию, Матюсуф енгил нафас олади.

Эртаси куни у долонда йиртилган кавушини тикиб ўтирганди, ҳовлидан сас келди:

  • Матюсуф ака, уйдамисиз?

“Мўминжон муаллим” – овозидан таниди  уни, уч-тўрт кундан бери дили хуфтон бўлиб юрганиданми, қўшнисининг ташрифини хушламади. Лекин сир бой бермади.

– Келинг, Мўминжон.

– Келдим, – қўшнининг қўлида чоғроққина тугунча бор эди. “Пулга ўхшайди”. Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Мезбон чой қуйиб узатди. Мўминжон тўрт  хўплаб,  пиёлани бўшатди-да, гапни чўзиб ўтирмади:

  • Сигирингизни сотмоқчимисиз?

“Ана, харидор ҳам тайёр, – Матюсуфнинг хаёлига шу гап келди. – Молнинг зоти яхшилигини  билади-да, писмиқ. Пулга муҳтожлигим учун роса арзон сўраса керак”.

– Сотмоқчи бўлиб ўтирибман.

– Сотманг!

– Сотманг?.. – ҳайрон бўлди уй эгаси. – Менга қолса-ку, сотмасдим. Бироқ…

  • Сотманг, рўзғорингиз сигирсиз қолмасин. Пул зарур бўлса, мана, мен бераман.

Матюсуф анграйиб қолди. “Нималар бўлаяпти ўзи?” Матюсуф бир муддат сўзлолмай қолди. Томоғига нимадир тиқилди.

  • Мен буни қачон…

Мўминжон шошилиб турган эканми, ўрнидан турди:

– Қисинаверманг, қайтарарсиз. Шошилинч эмас.

  • Сизни машина олмоқчи бўлиб юрибди, дейишганди…

Одамови, камгап  Мўминжон жилмайди. Кулса юзи хушсурат бўлиб кетар экан.

  • Машинани сал сўнгроқ оламан. Аввал сизнинг ишингизни битирайлик.

Матюсуф Мўминжон қандай чиқиб кетганини сезмай қолди. Қувончдан энтикиб турса-да, кўнглининг бир чеккасида хижиллик, хижолатлик бор эди. “Мен гумроҳ Мўминжон ҳақида ёмон хаёлларга борибман-а. Писмиқ, одамови деганим мушкулимни осон қилди”. Ўзини ич-ичидан уришди: “Нодон, ёшинг элликка бориб қолди, ҳалиям ақлинг кирмабди. Қачон яхши-ёмонни ажратадиган бўласан?” Сўнг мижжаларига ёш қуюлиб келди.

Содиқжон ИНОЯТОВ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 9-сонидан