Мақолалар

Инсоний бурч

Чоп этилди Iyun 12, 2019 Инсоний бурчda fikr bildirishni o'chirish

Инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир. Зеро, хотира сабаб ўтмишдан хулоса чиқарамиз, хато ва камчиликларимизни кўриб, келажакда қўядиган одимимизни белгилаймиз. Шу маънода юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни”ни нишонлаш, ўтган аждодларни хотирлаб, динимизда амр этилгани каби уларнинг руҳи покига дуои хайрлар қилиш гўзал анъанага айланди. Аждодларимиз, хусусан қатағон қурбонлари, Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этиб, озодлик йўлида жонларини фидо қилган юртдошларимизни ёд этиб, улардан ўрнак олиш мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли бўлиб турган бугунги замон учун ҳар қачонгидан зарурроқ. Чунки хотира ва қадрлаш ўтганларни эслатади, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Бу куннинг мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Қолаверса, динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуои-хайрлар қилиш ҳам ажри улуғ

амаллардан ҳисобланади. Қуръони карим мусулмонларни ўз ўтмишдошларини хотирлаб,

ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифлаган: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, кейинги келганлар олдин ўтганларни яхшилик билан ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуода бўлиши. Ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, ўтганларимизни қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига дуо қилишимиз ҳам даркор. Зеро, шариатимиз кўрсатмаларига кўра, қабрларни зиёрат қилиш – суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида, марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади (Имом Термизий ривояти).

Ислом шариати бизларга буюрган юқоридаги хайрли амалларнинг барчаси Хотира ва қадрлаш кунида амалга оширилади. Аҳамиятли жиҳати эса уларнинг давлат миқёсида, жамиятнинг бирдамлиги ва тотувлигини таъминлаган ҳолда бажарилаётгани. Яна бир  қувонарли жиҳати, ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан амалга ошириладиган ишлар – ўтган аждодларимизни ёдга олиш, уларнинг хоки поки мангу қўним топган масканлар – қабристонларни обод қилиш, зиёрат этиш, ўтганлар руҳи покларига Қуръон тиловатини бағишлаш билан келажак авлодга инсон қадрининг нақадар улуғлиги, унинг қиммати қилган эзгу амаллари туфайли эканини ўргатамиз.

Абдулатиф ТУРСУНОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 9-сонидан